Ҳокимлар мулк ҳуқуқига оид қарорларни бекор қилишига йўл қўйилмайди, илк бор хато қилган кичик бизнес вакиллари жазоланмайди, ССП тубдан ўзгаради, ҚҚС 12 фоизга туширилади — «Газета.uz» Шавкат Мирзиёев ишбилармонлар билан учрашувда эълон қилган энг муҳим ўзгаришларни тақдим этади.
Интерпол қидирувидаги шахс Санкт-Петербургда қўлга олинди. Гумонланувчи икки баробар кўпроқ даромад олишни ваъда қилиб, фуқароларнинг пластик карталаридан ўз ҳисобига пул маблағлари ўтказган. Шундан сўнг, ваъдасини бажармасдан қочиб кетган. Ҳозирда унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши кутилмоқда.
ДХХ Чегара қўшинлари Сурхондарё вилоятида Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 24 нафар Афғонистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Уларнинг Амударё ўртасидаги Пайғамбар оролига қизилмия илдизини қазиб олишга ўтгани аниқланди.
Иқтисодий тараққиёт вазирининг биринчи ўринбосари ва Марказий банк раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган Саидқаҳҳор Холхўжаев пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳокими бўлди. Шунингдек, янги прокурор ва туман ИИБ бошлиғи ҳам тайинланди.
Якшанба куни РФнинг Ульяновск вилояти ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 14 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 3 нафари жароҳат олди. Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди.
Ҳукумат қарори билан «Ўзбекинвест» давлат монополиясининг ҳарбий хизматчиларни мажбурий шахсий суғурта қилиш ҳуқуқи бекор қилинди. Компания ушбу эксклюзив ҳуқуқдан 2003 йилдан бошлаб фойдаланиб келган.
Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотидаги таклифларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилади. Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади.
Президент «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони таъсис этилади. Ушбу мукофот билан кўплаб иш ўринларини яратган, бизнеснинг янги йўналишларини йўлга қўйган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган ва эл-юрт орасида обрў топган бизнес вакиллари тақдирланади.
Тадбиркорларга нисбатан янги жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади. Уларнинг мулк ҳуқуқи фақат суд томонидан бекор қилиниши мумкин. Қолаверса, савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади, жарималар эса тўланаётган солиқдан оширилмайди.
Давактив Uzcard`даги давлат улушларининг 75 фоизи сотилиши тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Жамият иштирокчилари мазкур улушни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин.
Президент пандемия ва жаҳондаги вазиятга рўкач қилиб, унга ҚҚСни кейинга қолдиришни таклиф қилишганини таъкидлади. «Биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент корхоналарни йиллик айланмасига қараб, 1 млрд сўмгача — микро, 10 млрд сўмчага — кичик ҳамда 100 млрд сўмгача бўлганини — ўрта бизнес сифатида тоифаларга ажратиш таклифини илгари сурди. Шундан келиб чиқиб, ишбилармонларга бир қатор имтиёзлар тақдим этилади.
ИИВ раҳбарияти ЙПХ ходимларига мобил телефонларни топшириш, хизматга телефонсиз чиқиш ва иш вақтида ундан фойдаланмаслик бўйича тақиқ қўйгани айтилмоқда. Бу вазирлик раҳбарияти талаби эмас, балки жойлардаги айрим раҳбарларнинг шахсий ташаббуси бўлиши мумкин, дея қайд этди ИИВ матбуот хизмати.
1 август санасига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ўтган ойгига нисбатан 976,2 млн долларга камайиб, жами 34,6 млрд долларни, шу жумладан валюта қисми 12,5 млрд долларни, олтин қисми эса 21 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон президенти тадбиркорлар билан очиқ мулоқот аввалида давлат мукофотларини ўз эгаларига топширди. «Бу кимгадир ёқади-ёқмайди, мен сизларнинг биринчи адвокатларингман. Бепул адвокат», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда эшитишда нуқсони бўлган фуқаролар ва сайёҳларнинг ҳаётини, қолаверса, давлат ва бизнес билан суҳбатини осонлаштириш учун имо-ишорани онлайн таржима қилиш дастури жорий этилиши кутилмоқда. Ўзбекистон карлар жамияти фаоллари бунинг учун ҳукумат ва ҳомийларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.
Банклардан бирида мижознинг пластик картасидан 8 млн сўм миқдорида маблағ ечиб олингани аниқланди, деб хабар қилди Киберхавфсизлик маркази. Пулларни Telegram орқали техник ёрдам кўрсатувчи колл-марказ ходими ўзлаштирганликда гумонланмоқда.
Андижон шаҳрида психотроп дори воситалари олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар ушланди. Гумондорларга тегишли автоуловда 100 дона «Тропикамид» ва 16 дона конвалютада жами 224 дона «Регапен» дори воситалари борлиги аниқланган.
Ўзбекистонда мазкур ҳафта давомида ҳам қулай об-ҳаво сақланиб қолади. Ҳарорат кундуз кунлари +30 даража, кечалари эса +17 даража атрофида бўлади. Ҳафта охирига келиб ҳаво бироз исийди.
Чилонзор туман ҳокими вазифасини вақтинча бажариш Жамолиддин Ходжимановга юклатилди. Туман собиқ ҳокими Шавкат Мавлонов Тошкентда 101 туп дарахтга шикаст етказилгани ортидан лавозимидан озод этилган эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг