ИИВ Тошкент ва бошқа вилоятларга кириш ва чиқиш ёпилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Тармоқларда тарқалган видеоларда эса ЙПХ ходимлари ШҲТ саммити доирасида фақатгина Самарқандга кириш ёпилиши туфайли айланма йўлларни тушунтираётгани акс этган.
ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев «Бунёдкор» стадионидаги яшил майдонда дренаж тизими шу вақтгача умуман ишламаганини маълум қилди. Таъкидланишича, сув қумда қолиб, майсани чиритиб борган. Энди тизим қайта ишлаб чиқилади ва унинг усти стандарт бўйича қоплаб борилади, дейилади хабарда.
Ўзбекистон президенти шу ҳафта ШҲТ саммити доирасида Самарқандда ХХР раиси Си Цзиньпин, Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳамда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказади. Улар ўзаро ҳамкорликдан ташқари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади.
Шу ҳафта Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммитида 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда, деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов. Улар қаторидан Эронни ташкилотга киритиш учун мажбуриятлари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлари аъзолигини кенгайтиришга оид ҳужжатлар ўрин олган.
Шавкат Мирзиёев Буюк Британия қироли Чарлз III`га тахтга ўтиргани муносабати билан табрик йўллаб, дўст Бирлашган Қироллик халқига тинчлик-осойишталик, давомий равнақ тилади.
Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилма яратилди. Тизим йилига 32 минг кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 950 та электромобилни қувватлаш имконини беради.
Президент қарори билан аҳолига деҳқончилик учун экин майдонлари 30 йилга ижарага берилади. Ижарага бериш очиқ электрон танлов орқали ўтказилади. Унда бир нафар талабгор иштирок этса ҳам, танлов ўтказилган ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳафта давомида об-ҳаво илиқ ва қуруқ бўлади. 13 сентябрь кунидан совуқ ҳаво республика ҳудудидан чекиниши бошлайди ва ҳаво +28…+30 гача исийди. Республиканинг тоғли ҳудудларида эса бироз ёмғир ёғади.
Тошкентдаги 142-мактабда ИИБ ходимлари ўқувчиларга соч турмаги учун танбеҳ берди. Қонунчиликка кўра, соч узунлиги 2−3 см бўлиши лозим. Пойтахт ИИББ ўқувчилар билан профилактик суҳбат ўтказилгани, қолаверса, болалардан бирининг ёнидан қайчи топилганини қайд этди.
Fitch Ratings 2022 йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати кутилмасини 5,1 фоизга оширди. Прогнозларга кўра, жорий йилда инфляция даражаси ўртача 11,7% ни ташкил қилади ва 2024 йилга келиб 9,2% га пасаяди. Ўзбекистон суверен кредит рейтинги эса ВВ- (барқарор кутилма) даражада баҳоланди.
Ўзбекистон президенти Афғонистонни «ШҲТ маконининг ажралмас қисми» деб атади. «Унга биргаликда ёрдам қўлини чўзиш, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш ва шу орқали кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиш — бизнинг маънавий бурчимиздир», — деди у.
NovaStroy компанияси Parkwood турар-жой мажмуасида катта чегирмали сўнгги ҳафтани ўтказмоқда.
Ўзбекистон президенти ШҲТни «маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма», деб атади. Шу сабабли ташкилотга қўшилиш истагидаги давлатлар сони ортиб бормоқда, деди у.
Қашқадарёнинг Косон туманида хусусий боғчадан чиқиб кетган тўрт ёшли болани «Афросиёб» тезюрар поезди уриб кетди. Олинган жароҳатлар оқибатида бола вафот этган. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Самарқанддаги саммити арафасида эълон қилинган мақоласида халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётганини таъкидлади. У «глобал даражада ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётганини» — асосий сабаблардан бири сифатида қайд этди.
Хива шаҳрининг барча маҳалла ва Хива туманининг баъзи ҳудудларида таъмирлаш ишлари сабаб газ таъминоти соат 08:00 дан 18:00 гача тўхтатилади.
Қирғизистонлик журналист Алишер Соипов 2007 йили Ўшда отиб кетилганди. 2010 йилда қотилликда айбланган шахс ҳам орадан 2 йил ўтиб озодликка чиқарилган. 15 йилдирки журналистнинг қотили топилмаяпти. Марҳумнинг укаси «Газета.uz»га иш 2019 йилда қайта очилиб, 2022 йилда яна ёпилганини маълум қилди.
Тошкент халқаро аэропортидаги учиб кетиш терминали ертўласида кичик ёнғин чиқди. Бунга трансформатор подстансиясида жойлашган узлуксиз электр таъминоти манбасидаги қисқа туташув сабаб бўлган. Терминал вақтинча чироқсиз қолди. Учта рейс кечиктирилди.
Пойтахтда дарахтлар нобуд бўлишига шароит яратиб берганликда айбланиб ҳибсга олинган Тошкент Экология бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов озод этилди, бироқ жиноий ишда гумонланувчи сифатида қолмоқда. Депутат Расул Кушербаев унинг озодликка чиқишига Ўзбекистон бош прокурори ҳисса қўшганини айтди.
ЎзЖОКУ талабаси университетда ректорга салом бермагани учун ходим томонидан калтакланганди. Университет Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида ходим ваколати доирасидан ташқарига чиққани сабабли ишдан бўшатилди. Бошқа ходимларга нисбатан ҳайфсан интизомий чораси қўлланилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг