Flynas ва Qeshm Air авиакомпаниялари Эрон устидаги ҳаво ҳудуди ёпилгани сабабли Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди. Хусусан, чоршанба кунидаги Жидда — Тошкент — Жидда ва Теҳрон — Тошкент — Теҳрон парвозлари бекор қилинди.
Ўзбекистонда октябрь ойи илиқ об-ҳаво билан бошланади, 5 октябрдан эса ҳарорат фони пасая бошлайди, ёмғир ёғади. Ой давомида ҳарорат кечалари +8…+15, кундуз кунлари +15…+28 даража атрофида бўлади. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда 2024 йил якунигача PayPal, Alipay, UniPay, Apple Pay, Google Pay каби халқаро онлайн тўлов компаниялари мамлакат тўлов тизимлари ва банк хизматларига улаш режалаштирилмоқда. Ҳукумат қарорига кўра, зарур ҳолларда, бу учун миллий қонунчилик талаблари қайта кўриб чиқилади.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилда персона нон грата деб эълон қилинди. Бу билан Гутерришнинг Исроилга кириши таъқиқланди. Исроил ташқи ишлар вазири бунинг сабаби сифатида бош котиб Эроннинг Исроилга қилган ҳужумини «қатъий қоралай олмагани»ни келтирди.
Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб давлат-бошқарув, ҳарбий, илмий ва саноат туризми каби туризмнинг янги турлари жорий қилинади. Шунингдек, Tourist map интерактив портали ишга туширилади. Paypal, Apple Pay, Google Pay каби тўлов компаниялари Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига уланади.
Прокурорлар ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарни қоплаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик билан боғлиқ ишлар бўйича суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Самарқанд шаҳрида тормози ишламай қолган «КамАЗ» олдиндаги 7 та енгил автомашинага урилиб, уларни суриб кетди. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар бўлмаган, ҳозирда суриштирув олиб борилмоқда.
Исроил Эроннинг оммавий ракета ҳужумларига «муҳим жавоб зарбаси»ни тайёрламоқда. Эҳтимолий нишонлар Эроннинг нефть ва ядровий объектлари бўлиши мумкин, деб ёзмоқда Ғарб ОАВ.
Олмазор туманидаги мактабда тунда футбол ўйнагани борган болалардан бири дарвоза тўсинига осилиб, ундан йиқилиб тушди. 17 ёшли йигит йиқилганидан сўнг унинг устига дарвоза тўсини қулаши ортидан вафот этди. Олмазор тумани прокуратураси ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Ўзбекистон сенаторлари фермерларнинг бирлашиши ва ҳамкорликда фаолият юритиши мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги янги қонунни маъқуллади. Амалдаги қонун 1998 йилдан буён кучда бўлиб келмоқда.
Наманган вилоятидаги Ахсикент ёдгорлигида археологлар томонидан иккита ноёб ерости йўллари, қадимий раковина, пол ости иситиш тизими, сопол қувурлар топилди. Ҳокимлик матбуот хизмати ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида National Geographic ҳужжатли фильм суратга олишини маълум қилди.
Сенат мажлисида «Афросиёб» поездида айрим йўналиш чиптаси авиачиптадан қимматлиги, хизмат кўрсатиш сифати пастлиги айтилди. Транспорт вазири поездларда мобиллик ва хизмат сифатини ошириш бўйича режалар ҳақида сўзлади. Шунингдек, 1 январдан тезюрар поездларда динамик нархлар бўлиши маълум қилинди.
Ўзбекистонда сўм долларга нисбатан кетма-кет иккинчи ой бироз қадрсизланди. Сентябрь охирида доллар миллий валютага нисбатан 90 сўмга (+0,71%) мустаҳкамланди. Умуман олганда, йил бошидан буён миллий валюта 3,1 фоизга қадрсизланди.
Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги негизида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. У мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи, иссиқхона хўжаликлари ҳамда агентлик манфаатларини кўзлаб судга киритилган даъволар ва шикоятлар юзасидан бож тўламайди.
Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари 1 куннинг ўзида «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонунни қабул қилди ва маъқуллади. Унда креатив иқтисодиёт соҳалари сифатида 15 та йўналиш белгиланган, соҳани ривожлантириш бўйича республика кенгаши ва креатив индустрия паркларини ташкил этиш режалаштирилган.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳудудида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса олийгоҳнинг қурилиши тугалланмаган фаоллар залидан келиб чиққани айтилмоқда. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тел-Авивдан Самарқанд ва Тошкентга учиши режалаштирилган рейси Эроннинг Исроил ҳудудини ўққа тутгани сабаб кечиктирилди. Тахминан икки соатлик кечикишдан сўнг самолёт Ўзбекистонга етиб келди.
Сешанба куни кечқурун Эрон Исроилга 181 та баллистик ракета учирди. 3 киши яралангани хабар қилинган. Ўзбекистон элчихонаси ватандошларни ракета отишмалари вақтида бомба бошпаналарига кириш ва ҳар доим ўзлари билан ҳужжатларини олиб юришга чақирди.
Хитой − Қирғизистон − Ўзбекистон темирйўлини қуриш компанияси офиси Бишкекда ташкил этилди. Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров лойиҳани «аср қурилиши» деб атади.
Сентябрда Ўзбекистонда инфляция 1,23 фоизни ташкил этди. Йиллик инфляция бироз пасайиб, 10,46 фоиз бўлди. Пропан нархи юқори суръатларда — 15,7 фоизга (йил давомида — 52,1 фоизга) ўсишда давом этмоқда. Мол ва қўй гўшти йил бошидан буён 11,3 — 11,9 фоизга, дорилар эса қарийб 25 фоизга қимматлашди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг