Ўзбекистонда ҳафта бошида ҳаво бироз булутли бўлади, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида ёмғир ёғиши кутилмоқда. Чоршанбадан то иш ҳафтаси охиригача ёғингарчилик кузатилмайди, ҳарорат +34…+37, жануб ва чўл ҳудудларда +38…+40 даражагача бўлади.
Жиззах вилоятида Damas ҳайдовчиси ҳайдовчилик гувоҳномасисиз 14 нафар (автомобиль 7 кишига мўлжалланган) йўловчини ташиди.
Korzinka cупермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғатилди. Рақобат қўмитаси компаниянинг «энг арзон нарх» деб эълон қилган маҳсулотларининг нархи бошқа супермаркет ва бозорлардаги нархлардан фарқ қилмаслигини аниқлади. Қўмитага кўра, буни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейиш мумкин.
Норин туманида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланган корхона тизимга 2,3 млрд сўмлик зарар етказди. Ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, корхонанинг норасмий раҳбари процессуал тартибда ушланди.
Футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионатида Испания Англияни мағлуб этиб, тўртинчи бор турнир ғолибига айланди. «Тактика» жамоаси Берлиндаги финал ҳақида ўз фикрлари билан бўлишади.
Хўжаобод туманидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой каналидан 5−6 ёшли қизнинг жасади топилди. У Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан селда оқиб келган бўлиши мумкин. Вилоят ҳокимлигига кўра, фотосурат орқали қизнинг оиласи буни тасдиқлаган.
Якшанба куни ярим тундан бошлаб Тошкент шаҳридаги йўл ўтказгич реконструкция қилинаётган Буюк ипак йўли ва Темур Малик кўчаларининг айрим қисмлари транспорт ҳаракати учун ёпилади.
Жондор туманида аёл хориждаги эри уларнинг ҳолидан хабар олмаётгани ва етарлича пул жўнатмаётганидан жаҳли чиқиб, 3−4 ёшли қизларини калтаклади. Бухоро ИИБга кўра, ҳолат бўйича тергов бошланди ва суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганмоқда.
Сел келиши сабабли Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги кўприкларидан бири қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ, расмийлардан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида иш олиб бормоқда. Қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ҳам кучли ёғингарчиликлардан сўнг сел ҳодисалари кузатилмоқда.
«Ўзсувтаъминот» вакили Ўзбекистонда ичимлик суви учун ҳам ижтимоий норма йўлга қўйилиши ҳақида гап-сўзларга муносабат билдирди. Унга кўра, ҳам сув захираси, ҳам сувни тежаш нуқтаи назаридан яқин келажакда бундай режа йўқ. «Ҳозирча қандайдир лимит қўйишга ҳеч қандай эҳтиёж мавжуд эмас», — деди у.
Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга сайловолди учрашувда нутқ сўзлаётган чоғида суиқасд уюштирилганини чуқур хавотир билан қабул қилди ва кескин қоралади. Президент унга тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Олий таълим вазирлиги томонидан 2024/2025-ўқув йилида хорижий ва хусусий олий таълим муассасаларидан давлат ОТМларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқланди.
Янгийўл туманида ўзи билан бир йўналишдаги Gentra`га урилган Damas ағдарилиб кетди. ЙТҲ оқибатида бир йўловчига тиббий ёрдам кўрсатилди.
Президентликка номзод Дональд Трамп Пенсильваниядаги тарафдорлари билан митинг вақтида номаълум шахс отган ўқдан яраланди. У юзида қон билан Махфий хизмат ходимлари ёрдамида саҳнани тарк этди. Трамп «яхши» ва «хавфсиз» ҳолатда, деди унинг матбуот хизмати. Уни отган шахс ва яна бир киши ҳалок бўлди.
Хива-Андижон йўналишидаги поездда ҳаракатланган санъаткорлар кондиционер тизими ишламаганини билдирди. «Ўзтемирйўлйўловчи» бунга аномал иссиқ келтириб чиқарган носозлик сабаб бўлганини айтмоқда, иқлимшунос эса йил бошидан бери аномал иссиқ бўлмаганини ёзди. Рақобат қўмитаси вазиятни назоратга олди.
Тошкент Кимё халқаро университетининг 2024 йилги битирувчилари дипломларини тантанали равишда қўлга киритди. Маросимда Наманган ва Самарқанддаги филиаллардан ҳам талабалар иштирок этди.
Тошкентнинг Миробод туманидаги Тарас Шевченко кўчаси гастрономик кўчага айлантирилиши режалаштирилмоқда. Қурилиш ишлари 15 июлда бошланади. У ерда ёритиш тизимлари, ўриндиқлар, ахлат қутилари ўрнатилиб, кўчатлар экилади ва бошқалар амалга оширилади.
Ўзбекистонда битта кадастр остида яшаётган тўрттагача оилалар ҳам бор, бир хонадондаги кўп оилалар бир ойда камида 800 кВт/соат электр ишлатади, — деди ҲЭТ расмийси. Шу сабабли уларнинг ҳар бирига алоҳида ҳисобрақам очиш режа қилинмоқда.
Тошкентдаги автосалон мансабдорларига нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилди. Улар 19 нафар фуқарога автомашина олиб келиб беришини айтиб, 6 млрд 169 млн сўмни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Франция ҳукумати Олимпиада ўйинлари олдидан 5 мингга яқин бошпанасиз мигрантни Париждан кўчирди, деб ёзди The New York Times. Улар автобусларда бошқа шаҳарларга олиб кетилиб, махсус бошпаналарга жойлаштирилмоқда, шундан сўнг баъзилари депортация қилинмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг