МБ асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида қолдирди. «Энергия нархлари эркинлаштирилиши таъсири камайиши кутилаётганига қарамасдан, инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолаётгани пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда», — дея қайд этган регулятор.
Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори ўқитувчиларга ўқувчилар формаси учун пул йиғишга кўрсатма берди. «Нимчаси бўлмаса, дарвозадан чиқариб юбораман, менга формасиз ўқувчи керак эмас», — деди у. Мактаб таълими бошқармаси директор жаримага тортилгани ва бундай ҳолатни кескин қоралашини билдирди.
Бўстонлиқ туманида «Чиноркент» темирйўл бекати 22 январь куни фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан Тошкентдан Хўжакентгача бўлган электропоезд қатнови 1,5 км масофага — Чорвоқ шаҳарчасида яқинида жойлашган «Чиноркент» бекатигача узайтирилди.
Бухоро вилояти Жондор туманида 4 магнитудали ер силкиниши қайд этилди. Зилзила эпицентри Тошкентдан 526 км узоқда жойлашган.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 6% га ўсган. 2025 йил учун прогноз 5,8% ни, 2026 йил учун эса 5,9% ни ташкил этади, бу Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Марказий банк ҳозирда банк назоратидан ташқарида бўлган бўлиб тўлаш бозорини тартибга солиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бўлиб тўлашни тақдим этадиган хизматлар нобанк кредит ташкилотлари деб ҳисобланиши мумкин.
Криминология тадқиқот институти жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида шартнома асосида пулли хизматлар кўрсата бошлайди. Институт экспертлик, илмий-тадқиқот, ноширлик, матбаа хизматларини тақдим этади. Нархлар бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланади.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи Тимур Кападзе миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланди. Бунда унинг «мураббийлик истеъдоди, масъулияти, жамоа аъзолари орасида мавқеи» инобатга олинди. Аввалроқ собиқ мураббий Сречко Катанец соғлиғидаги муаммолар сабаб вазифасидан озод этилганди.
Ўзбекистонда энди тегишли соҳадаги давлат экспертлик ва олий таълим муассасалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлигини ўрганади. Бунда хулосалар тавсиявий хусусиятга эга бўлади, улар инобатга олинмаганда келишмовчиликлар жадвали тайёрланади.
Президент қарори билан Зокир Ишпулатов сув хўжалиги вазири ўринбосари — Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори лавозимига тайинланди. У бунгача Вазирлар Маҳкамаси котибияти бош мутахассиси бўлиб ишлаган.
Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб банклар учун устав капиталининг энг кам миқдори 500 миллиард сўмгача оширилди. Бугунги кунга қадар тўртта банк ушбу талабни бажармаган, Марказий банк улардан иккитасининг актив операцияларини чеклаб қўйди.
Олийгоҳларда регистратор офислари очиб, олий таълим ва илм-фан хизматларини қамраб олган ягона рақамли тизим жорий этиш режалаштирилмоқда. Дуал таълимда иштирок этаётган корхоналар рағбатлантирилади. Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманган техника университетлари ташкил этилади.
Telegram`даги «Nazorat Uz» канали маъмурлари овқатланиш тармоқлари раҳбарларидан катта миқдорда пул талаб қилганликда гумонланмоқда. Улар ошхонада суварак чиққани акс этган видеолар борлигини айтиб, тадбиркорларни қўрқитган. Ҳолат юзасидан уч кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда экологик маркировка белгиси тасдиқланди. Экология вазирлиги «Яшил белги» тизимини тартибга солиш бўйича ваколатли органи ҳисобланади ҳамда унга бир қанча вазифалар белгиланди.
Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўртасида 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ва 2026−2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳада стратегик шериклик дастурини имзолади.
Апрель ойида Самарқандда Европа Иттифоқи — Марказий Осиё биринчи саммити бўлиб ўтади. Аввалроқ тадбир ЕИда ўтган йили янги ҳукумат тузилгани сабабли 2024 йилдан 2025 йилга кўчирилган эди.
Ўзгидромет 23−27 январь кунлари Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди.
Тошкентда адвокат 26 ёшли фуқаронинг 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини енгиллаштириш учун 20 минг доллар олганда ушланди. У 15 минг долларни шу ишга алоқадор бошқа шахс — банк юристига топширган. Ҳуқуқшунос ҳам тезкор тадбирда қўлга олинган.
Ўзбекистонда Cyber university давлат университети ташкил этилади. Олийгоҳ рақамли технологиялар ва киберхавфсизлик соҳасида кадрлар тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади.
Миграция агентлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан Japan Career портали ишга туширилди. Унда Япониядаги меҳнат миграцияси, таълим ва яшаш имкониятлари ҳақида ўзбек, рус ва япон тилларида маълумотлар бериб борилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг