Йил бошидан бери 14 мингдан ортиқ ташкилот ва корхоналарда ўрганишлар ўтказилиб, 41 150 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шунга кўра, 5935 нафар мансабдор 12 млрд 57 млн сўмлик жаримага тортилди. Қонунбузарликлар кўпроқ — Қашқадарё, Самарқанд, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларида учрамоқда.
Ҳукуматнинг йирик давлат корхоналари акцияларини фонд бозорида бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш тўғрисидаги қарори асосида «йўл харитаси» тасдиқланди. Унда 20 дан ортиқ ташкилотларнинг IPO (SPO) ўтказиш муддати ва амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган.
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 3 ёшли қизалоқ қариндоши томонидан калтаклаши оқибатида вафот этди. Прокуратура жиноят иши қўзғатди, гумонланувчи аёл ҳибсга олинди.
Шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийси Иван Соколов Chess.com сайти билан интервьюда гроссмейстерлик ва мураббийлик фаолияти, Ченнай Олимпиадасида ғолиб бўлган ёш ўзбек вундеркиндлари билан ишлаш тўғрисида ҳикоя қилди, ўзбек шахматчилари услубларига ўзига хос баҳо берди.
Ҳукумат қарори билан болаларни оилаларга тарбияга олиш тартиби белгиланди. Унга кўра, туғилганидан бошлаб 18 ёшгача бўлган болалар оилавий тарбиялашга берилиши мумкин. Тарбияловчи ота-оналарга ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун ойига 1,5 млн сўмдан 2,1 млн сўмгача пул берилади.
Магистрал газ қувурига шикаст етказилгани оқибатида Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фаолияти фавқулодда тўхтатилди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги. Айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Май ойида Учтепа туман прокуратураси терговчиси 50 минг доллар пора билан ушланган эди. Яшнобод туман суди гумонланувчини айбдор деб топиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-июль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 28,1 млрд долларга тенг бўлди. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 6,3 млрд доллар ўсиш қайд этилган.
Ҳудудларда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш учун Транспорт вазирлиги томонидан 5000 та автобус ва микроавтобус сотиб олиш, 81 та автовокзал қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда Damas микровэнларидан фойдаланишдан воз кечиш таклиф этилмоқда.
Тошкент халқаро аэропортида Германиянинг Wanzl компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 1000 та янги юк аравалари пайдо бўлди. Яқин кунларда ҳудудий аэропортларга ҳам янги аравалар келтирилиши режа қилинмоқда.
Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси Qarshi Leather заводи экологияни ифлослантиргани учун бир неча бор огоҳлантирилгани, март ойида фаолиятини тўхтатганини маълум қилди. Аввалроқ атрофга бадбўй ҳид таратаётган ушбу завод олдида фуқаро ўзини ёқиб юборган эди.
Грузия биржасининг собиқ раҳбари Гиоргий Паресишвили «Тошкент» биржаси бошқаруви раиси бўлди. Унинг асосий вазифалари маҳаллий фонд бозорини капитал бозорининг халқаро инфратузилмасига интеграциялашуви, шунингдек, маҳаллий компанияларнинг IPO ва SPO ўтказишга кўмаклашишдан иборат бўлади.
Ўзбекистон ва Россия президентлари сентябрда Самарқандда ШҲТ саммитини ташкил этиш ҳамда жорий йил кузда учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Тошкентдаги Навоий кўчасининг Хадра майдонидан Чорсу майдонигача бўлган қисми 17 августдан таъмир ишлари учун ёпилади.
Тошкент ҳайвонот боғи олдидаги кўчада Spark ҳайдовчиси йўл четида турган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчисини уриб юборди. Ҳодиса оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев шахмат олимпиадаси ғолиби Нодирбек Якуббаевнинг отаси, солиқ хизмати ходими Муродбек Искандаровга навбатдаги унвонни топширди. Шунингдек, чемпионнинг ота-онасига «Хумсон» санаторийсига йўлланма ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари берилган.
Магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт суммасини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди. Бунинг учун талабгорлар 15 сентябрга қадар ўзлари таълим оладиган муассаса ректори номига ариза билан мурожаат этишлари талаб қилинади.
15 август куни Жиззах вилоятида Халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистон мезбонлик қилаётган «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари бошланди. Унда дунёнинг 37 давлатидан жами 257 жамоа қатнашмоқда. Ўйинлар Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган.
Тошкент аэропортида Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси ходимлари халқаро қидирувда бўлган фуқарони туркиялик ҳамкасбларига топширди. У муҳрларга қасддан зарар етказиш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун қидирувда бўлган.
Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон спортчилари яна 10 та олтин, 4 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритди. Икки курашда 446 кг тош кўтарган оғир атлетикачи Акбар Жўраев ўйинларнинг мутлақ чемпионига айланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг