Тошкент тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев илмий жамоатчиликка мурожаат қилди. Профессор илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олганини таъкидлаб, SCOPUS`да мақола чиқариш талабини «пахта планини бажариш»га ўхшатди. Ибодуллаев Сардоба фожиаси ортидан Фанлар Академияси олимларининг кўрсичқон ва тулки инларини топиш учун сув омборига юборилганини шармандалик» деб атаган. «Бор ҳақиқатни президентга етказайлик. Биз нотўғри йўлдан кетмаяпмиз-ми?», — деган у.
Россиянинг Орск шаҳри нефтни қайта ишлаш заводидан Тошкентга юборилган 7 та цистернадаги АИ-95 маркали бензин ўғрилаб кетилди. Гумондорлар вагонлар люкидаги тамғани бузиб, нефт ташишга мўлжалланган транспорт воситаларига ортиб кетишгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Допинг истеъмол қилиш ҳолатлари асосан оғир ва енгил атлетика, дзюдо, аёллар кураши, самбо, баскетбол, сув полоси, муай-тай ва пауэрлифтинг спорт турларида аниқланган.
Журналистлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимияти ўртасида кўчалардан қандай мақсадларда фойдаланиш ва жамоат транспорти устуворлиги юзасидан мунозара бўлиб ўтди. Шаҳар маъмурияти кўчаларда йўловчи ёки юк ташиш имкониятини эмас, балки ҳаракат ўтказувчанлигини оширишга эътибор қаратмоқда, реконструкция қилинаётган кўчаларда муаммо кўрмаяпти ҳамда янги тротуарлар ва вело-йўлакларни қулай, трамвайни эса Навоий кўчасининг «ўлчамлари»га мос келмайди, деб ҳисоблайди. Шунингдек, маъмурият бу борада шаҳар аҳолиси билан маслаҳатлашишни ортиқча деб ҳисоблайди, сабаби — бу вақт талаб этади.
Бош прокуратура Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасидан тарихий-бадиий аҳамиятга эга 56 та қўлёзма ва тошбосма асарлар талон-торож қилинганини аниқлади. Мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Журналистлар Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамлари бўйича сиздирилган маълумотларни ўрганди. Банк хизмат кўрсатган мижозлар орасида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси, Теннис федерациясининг собиқ раҳбари Игорь Шепелев, Тимур Тиллаевнинг қариндоши ва Алишер Усмоновнинг синглиси бор.
ИИВ раҳбарининг маълум қилишича, Ўзбекистонда ўтган йили ЙТҲлар оқибатида 263 нафар болалар вафот этган. Болалар иштирокидаги ЙТҲларининг олдини олиш мақсадида, келажакда мактабларда махсус автобус ҳаракатини йўлга қўйиш, шунингдек, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» бўйича алоҳида фан киритиш таклиф қилинмоқда.
Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев хизмат вазифасини бажараётган ходимларни видеога олгандан сўнг, унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга жойлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини маълум қилди. ИИВ раҳбари матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов бу борада ҳужжат ҳали ишлаб чиқилмаганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, «тўлиқ тақиқ бўлмаса-да, қандайдир чегаралар қўйилади». Бунга депутат Расул Кушербаев эътироз билдирди.
Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда инвестиция, транспорт ва логистика бўйича қўшма қўмиталарни ташкил этишга келишилган. Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган келишувларни қамраган қўшма «Йўл харитаси» қисқа муддатда ишлаб чиқилиши ва имзоланиши кутилмоқда.
Душанба куни Ўзбекистон бўйлаб баҳорий илиқ, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Сешанбадан эса Кавказдан булутли массивлар кириб келади, шунга қарамасдан ҳафта давомида пойтахтда қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб қолади, бошқа ҳудудларда эса бироз ёмғир ёғади.
Тошкент туманида ҳокимлик захирасидаги 14 сотих ер майдонини бошқа шахсга олиб беришни ваъда қилган фуқаро ушланди. У ерга эгалик ҳуқуқини берувчи қарорни чиқартириш учун 8 минг доллар талаб қилган.
Тошкентнинг Себзор кўчасидаги кўприк устида уч автомобиль тўқнашиши натижасида Matiz ва Spark машиналари ағдарилиб кетди. Spark`нинг икки нафар йўловчиси тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилган.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда экстремистик ташкилотлар тарафдорлигида гумонланаётган 24 нафар фуқаро ушланди. Уларнинг яшаш манзилларида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган тақиқланган материаллар аниқланган.
Якшанба куни Ўзбекистонда 160 кишида коронавирус қайд этилди. 34 киши пневмонияга чалинди. Касалланиш олдинги кунга нисбатан камайган. Сирдарёда ва Қашқадарёда вирусга чалинган бемор аниқланмаган.
Президент 210 гектар майдонда барпо этиладиган «Янгиҳаёт» технопарки лойиҳаси билан танишар экан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Aзиз Воитовга ер ажратишлар таниш-билиш орқали бўлмайдими, дея савол берди. «Фақат аукцион орқали», деб жавоб беришди иккала раҳбар ҳам бир овозда.
Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Sputnik Light вакцинасининг қарийб 136 минг дозасини қабул қилиб олди. Мазкур турдаги вакциналарнинг умумий миқдори 343 минг дозадан ошди.
Андижон, Бухоро ва Тошкент вилоятларида туман судлари раислари ва судьялар ўз аризасига кўра ишдан олинди. Шунингдек, республика бўйлаб 10 нафар судьялар масъулиятсизлиги учун интизомий жазога тортилди.
БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Қорақалпоғистон ССВга саратон олди касалликларини бирламчи босқичда даволаш ускуналарини тақдим этди. Эндиликда чекка ҳудудларда яшовчи аёллар онкология марказларига эмас, балки поликлиникаларнинг ўзида саратон олди касалликларни даволаш хизматларидан фойдаланишлари мумкин.
«Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, энди божхона хизматига ёши 30 дан ошган юқори малакали мутахассислар ҳам қабул қилинади. Шунингдек, божхоначилар энди ҳар 2 йилда эмас, балки ДБҚ раисининг буйруғига асосан малака оширади. Қолаверса, божхона органларига пуллик хизмат кўрсатишга ҳам рухсат берилмоқда.
Самарқандда етти нафар фуқаро такси ҳайдовчиларидан тамагирлик йўли билан пул ундириб келишгани аниқланди. Сўралган пулларни бермаган ҳайдовчилар эса ёлланма спортчилар томонидан таъқиб қилиниб, калтакланган. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг