Ўзбекистонда Cyber university давлат университети ташкил этилади. Олийгоҳ рақамли технологиялар ва киберхавфсизлик соҳасида кадрлар тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади.
Миграция агентлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан Japan Career портали ишга туширилди. Унда Япониядаги меҳнат миграцияси, таълим ва яшаш имкониятлари ҳақида ўзбек, рус ва япон тилларида маълумотлар бериб борилади.
Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳрида миллийликни тарғиб қилишга доир қарор имзолади. Унга кўра, миллий либослар ва миллийликни тарғиботини ўз ичига олган «Миллий Тошкент» лойиҳаси амалга оширилади. Шаҳардаги давлат ишхоналари ходимларига миллий либосларда юриш тавсия этилади.
Сречко Катанец футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетди. Унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартнома бекор қилинди.
Тошкент шаҳрида яшовчи бир гуруҳ шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келгани аниқланди. Тезкор тадбирлар давомида 130 млн сўмдан ортиқроқ қийматга эга дорилар мусодара қилинган.
Дональд Трамп агар Россия урушни тўхтатиш бўйича музокаралардан бош тортган тақдирда, санкциялар билан таҳдид қилди, шунингдек, Путинни «ақлли» деб атади. У Путин билан «жуда тез муддатда» гаплашишни режалаштираётганини маълум қилди.
Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Президент фармони билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжатда маҳсулотлар экспортини 2025 йилда 4 миллиард долларга етказиш асосий мақсадли кўрсаткичлардан бири сифатида белгиланган.
Жанубий Кореяда 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида туғилганлар сони бир йил олдингига нисбатан 3 фоизга ошди. Бу COVID-19 пандемияси туфайли кечиктирилган никоҳлар тиклангани билан ҳам боғлиқ. Аммо мамлакат 0,72 туғилиш даражаси билан дунё бўйича энг паст кўрсаткичлардан бирини қайд этиб турибди.
Туркиянинг Болу музофотидаги ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 76 кишига етди, 52 киши жароҳат олди. Иш доирасида 9 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам қўлга олинди. Мамлакатда бир кунлик миллий мотам эълон қилинган.
Президент фармони билан пахтани биржа орқали сотишнинг янги механизми ишга туширилмоқда. Янги тартибга кўра, пахта етиштириш учун олинган имтиёзли кредитларни йил охиригача сўндирган хўжаликларга фоиз тўловларининг 4 фоиз пункти субсидия сифатида қайтариб берилади.
Ўзбекистонда жиноят содир этилган маҳаллаларда илмий ташкилот ва таълим муассасалари томонидан илмий ёндашувлар асосида ўрганишлар ўтказилади. Миллий гвардия бошлиқлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарларига криминоген вазият оғир маҳаллалар номма-ном бириктирилади.
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидан Тошкентдаги Қибрай туманигача 300 метрлик ерости қувури орқали Аи-92 маркали бензин ташиш билан шуғулланганлар ушланди. Икки ўзбекистонликка жиноят иши қўзғатилди, уларнинг қозоғистонлик шериги бўйича қўшни давлат ҳукуматига мурожаат қилинди.
Президентга паррандачиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди. Жорий йилда 1 млн тонна парранда гўшти, 10,5 млрд тухум етиштириш, экспортни 2 карра ошириб, 180 млн долларга етказиш кўзда тутилган. Бу учун, хусусан, кам қувватдаги ёки тўхтаб қолган корхоналар молиявий соғломлаштирилади.
Акром Василов «Ўзбекэкспертиза» бош директори в.в.б. этиб тайинланди. У бунга қадар «Марказсаноатэкспорт» давлат-акционерлик ташқи савдо компанияси ҳамда «Ўзсаноатэкспорт»да турли лавозимларда ишлаган.
Япония Ўзбекистонга Тошкентда Неврология ва инсульт маркази қуриш ва жиҳозлаш, шунингдек, Самарқанд ва Бухородаги тиббиёт муассасаларини ускуналар билан таъминлаш учун 147,3 миллион доллар миқдорида кредит ажратди.
2024 йилда Ўзбекистон яна газни экспортдан кўра кўпроқ импорт қилди ва соф импортёр мақомини сақлаб қолди. Импорт қиймат жиҳатдан 2,4 баробар — $1,68 миллиардгача ўсди. Экспорт ҳам ошди — $627,6 миллионгача ёки 18,4%. Хитой эса Ўзбекистон газини $726,26 миллионга сотиб олганини маълум қилди.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида «ГАЗель» белгиланмаган жойдан ўтаётган пиёдани уриб кетди, оқибатда у ҳалок бўлди. Машина бошқарувни йўқотиб, BYD ва Matiz билан ҳам тўқнашди. Аҳоли мазкур ҳудудда пиёдалар ўтиш жойи йўқлигини таъкидламоқда ва масъуллардан ҳаракат хавфсизлигини яхшилашни сўрамоқда.
Ўзбекистон президенти Туркиянинг Болу провинциясидаги курорт меҳмонхонасида ёнғин чиққани ва камида 66 киши ҳалок бўлгани юзасидан мамлакат етакчисига таъзия йўллади.
Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти лавозимини тарк этди. Равшан Эрматов ЎФА раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг