Чоршанба куни Бухоро вилоятининг Пешку туманида қамишзорларга ўт кетди. Воқеа жойига ФВВнинг 107 нафар қутқарувчиси жўнатилди. Пайшанба куни Мудофаа вазирлигининг вертолёти ишга қўшилди. Ёнғин майдони 100 гектарни ташкил этган, 80 гектар майдон ўчирилган.
Қонунчилик палатаси ногиронлик бўйича пенсияни ҳар икки йилда бир марта қайта ҳисоблаш ҳамда иш стажига ва иш ҳақига қараб индексация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 2023 йилдан бошлаб 75 минг ногироннинг пенсиясига ўртача 300 минг сўм қўшилиши кутилмоқда.
Украинанинг Днепропетровск вилоятида поезд ва Чаплино вокзалига уюштирилган ракета ҳужуми оқибатида 25 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, «Искандер» ракетаси 200 дан ортиқ ҳарбий хизматчи бўлган ҳарбий эшелонни йўқ қилган.
Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланди.
Қонунчилик палатаси Сенат томонидан рад этилган — никоҳни рўйхатдан ўтказиш учун бир ойлик муддатни бекор қилишга оид қонунни қайта кўришдан олиб ташлашни бекор қилди. Депутатлар қонунни Сенатни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри президентга киритишни таклиф қилди, бироқ Спикер шошмасликка чақирди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ўтган 1,5 йил мобайнида 1044 та ҳолатда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузгани аниқланди. Энг кўп ҳолат Жиззахда — 660 та. Бизнес-омбдусман офиси камчиликларга йўл қўйган 142 нафар мансабдорни жаримага тортди.
Қашқадарёда кўп қаватли уйларни ободонлаштириш учун ажратилган 573,2 млн сўм маблағ талон-торож қилингани аниқланди. Гумонланувчилар бу маблағни бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали ўзлаштирган. Уларга нисбатан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Нукус шаҳрида «InnoWeek-2022» доирасида ёшлар технопарки очилиш маросими бўлиб ўтди. Технопаркни ташкил этиш ва уни техник таъминлаш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги қарийб 9 млрд сўм йўналтирди.
Xalq nazorati портали орқали Тошкент йўлларидаги «ямалар», кўп қаватли уйларда лифт бузилиши, дарахтларга зарар етказилиши каби масалалар бўйича мурожаат қилиш мумкин. «Газета.uz» хизмат қандай ишлашини аниқлаш учун смартфондан бешта ариза юборди. Мурожаат йўллаш ва натижалари ҳақида баён этамиз.
Жанубий Корея Ўзбекистонга йил бўйи қулупнай етиштириш технологияларини жорий этиш учун 3,7 млн доллар ажратади.
Депутат ва сенаторлар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги вакиллари болалар учун одил судловдан фойдаланиш тўсиқларини муҳокама қилди. Ҳуқуқий механизмларни болалар учун мослаштириш ва уларга нисбатан қамоқ жазосини сўнгги чора сифатида қўллаш бўйича тавсиялар қабул қилинди.
Тошкентдаги «Тинчлик» метро бекати яқинидаги иссиқлик тармоғида авария содир бўлди. Оқибатда метрога тушиш йўлагида девордан иссиқ сув тошиб чиқиши кузатилди. «Тошиссиққувати» матбуот хизмати сув чиқиши тўхтатилгани ва ҳозирда аварияни бартараф этиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
Янги ўқув йилида Kundalik учун йиллик тўлов нархи туширилди. Фойдаланувчилар учун Kundalik ва PRO Kundalik тариф режалари мавжуд.
Yandex Go буюртмалар вақтида автоулов тезлигини мониторинг қилиш хизматини ишга туширди. Унда ҳайдовчи белгиланган тезликдан ошиб кетса, тизим унинг иловаси орқали бу ҳақда огоҳлантиради. Бир нечта огоҳлантиришлардан сўнг, ҳайдовчининг хизмат кўрсатиш буюртмаларига кириши вақтинча чекланади.
Numbeo онлайн базасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўртача соф ойлик даромад 278,7 долларни (3 млн 38 минг сўмни) ташкил этмоқда. Бу МДҲ давларлари ичида энг паст кўрсаткич.
Ўзбекистонлик собиқ футбол ҳаками Равшан Эрматов Россия футбол иттифоқининг ҳакамлар комиссияси аъзоси бўлди. У Россия футболида ҳакамлар бўйича экспертлик қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирларига йўллаган мурожаатида дунёда янги узоқ муддатли кескинлик ўчоқлари шаклланаётганини қайд этди. Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
«Русский стандарт» банки тадқиқотида россиялик сайёҳлар учун МДҲ давлатларига бўлган қизиқиш юқорилиги қайд этилди. Ҳисоб-китобларга кўра, россиялик сайёҳ ўртача ҳисобда Ўзбекистонда 6,8 минг рубл (1,2 млн сўм) сарфлайди.
Жиззах вилоятида Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Cobalt ҳайдовчиси пиёдани уриб юборди. Фуқаро олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада ҳаётдан кўз юмди.
Январда Алишер Усмоновга тегишли «Металлоинвест» компанияси Москвадаги Safisa ресторанини сотиб олганди. Орадан 7 ой ўтиб, ресторан «ПВС и ИАМ» компаниясига сотиб юборилди. Аввалроқ тадбиркор ўзининг асосий эътиборини Ўзбекистонга қаратаётганини айтганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг