Ўзбекиситонда юридик шахсларнинг жойлашган ери ўзгарганда улар қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан озод этилди. Шунингдек, суғурта қилдирувчилар суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўламайдиган бўлди.
Арманистон ва АҚШ стратегик шериклик тўғрисидаги хартияни имзолади. Ҳужжат доирасида хавфсизлик ва мудофаа, иқтисодиёт ва демократия соҳаларида ҳамкорликни кенгайтирадиган махсус комиссия тузилади. Арманистон ИШИДга қарши коалицияга қўшилади.
Терговчилар иккинчи уринишда Жанубий Кореянинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Юн Сок Ёлни исёнчиликда айблаб ҳибсга олди. Бу амалдаги, лекин ҳокимиятдан четлатилган давлат раҳбарининг қўлга олинишидаги илк ҳолатдир.
Абу Дабидаги халқаро саммитда Экология вазирлиги ва БААнинг Tadweer Group компанияси ўртасида Бухорода 10 га майдонда чиқинди ёқиш заводи қуриш ва электр энергияси олиш бўйича шартнома имзоланди. 200 млн долларлик лойиҳа қурилиши бу йил бошланади ва 21 минг хонадонни электр билан таъминлайди.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида 35−40 ёш атрофидаги 6 нафар Ўзбекистон фуқароси қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарланди ва вафот этди. Бош консулхона мамлакатдаги ўзбекистонликларга мурожаат қилди.
Президент Абу Дабида БААнинг етакчи компаниялари делегациялари билан учрашди. Томонлар инфратузилма, шаҳарсозлик, энергетика, транспорт, логистика соҳаларида ҳамкорликни муҳокама қилди. Нодир металларни ўзлаштириш, «қуруқ» портлар қуриш, таълим ва тиббиёт лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида сулҳ тузиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар «якуний босқичда», деди келишувга воситачилик қилаётган Қатар ТИВ.
Humo тўлов тизимини сотиб олган Paynet рақобатчиларидан устунликка эга бўлиши борасидаги хавотирларга жавобан адолатли рақобат тарафдори эканини билдирди.
Туркия компанияси Чилонзор ҳокими ўринбосари билан музокарада «Бешёғоч» бозори ўрнида йирик бизнес маркази қуришни таклиф қилди. Ҳокимлик лойиҳа ҳозирча муҳокама босқичида эканини айтди: «Айни вақтда лойиҳа аниқ амалга ошиши, унинг муддатлари ва қиймати ҳақида ҳеч қандай режалар йўқ».
Шавкат Мирзиёев Абу Дабида БАА сунъий интеллект вазири билан илғор технологияларни ривожлантиришга қаратилган стратегик шерикликни кенгайтириш йўлларини кўриб чиқди. Генератив СИни ишлаб чиқиш, уни турли соҳаларда қўллаш, СИ университетида талабаларни ўқитиш дастурини жорий этишга келишилди.
Ватан ҳимоячиси деганда фақат эркаклар тушунилиши керакми? Аёллар-чи? Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳам ҳарбий хизматга бориши керакми? «Газета.uz» мухбири 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент аҳолисининг бу борадаги фикрларига қизиқди.
Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади. «Бугунги кунда барчамиз — қайси соҳа, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда», дейилади табрикда.
2020 йилда ҳокимиятни ушлаб қолишга уриниш бўйича АҚШ сайланган президенти Дональд Трампга қарши далиллар судда айблов ҳукми чиқариш учун етарли бўларди, дейилади терговни олиб борган махсус прокурор ҳисоботида. У, шунингдек, Капитолийга бостириб кириш учун жавобгарликни Трампга юклади.
Президент Ўзбекистон Марказий Осиёда «яшил» энергетика бўйича қўшма лойиҳалардан манфаатдор эканини таъкидлади. «Минтақамиз улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой. Бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкоримизга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз», — деди у.
Депутатлар Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Депутат Илҳом Абдуллаев қимор ўйинларини реклама қилиш бўйича чекловлар белгиланмагунча букмекерлар фаолиятига рухсат бермаслик кераклигини таъкидлади.
Самарқанд шаҳрида 6 км узунликдаги ерусти метроси қурилиши режалаштирилмоқда. Метро янги қуриладиган «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ҳудудида бўлади.
Ўзбекистонда тадбиркорлар учун бепул курсларга эга онлайн платформа — «Кичик бизнес академияси» ишга тушди. Дастлабки учта курсдан бизнесни «кулранг» дан «оқ ранг»га ўтказиш, ресторанни ривожлантириш ва ижтимоий тармоқларда дўконни тарғиб қилишни ўрганиш мумкин.
2024 йилда Ўзбекистонда такси бозорининг ҳажми 5,89 трлн сўмга етди. Бир қатнов учун ўртача тўлов 18 456 сўмни ташкил қилди. Йил давомида деярли 320 млн саёҳат амалга оширилган бўлиб, уларнинг 23,7 фоизи карта орқали тўланган. Йўловчилар асосан Nexia, Cobalt, Lacetti автомобилларида ташилмоқда.
Сўнгги тўрт йил ичида АҚШ ва унинг иттифоқчилари кучлироқ бўлди, мамлакат рақиблари эса заифлашди, деди президент Жо Байден ўз маъмуриятининг ташқи сиёсатини сарҳисоб қилар экан. «Айни пайтда Қўшма Штатлар глобал рақобатда ғолиб келмоқда», — деди у.
Спорт курашлари ассоциациясига раҳбарлик қилиб келган Салим Абдувалиев лавозимдан кетди. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ассоциация раиси этиб сайланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг