Марказий банкнинг бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси илк бор 12 900 сўмдан ошди. Йил бошидан буён миллий валюта 2023 йилнинг шу давридаги 10,2% га нисбатан 4,56% қадрсизланди.
Жаҳон банки «Миллий электр тармоқлари» Хоразм вилоятидаги янги қуёш электр станциясидан электр энергияси харид қилиши учун Ўзбекистонга банк кафолати кўринишида 3,5 млн доллар ажратди. Уни Франциянинг Voltalia компанияси қуради.
Тадбиркор, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент билан учрашувда пойтахтда «ягона экотизим доирасида» 1200 ўринли олтита янги меҳмонхона очиш режалари ҳақида маълум қилди. Шунингдек, у Кливленддаги Америка тиббиёт маркази билан биргаликда катта клиника қуришни режалаштирган.
16 декабрь куни Ўзбекистон бозорида Chery брендининг икки йиллиги муносабати билан ADM Global компаниялар гуруҳи кенг кўламли дилерлик конференциясини ўтказди, унинг асосий воқеаси янги Chery Tiggo 2 Pro кроссовери тақдимоти бўлди.
Грузиянинг TBC Bank Group гуруҳи вакили Оливер Хьюз банкларга фойдаланувчи маълумотларини «булут»да сақлашга рухсат беришни сўради. Президент ақлий ҳужум ўтказиш ва таклифлар киритишни буюрди. «Гап фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳақида кетяпти… Бу ерда хато қилишга ҳаққимиз йўқ», — деди у.
Уч йиллик монетизация тарихида илк марта Telegram даромадга чиқди, деб хабар берди унинг асосчиси Павел Дуров. 2024 йилда Telegram Premium обуначилари сони 12 миллиондан ошди. Компания «криптоактивларни ҳисобга олмаганда, 500 млн доллардан ортиқ нақд пул захиралари билан йилни якунламоқда».
Мудофаа вазири, генерал-майор Шухрат Халмухамедов Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раиси этиб сайланди.
Жанубий Корея Россиянинг Курск шаҳрида ўтган жангларда камида 100 нафар Шимолий Корея аскари ҳалок бўлгани, 1000 дан ортиқ аскар яраланганини маълум қилди. Шунингдек, Пхеньян қўшимча кучлар юборишга тайёрланаётган бўлиши мумкин. КХДР Россия-Украина урушига 10−12 минг нафар ҳарбий юборгани айтилади.
Сурия собиқ президентининг рафиқаси Асма Асад ажрашиш учун ариза берди, у соғлиғидаги муаммолар сабабли Москвадан ўзи туғилган Лондонга кетмоқчи, деб ёзди Haberturk нашри. Россия президенти матбуот котиби эса бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқда.
Ўзбекистонда гибрид автомобилларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, мотоцикл ва тиркамалар учун рақам белгиларини бериш учун тўловлар камайтирилади. Мопед ва скутерларни рўйхатдан ўтказиш нархи БҲМнинг 1,5 бараварини, рақам бериш ҳам 1,5 бараварни ташкил этади.
2024 йилнинг сўнгги иш ҳафтаси ёғингарчиликсиз ўтиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кундузи +10, жанубда +15 даражагача исийди. Кечалари кузатилаётган совуқлар аста-секин кучсизлашади.
Тошкент метроси илк марта Янги йил байрами муносабати билан 31 декабрь куни соат 05:00 дан 1 январь соат 02:00 гача йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Рақобат қўмитасига йил бошидан буён кўп қаватли уйлар қурилиши билан боғлиқ 1700 га яқин мурожаат келиб тушди, 129 та корхонанинг шартномаларида қатор қоидабузарликлар, жумладан, лойиҳаларни топшириш муддати белгиланмагани аниқланган. Қўмита шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқишни сўради.
Санкт-Петербургда ўзбекистонлик эркак ўзи билан бирга яшаган, Ўзбекистонда туғилган аёлни ўлдириб, унинг жасадини уй ертўласига яширди. Эркак ватанига қайтгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига ўз жинояти ҳақида хабар берган.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш ноябрь ойида ҳам пасайишда давом этди ва 3,67 млрд куб метргача тушди (2023 йил ноябрига нисбатан -3,3 фоиз). Кўрсаткич 11 ойда деярли 2 млрд куб метрга камайди. Дизель ишлаб чиқариш 37,1 фоизга, бензин 12,4 фоизга, нефть 8,7 фоизга камайди.
АҚШ Беларусда яшаётган америкаликларни мамлакатни тарк этишга, шунингдек, у ерга бормасликка чақирди. Бунга «Беларусь расмийларининг маҳаллий қонунларни ўзбошимчалик билан амалга ошираётгани, ҳибсга олиш хавфи ва тартибсизликлар эҳтимоли» сабаб қилиб кўрсатилган.
Президент фармони билан ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Фармонга кўра, ҳокимликларга балансидаги кўчмас мулкларни муайян шартлар асосида тадбиркорларга тўғридан-тўғри 10 йилга ижарага бериш ваколати берилмоқда.
Ўзбекистон 2025 йилда Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES) томонлар конференциясига мезбонлик қилади. Тадбир 2025 йилнинг 24 ноябрь-5 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Авазжон Каримов спорт вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар вазир маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.
Президент қарори билан кураш спорт турини оммалаштиришга оид бир қанча чора-тадбирлар белгиланди. Унга кўра, 2026 йилдан бошлаб Халқаро кураш институти фаолиятини молиялаштириш Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетидан республика бюджетига ўтказилади ҳамда ҳар йили 4,5 млрд сўм маблағ ажратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг