Uzbekistan Airways компанияси талабаларга қулайлик яратиш учун 7−9 январь кунлари Урганч, Бухоро, Наманган, Қарши ва Нукус шаҳарларидан Тошкентга қўшимча рейслар ташкиллаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2022 йилги умра саёҳати мавсумига тайёргарлик бошланганини маълум қилди. Муфтий Нуриддин Холиқназаров Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати билан бу ҳақда шартнома имзолади. Навбат асосида белгиланган тўловларни амалга оширган, тегишли вакцинани олган ва Саудия Арабистонининг карантин талабларини бажарган фуқаролар тартиб билан сафарга жўнатилади.
Латвиянинг коронавирус сабабли фавқулодда ҳолат режимини мартгача узайтираётгани, Буюк Британия, Греция, Италия, Франция ва Швейцарияда кунлик COVID-19 ҳолатлари сони бўйича рекордлар янгилангани, АҚШда қор бўрони туфайли беш кишининг ҳалок бўлгани, Қозоғистондаги сўнгги вазият ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва Қозоғистон халқи беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқишига ишонади, дейилади ТИВ баёнотида.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат Хавфсизлик кенгашига раислик қилишни бошлади, Нурсултон Назарбоев ушбу лавозимга бир умрга тайинланган эди. Тоқаев кенгаш раиси сифатида иложи борича қаттиққўллик билан ҳаракат қилишини маълум қилди. «Бу менга ўзлари ва оилаларининг ҳаётларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилаётган фуқароларимизнинг хавфсизлиги масаласи», — деди у. Президент пойтахтда қолиб, тез орада Қозоғистонни сиёсий трансформация қилиш бўйича янги таклифларни тақдим қилишини таъкидлади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 7,67 сўмга пасайиб, 10 812 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
2022 йил 1 январдан бошлаб бинолар ёки автомашинани ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари оширилди. Халқ депутатлари Кенгашлари ставкаларига ошириш коэффициентларини қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолди.
Эндиликда ички ишлар бўлимларидан ташқари, айрим давлат хизматлари марказларида ҳам хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш мумкин. Йил охирига келиб, бундай имконият барча ДХМларда пайдо бўлади.
1 майдан бери 2848 нафар ёшларга халқаро имтиҳонлар учун харажатлари компенсация қилинди. Бунда жами 5 млрд 218 млн сўмдан ортиқ харажат қоплаб берилган. Компенсация олганларнинг қарийб 92% IELTS имтиҳонини топширган. Ҳудудлар бўйича энг кўп компенсация Тошкент шаҳри ёшларига тўланган.
Бухоро вилоятида янги 270 МВт қувватга эга газ поршенли ИЭСнинг биринчи энергия блоки ишга туширилди. ИЭС Туркиянинг Aksa Enerji компанияси томонидан ДХШ асосида қурилган.
«Толибон» ҳаракатининг муваққат ҳукумати аввалги тузум қулаши чоғида Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетилган вертолётларни қайтариш бўйича музокараларни бошлади. Собиқ афғон учувчилари ва расмийлари қўшни давлатларга 40 дан ортиқ вертолётни олиб қочганлиги айтилмоқда.
2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга 308,4 млн литр автомобиль бензини импорт қилинган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 112 млн литрга ёки 36,3 фоизга ошган.
«Uzbekistan Airways» компанияси Оқтовга парвозлар бекор қилинганини маълум қилди. Бу Оқтов халқаро аэропортининг халқаро парвозларни қабул қилишни ва амалга оширишни ёпганлиги билан боғлиқ.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасига асосан, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш тартиби бекор қилиниши кутилмоқда. Унга кўра, апрель ойигача «Е-патруль» тизими жорий этилиб, барча маълумотлар жойида текширилиши кўзланган. Стратегия лойиҳасида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш ва рўйхатга олиш учун «Е-ҳуқуқбузарлик» ягона ахборот тизимини ташкил этиш ҳам таклиф этилган.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат ҳукуматининг истеъфосини қабул қилди. Мангистау вилояти ва Олмаота шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди.
Қозоғистон президенти мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари ортидан Олмаота шаҳри ва Мангистау вилоятида икки ҳафталик фавқулодда ҳолат жорий қилди.
Қозоғистон президенти ватандошларига йўллаган видеомурожаатида намойишлар иштирокчиларини «ақл билан иш кўришга, ички ва ташқи иғволарга берилмасликка, митингчилар ва ўзбошимчаликлар эйфориясига учмасликка» чақирди. «Ҳукумат қуламайди. Бироқ, бизга можаро эмас, ўзаро ишонч ва мулоқот керак», — деди у.
«Газета.uz» манбалари ва Қозоғистондаги ОАВлар мамлакатда бир қатор ижтимоий тармоқлар очилмаётганини маълум қилди. Айрим ҳудудларда эса норозилик намойишлари давом этмоқда. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев намойишчилардан «бузғунчи шахсларнинг чақириқларига эргашмасликни» сўради ва ижтимоий-иқтисодий характердаги талабларни кўриб чиқишга ваъда берди.
Ўзбекистон темир йўллари Самарқандда 31 декабрь куни фойдаланишга топширилган автомобиль-трамвай туннели деворларидан сув сизиб чиқаётганига изоҳ берди. Таъкидланишича, бу лотоклар тиқилиши оқибатида юзага келган. «Туннель деворлари орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди», — дейилади хабарда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг