ИИВ департаменти Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида ерни талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлади. Улардан бирида тадбиркор ерини бошқа шахсга 1 млн 340 минг долларга ноқонуний сотмоқчи бўлгани, иккинчисида эса икки фуқаро ҳокимлик ерини 20 минг доллар эвазига олиб бермоқчи бўлгани айтилмоқда.
Энергетика вазирлиги Бухоро вилоятида кучли шамол оқибатида юқори кучланишдаги 2 та электр узатиш тармоғида юз берган носозлик тўлиқ бартараф этилганини маълум қилди. Шунингдек, вазирлик 21 февраль куни 12 минг тонна мазут ёқилганини қайд этди.
Тошкентдаги уй-жойларнинг иккиламчи бозордаги ўртача нархи бир йилда деярли 20 фоизга ошди, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотида. Январда иккиламчи уй-жойлар ўртача нархи квадрат метри учун 1122 долларни ташкил этди. Бектемир, Сергели ва Яшнободда нархлар бироз ошди.
Энергетика вазирлиги метан «заправка»лар фаолиятига киритилган чекловлар 22 февралдан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, аввалдан белгиланган режа-график асосида босқичма-босқич олиб ташланаётганини маълум қилди.
Бош прокуратура Дўстлик туманидаги боғча тарбияланувчиси вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатди. Бир ҳафта аввал оилавий нодавлат МТТнинг қаровсиз қолган 3 тарбияланувчиси кўчага чиқиб кетган ва 3 ёшли қиз боғчадан 1 км узоқликдаги фермер хўжалиги ариғидан ўлик ҳолда топилганди. Боғча ёпилди.
23−29 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг ўзгариши сабабли Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида қор кўчиши хавфи эълон қилинди.
Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида бўлиб ўтган «Келажак ўйинлари» турнирининг очилиш маросимида иштирок этиб, мусобақани 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур 2023 йилнинг ноябрь ойида Япония императори Нарухито фармони билан «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан тақдирланган эди. Тошкентда орденни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Қозонда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. У Путиннинг бўлажак сайловларда ғалаба қозонишига ишончи комил эканини таъкидлаб, Ўзбекистонга таклиф қилди. Томонлар спортни ривожлантириш, қўшма фонд яратиш, Трансафғон темирйўли лойиҳаси ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Европа Иттифоқи Россияга қарши 13-санкция пакетини қўллаш бўйича келишиб олди, у Украинага босқиннинг икки йиллиги арафасида тасдиқланади. 200 та компания ва жисмоний шахсларга санкция қўйилган. Санкциялар, шунингдек, Россиянинг дронлар ишлаб чиқаришини чеклайди.
Европа Иттифоқи давлатлари ҳаво сифати стандартларини кучайтириш бўйича келишувга эришди. 2030 йилга келиб PM2,5 майда заррачаларининг рухсат этилган ўртача йиллик концентрацияси 25 мкг/м3 дан 10 мкг/м3 гача камаяди.
Azon Global портали асосчиси Мубашшир Аҳмад Туркиядаги депортация марказидан чиқарилди. Аввалроқ Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилган эди.
Тошкент шаҳрида тадбиркор қурилиш учун ер майдони бўлмаса-да, икки компания орқали коттежларни бўлиб-бўлиб, бошланғич бадал эвазига сотиб олишни таклиф қилган. У 27 млрд сўмни ўзлаштириб, 1,4 млн долларни хориждаги валюта биржасига ўтказган. Ҳозирда маблағларнинг бир қисмини қайтаришга эришилган.
Аввалроқ 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган диний блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) озодликка чиқди. Олий суднинг назорат органи унинг қамоқ муддатини икки суткага қисқартирди.
Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўл линиясини реконструкция қилишнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Таъмирлаш ишларининг биринчи босқичига «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан 120 нафар ишчи жўнатилди. Фото.
«Моня» номи билан танилган Мунисахон Алижонова Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди. У одам савдосида айбланиб 2023 йилдан бери қидирувда эди. Бу йил бошидан буён шу каби айбловлар билан Ўзбекистонга депортация қилинган тўртинчи аёл ҳисобланади.
UzAuto Motors ҳамда InfinBANK`дан янги таклифга биноан энди Chevrolet Onix автомобилини йилига 16,99 фоиз ставка билан кредитга сотиб олиш мумкин.
Ўзбекистондаги бир қанча банклар Contact пул ўтказмалари тизими билан ишлашни тўхтатганини маълум қилди. Ушбу хизматнинг оператори QIWI Банк бўлиб, унинг лицензияси Россия Марказий банки томонидан қайтариб олинди.
Мадриддаги Ўзбекистон элчихонасида Испаниянинг BioGreen Road компанияси вакиллари билан қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Компания сувни гелга макромолекуляр айлантириш технологияси тақдимотини ўтказди.
Транспорт прокуратураси Туризм қўмитасидан Panorama Airways хусусий авиакомпанияси билан ҳамкорлик қилган ва минглаб Ўзбекистон фуқароларини Саудия Арабистонида қолиб кетишига сабабчи бўлган 39 та турфирма фаолиятини тўхтатиб туришни сўради. Турфирмаларнинг мансабдорларига жиноий иш қўзғатилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг