Zo’r TV мухбири ва оператори Тошкент аэропорти яқинидаги йўл ўтказгич тўсинлари қулагани ҳақида репортаж тайёрламоқчи бўлганида калтакланди. Оператор бурни синган ҳолда касалхонага ётқизилган. АОКА мазкур ҳужумни қоралади. «Ўзбекистон темир йўллари» эса зўравон ишдан бўшатилганини маълум қилди.
Машина шартномалари бўйича UzAuto Motors ваъдалари, 2022 йилги бюджет ижроси, «газ иттифоқи» бўйича баёнотлардан хавотир олаётган Туркманистон, ИИББдан ўлиги чиққан фуқаро бўйича жиноят иши, Zo’r TV журналистига ташлангани учун ишдан олинган ЎТЙ ходими ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Қозоғистон Энергетика вазирлиги уч томонлама газ иттифоқи тузилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан берган изоҳида на Россия, на Ўзбекистон томонидан расмий таклифлар бўлмаганини маълум қилди. Аввалроқ Туркманистон бу борадаги хавотирларини билдирган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фуқаролар учун 2022 йилги бюджет ижроси юзасидан маълумотларни эълон қилди. Фойда солиғи ўтган йилгидан камайди, билвосита солиқ тушумлари прогнозга нисбатан паст бўлди. «UzGasTrade»га газ нархи ўртасидаги тафовутни қоплаш учун 6,6 трлн сўм ажратилди.
Сергели туманида 184-сонли автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида аввал столбага, сўнг бетон тўсиққа урилди. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳодиса оқибатида фақат ҳайдовчи, ЙҲХБ эса жами 4 киши жароҳатланганини маълум қилди.
Оҳангарон туманида сомондан бўшаган ерлар ёқиб юборилганини ўрганиш учун борган инспектор калтакланди. Ходимга куч ишлатган фуқарога нисбатан жиноят иши очилди. Инспекторнинг аҳволи яхши деб баҳоланмоқда.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркор икки дона чинор дарахтини кестириб ташлади. Оқибатда табиатга 204 млн 105 минг сўм зарар етказилди.
UzAuto Motors компанияси Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари учун барча шартномалар тўлангани, йил охиригача 50 мингдан ортиқ автомобиль эгаларига топширилишини маълум қилди. 2024 йилдан эса автомобиллар шартнома тузилган кундан бошлаб уч ой ичида етказиб берилиши ваъда қилинмоқда.
Ўзбекистон қийноққа қарши ўзининг мустаҳкам позициясига эга, деди омбудсман Тошкент шаҳри ИИББда гумонланувчининг ўлганига муносабат билдираркан. Унинг сўзларига кўра, жиноят учун жазо муқаррар, лекин бу жазо суд орқали тайинланиши керак.
Қирғизистон сув камайиши фонида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига суғорма сувни етказиб беришни тўхтатди. Қозоғистон Экология вазирлиги ҳудуд далаларида сув тақчиллиги сабабли «ноқулай вазият» юзага келгани, мамлакатда суғориладиган ерлар инвентаризациядан ўтказилиши ҳақида хабар берди.
Veolia Energy Tashkent компанияси пойтахтдаги иссиқлик тармоқларида техник аудит ўтказмоқда. Бу маълумотлар иссиқлик тармоқларининг техник ҳолатини аниқлаш имконини беради ва Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича инвестиция дастурини оптималлаштиради.
Туркманистон Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» бўйича баёнотлардан хавотирда. Уларда иттифоқ кенгайиши мумкинлиги айтилган, аммо кимлар ҳисобига экани тушунарсиз, Туркманистон қувурлари орқали эса бошқа давлат гази транзити режалаштирилмаган, деди «Туркмангаз» расмийси.
Суд инсон ҳалок бўлган ЙТҲни содир этганликда айбланган «Уммон» гуруҳининг собиқ солисти Зоҳид Рисқиевга нисбатан шартли равишда 2 йил синов муддати бериб, озодликда қолдирди, қолаверса, уни 3 йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Тижорат банклари 14 август куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 980−12 020 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 12 050−12 120 сўм.
Қибрай туманида дарахтга урилган 18 ёшли Spark ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди, бир йўловчи шифохонага ёткизилди. Воқеага йўлнинг хавфли бурилиш қисмида ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши сабаб бўлган.
Nemolchi.uz лойиҳаси 3−5-синф ўқувчиларини ахлоқсиз ҳаракатлар қилишга мажбурлаган ва 2 йилга озодликдан маҳрум этилган мактаб психологи Азад Гасанов муддатидан олдин озод этилгани ҳақида хабар берди. Тошкент шаҳри таълим бошқармаси эса у ҳозирда ҳеч қайси мактабда ишламаётганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар ИИББда тергов вақтида фуқаро вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ички ишлар ходимлари мансаб ваколатидан четга чиқиш ва қийноққа солишда гумонланмоқда.
Душанба, сешанба кунлари ҳарорат кундузи +27…+32 даража бўлади. Бу август ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан 2−4 даражага паст. Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво аста-секин чекиниб, ҳарорат кўтарилади ва кундузи +37 даража атрофида бўлади.
14 август куни соат 20:00 гача Тошкентнинг Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларининг айрим жойларида газ, Шайхонтоҳур, Олмазор ва Чилонзор туманларининг баъзи ҳудудларида эса иссиқ сув ўчирилади.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги ички ишлар бўлимида қўлга олинган шахс вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИББ маълумотига кўра, ўта оғир жиноятларда гумон қилинган эркак баённома расмийлаштириш чоғида ҳушини йўқотган ва вафот этган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг