Сирдарёда «Индорама» кластерининг ишчилари велосипедларда автомобиль йўлини тўсиб қўйди. Фуқаролар ойликдан норози эканликлари сабабли иш ташлаётганликларини маълум қилишган. Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги «мазкур ҳолат компаниянинг ички ишлари эканликлари ва ҳокимликка ҳеч қандай алоқаси йўқ эканлигини» ни таъкидлади.
Ўзбекистонда Tarlon енгил зирҳланган йўлтанламасини синовдан ўтказиш бошланди. Машина сиғими 11 кишини ташкил этиб, ҳимоя синфи халқаро стандартларга жавоб беради.
Тўрт ой ичида оффшор ҳудудларга пул ўтказиш орқали Ўзбекистон корхоналари 103 млн долларлик маҳсулотни импорт қилдилар. Маблағнинг асосий қисми Тошкентга тўғри келади — 33 млн доллар. Компаниялар Гонконг, Кипр, Маршалл ва Багама оролларига тўловларни амалга ошириб, дори-дармонларни, махсус жиҳозларни, ускуналарни, нефть маҳсулотлари ва бошқа товарларни олиб киришган.
Қибрай туманида яшовчи икки нафар фуқаро «Салар» шаҳарчаси ҳудудидаги 2 гектар ер майдонини 1 миллион 10 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда мазкур ер эгасини тергов ҳаракатларига жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
«Пахтакор» дан ташқари яна 8 та Суперлига ва 4 та Про лига жамоаларининг акциялари ҳокимликлар ва давлат компаниялари маъмуриятига уларни кейинчалик сотиш шарти билан топширилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги энди «Бунёдкор»нинг эгаси ва бош ҳомийсига айланди.
Долларнинг расмий курси 11,75 сўмга қимматлади ва жами 10 597,75 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, рубль курси кўтарилган, евро эса бироз пасайган.
ОТМларда коррупцияга қарши курашиш «комплаенс-назорат» тизимини бошқариш бўлимлари очилади. Мазкур бўлим бошлиғи лавозими талабалар сони 1 500 кишигача бўлган ОТМларда жорий қилинмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги мусулмонлар учун табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишда эканлигини маълум қилди. Идора «ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга» чақирди.
Ижтимоий тармоқларда Қибрайдаги қулупнай далаларидан бири бульдозер билан бузиб ташланаётгани акс этган видео тарқалди. Лавҳада воқеа жойида ички ишлар ходимлари ҳам бўлганлигини кўриш мумкин. Халқ кенгаши депутати Феруза Бабашева «қулупнайни экишдан олдин тўхтатилса бўлмасмиди?», — деб ёзди. Вилоят ИИБ ердаги ҳосилни териб олиш ёки буздириш ишларига ички ишлар ходимлари алоқадор эмаслигини таъкидлади.
Умид Абидхаджаев Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори этиб тайинланди. У бунга қадар президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари бўлган.
Бош прокуратура даҳлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган андижонлик депутат Шуҳратбек Каримовнинг компанияси ҳаракатлари оқибатида бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилганини айтмоқда. Адлия вазирлиги «депутатни тинтув қилиш ва ўз ваколатларини амалга оширишга монелик қилиш ноқонуний» эканлигини таъкидлади. Вазирлик депутатлар дахлсизлигини бузганларга чора кўриш кераклигини таъкидлади.
Шаҳрисабз шаҳри ҳокимининг қабулига шикоят билан борган аёл маҳалла раиси, «участкавой» ва шаҳар маҳалла бўлими раҳбари томонидан «жиннихонага» тиқиб қўйилган. Ҳолатни ўрганиш учун Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигида ишчи гуруҳи тузилди.
Президент қарори билан Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилди. Унинг ўрнига Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказлари ташкил этилди. Бундан ташқари, руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам бериш учун 24 соат узлуксиз ишловчи «ишонч телефони» рақами йўлга қўйилади.
Ангренда 3 500 АҚШ доллари эвазига Жисмоний тарбия университетига киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди. Шунингдек, пойтахтнинг Миробод туманида 1 500 АҚШ доллар эвазига Москва давлат университетининг филиалига киритмоқчи бўлган шахс аниқланди.
Ўзбекистон президенти ва РЖД бош директори «Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда илгари суриш масаласини муҳокама қилди. РЖД темир йўллар қурилишларига ўзбекистонлик ишчиларни жалб қилишга тайёрлигини билдирди.
Паралимпия қўмитаси ташкил этилгани, ID картаси бор ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходимларига айрим ҳужжатларни тақдим этмаслиги, Ўзбекистонга келтирилган 500 минг доза вакцина, янги тез ёрдам машиналари ва СамДУнинг Каттақўрғон филиали — «Газета.uz»нинг 19 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қозоғистонда COVID-19га қарши эмланишдан сўнг тўртта ўлим қайд этилгани, Ливан ташқи ишлар вазирининг Саудия Aрабистонига нисбатан айтган сўзлари учун истеъфога чиққани, Нью-Йоркда Дональд Трамп компаниясига қарши жиноий иш қўзғатилгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги 11 та тиббиёт олийгоҳини трансформация қилишни топширди. Бу иш Тошкент тиббиёт академиясидан бошланиб, унга Европа ва бошқа ривожланган давлатлардан профессор-ўқитувчилар жалб қилинади.
2020 йилги президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда бўлиб ўтган норозилик намойишларини ёритган Беларусдаги энг йирик нашрларидан бири TUT.BY сайти блокланди. Раҳбариятга нисбатан катта миқдордаги солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича жиноий иш қўзғатилди, журналистлар ва бошқа ходимлар ҳибсга олинди.
Қўқон шаҳридаги «UzGazOil» ёқилғи қуйиш шохобчасида бензовоз ёқилғи тўкиш вақтида ёнди. Жароҳат олганлар ва қурбонлар йўқ.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг