Интеллектуал мулк агентлиги 200 дан ортиқ контрафакт товарлар, жумладан дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё маҳсулотлари рўйхатини эълон қилди.
2022 йил якуни қадар барча давлат ОТМларининг ўқув адабиётлари, давомат, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари тўлиқ электронлаштирилади. Қолаверса, келгуси йилдан таълим муассасалари чет эл фуқаролари ўқишини хориждан кўчириш, талабалар формаси ва имтиҳон фанларини ўзи тасдиқлайди.
Миллий банк процессинг маркази негизида хорижий давлатлардан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга ошириш учун «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими ишлаб чиқилади. У пул ўтказмаларини «бошқа тўлов тизимлари билан бир қаторда жисмоний шахсларнинг илтимоси ва ихтиёрий танловига кўра» амалга оширади.
Президент Шавкат Мирзиёев Латвия, Венгрия, Франция ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Қолаверса, учрашувда давлат раҳбари Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти концепцияси янги таҳрирда қабул қилинишини айтиб ўтди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 11,92 сўмга кўтарилиб, 10 810,15 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
27 декабрдан эътиробан янги намунадаги 50 минг ва 100 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилди. Марказий банк «Газета.uz»га 50 минг сўмликдаги хатолик бартараф этилганини маълум қилди (фото).
Афғонистон ҳукумати ҳайдовчиларга машинада мусиқа ёқмаслик, шунингдек, аёлларни ҳижобсиз олиб юрмаслик ҳақида ёзма кўрсатма берди. Бундан ташқари, аёлларни узоқ масофага ҳамроҳсиз олиб юриш ҳам тақиқланади.
Ўзбекистонда илк бор нотариал ҳаракат тўлиқ онлайн равишда амалга оширилди. Видеоконференцалоқа орқали вояга етмаган болани хорижга олиб чиқишга розилик аризаси расмийлаштирилди.
1 январдан 35 та давлат олий таълим муассасига молиявий мустақиллик берилади. Энди ушбу муассасалар тўлов-контракт миқдори ва муддатини, маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ҳамда ўз ҳисобидан талабаларга стипендия ва грантлар ажратишни мустақил белгилайди. 2023 йилдан эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу рўйхатни кенгайтириш ҳуқуқи берилади.
Ўзгидромет йил охиригача ёғингарчилик кутилмаслигини маълум қилди. Аммо ҳарорат меъёрдагидан 5−7 даража пастроқ бўлади.
АКТ вазири Шерзод Шерматов 2028 йилгача дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 1 млрд доллардан ошириш асосий мақсад сифатида белгилаб олинганини маълум қилди.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев қорбобо кийимида эҳтиёжманд оилалар хонадонига ташриф буюриб, бир марталик моддий ёрдам пуллари, президент табриги ва байрам совғаларини улашмоқда. Вилоятда жами 11 816 та хонадонга моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Ўзбекистонга 11 ой давомида қиймати 502,8 млн долларга тенг бўлган 23 мингдан зиёд енгил автомобиль импорт қилинди. Хусусан, хориждан 13,8 млн долларга 689 та электромобиль келтирилди.
Хўжаобод туманида кредит қарздорлигини ўз вақтида тўламаган корхонанинг гаровга қўйилган учта кўчмас мулки ва Hyundai porter автотранспорт воситаси хатланиб, 10 фоиз арзонлаштирилган нархда банк балансига ўтказилди.
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи йил бошига нисбатан 11 фоиз ёки 3,7 млрд долларга ўсиб, 1 октябрь ҳолатига кўра, 37,6 млрд долларни ташкил қилди. Бунда давлат қарзи 22,9 млрд доллар, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 14,7 млрд долларга тенг бўлди.
Урганч шаҳридаги «Перинатал марказини қайта таъмирлаш» объектини фойдаланишга қабул қилиш комиссияси раиси алмаштирилди. Бунга сабаб қилиб вилоят ҳоким ўринбосари, комиссияси раиси Б.Қурбанов ва бош пудратчи ташкилот раҳбари ўзаро аффилланганлиги айтилмоқда. Маълумотларга кўра, жамият раҳбари ҳоким ўринбосарининг укаси ҳисобланади.
Бухорода фуқаро Миллий гвардия ходими хизмат вақтида автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди. Сафдорни уриб кетганликда гумон қилинган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинди.
Якшанба куни транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилган «Тахтақорача» довони душанба тонгидан қайта очилди. Автомобиль йўли қордан тозаланган.
Андижон вилояти ҳокимининг фармойиши билан ҳоким ёрдамчиларининг униформаси учун 855 млн сўм ажратилди.
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг учта тумани ҳокимларини жаримага тортди. Туманларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши рейтингидан келиб чиқиб, уч нафар ҳокимга эса устама белгиланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг