Президент Россиянинг Пенза вилоятида содир бўлган ЙТҲда ҳалок бўлган етти нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадини, шунингдек, жабрланган икки нафар фуқарони Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида ватанга қайтариш бўйича топшириқ берди.
Суд Telegram`даги пулли каналларда аёлларнинг интим суратларини тарқатган бир гуруҳ шахсларни 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд иши бўйича 62 киши, жумладан, 55 нафар аёл жабрланувчи ва даъвогар бўлган.
Тошкент вилоятида Мудофаа саноати агентлигининг ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди. Унинг бир-бирига боғланган устахоналари ҳарбий техника, радиолокация қурилмалари, ўқотар ва артиллерия қуролларини таъмирлаш ва модернизация қилиш билан шуғулланади. Объектга президент ташриф буюрди.
Тармоқларда вояга етмаган йигит дадаси ИИВда ишлашини айтиб, бир неча машинани 170 км/соат тезликдан ошириб ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди. ЙҲХХ йигитнинг онаси бола тарбиялашда мажбуриятларни бажармаслик моддаси бўйича 1,7 млн сўм жаримага тортилганини маълум қилди.
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини импорт қилишда божхона тўловларини 120 кун муддатга фоизлар ундирилмаган ҳолда кечиктириб тўлашга рухсат берилиши белгиланди.
Сенат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фото ва видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» интернетда эълон қилганлик учун жазолаш ҳақидаги нормага изоҳ бериб, бундай ҳаракатларни тақиқлаш ва жазолаш Британия, Германия ва Франция каби мамлакатлар қонунчилигида мавжудлигини таъкидлади.
Россиянинг Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари кетаётган микроавтобус юк машинаси билан тўқнашди. Ҳайдовчи билан бирга етти киши ҳалок бўлди.
Журналист, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси матбуот котиби сифатида ишлаган Айжамал Жолдасбаева 27 ёшида вафот этди. Яқинлари унда ҳомиладорлик даври оғир кечганини айтмоқда. У 2014 йилда Зулфия мукофоти билан тақдирланган.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойида 8693 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 2080 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8055 киши жароҳатланган. Сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида жами 665 нафар киши ЙТҲ сабаб вафот этган. Сенат қўмитаси ЙТҲларга асосан фуқаролар сабабчи эканини маълум қилди.
Пайшанба куни соат 14:20 да Афғонистонда зилзила содир бўлди. Унинг кучи Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида сезилиб, 2−3 баллни ташкил этди.
Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, кешбэк лимити харидларни амалга оширувчи фуқароларнинг 98 фоизига таъсир қилмайди. Қўмита чекловлар баъзи одамлар бошқа одамларнинг чекларини ва бу орқали кешбэкларини ўзлаштираётгани сабаб жорий этилганини тасдиқлади.
Омбудсман Навоийдаги 11-колонияда Нукус воқеалари бўйича қамалган Даулетмурат Тажимуратов билан учрашди. Колония раҳбарияти унга алоҳида имтиёз ёки чекловлар берилмагани ва белгиланган тартибда жазо ўтаётганини, Тажимуратов эса қийноқ ёки тазйиқ ўтказиш ҳолатлари мавжуд эмаслигини билдирди.
Дональд Трампнинг АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси эҳтимоли, Яқин Шарқдаги урушнинг авж олиши, бўлинган Украина, назоратсиз сунъий интеллект ва муҳим минераллар учун кураш — Time журнали 2024 йилнинг 10 та асосий глобал хавф-хатарини эълон қилди.
Дин ишлари бўйича қўмита экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган ва Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган Telegram, YouTube каналлар, Facebook, Instagram, TikTok саҳифалар ва сайтлар рўйхатини янгилади.
Қорақалпоғистонга 2024 йилда 2,1 млрд доллар инвестиция жалб этилиши мўлжалланмоқда. Президент ҳудудда янги иш ўринлари яратиш режаларини танқид қилиб, саноат зонаси, туризм, бўш ерларни тадбиркорларга сотиш ва норуда конларга саноатга олиб кириш орқали аҳолини банд қилиш мумкинлигини қайд этди.
Президент қарори билан Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида «Биотехнологиялар кластери» ташкил этилиб, унга қўшимча 60 гектар ер майдони ажратилади.
АҚШ элчиси Жонатан Хеник ва USAID миссияси раҳбари Дэвид Хофман Тошкент ҳавоси ҳақида гапирди. «Ҳар ким буни шахсий муаммо сифатида қабул қилиши керак, чунки бу барчага — „сиз, оилангиз ва фарзандларингизга“ тааллуқли. Шунингдек, ҳукуматни муаммони ўрганиб, чора кўришга ундаш зарур», — деди элчи.
«Капитал суғурта» қонунчиликда белгиланган меъёрларга риоя қилинмагани сабаб 162 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, суғурта фаолиятини амалга ошириш бўйича берилган лицензияси 11 январь санасидан бошлаб 10 кун муддатга тўхтатилди.
Қўқонда қандолатчилик корхонасида электрга майнинг қурилмалари уланиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Тадбиркорга жами 4 млрд сўмлик қоидабузарлик далолатномаси расмийлаштирилди.
Эрталаб Тошкент ҳавосидаги РМ2,5 зарралари кеча кечки пайтдаги билан солиштирганда бироз ўзгарди — 85,5 мкг/м3 ёки ЖССТ тавсияларидан 17 баравар юқори. Шаҳардан куюнди ҳиди келмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг