«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодиржон Сидиқов, мамлакат расмий статистикасида акс эттирилганига қарамай, газ қазиб олиш камаймаяпти, деб ҳисоблайди. Ишлаб чиқаришнинг пасайиши ҳақида энергетика вазири гапирган, «Ўзбекнефтгаз» эса ишлаб чиқариш прогнозини пасайтирганди.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика вазирлари куз-қиш мавсумида ўзаро электр етказиб бериш, унинг соатлик ҳисобини юритиш механизмини жорий этиш, режадан ташқари оқимларни ҳисоблаш бўйича шартномаларнинг амалдаги шартларини қайта кўриб чиқиш ва бошқалар бўйича келишувларга эришди.
Ўзбекистон делегацияси Кобулга ташрифи давомида Афғонистонга сармоя киритишни кўпайтириш, бу мамлакат ҳудуди орқали транзитга қўйилган чекловларни бекор қилиш ва юкларни Покистонга олиб ўтишда транзит тўловларини камайтириш, божхона хизматлари фаолиятини узлуксиз режимга ўтказишни муҳокама қилди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев юзлаб юк машиналари тўпланиб қолган қирғиз-қозоқ чегарасидаги «вазиятни тартибга солиш» бўйича топшириқ берди. Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги аввалроқ Қозоғистонни товарлар ҳаракати эркинлигини чеклаётганликда айблаганди.
Мустақиллик байрами муносабати билан сентябрь учун пенсия ва нафақа тўловлари (нақдсиз шаклда) 29−31 август кунлари пластик карталарга ўтказиб берилади. Пуллар нақд шаклда олувчиларга 4 сентябрдан етказиб берилади.
Статистика агентлиги январь-июль ойларида электромобиллар импорти қарийб 6 баробарга ошганини маълум қилди. Мамлакатга бундай транспорт воситалари энг кўп Хитой ва Гонконгдан олиб келиняпти.
Президент мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновни I даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотлади. Шунингдек, бош прокурорнинг 2 нафар ўринбосари, Олий суд раиси ўринбосари, прокуратура, ИИВ ва бошқа идоралар ходимлари ҳам тақдирланди.
Наманган вилоятига Хитойнинг Yutong компаниясидан 100 та янги автобус олиб келинади. ZK6890HG моделидаги автобусларнинг дастлабки 20 таси бир ҳафта ичида етказиб берилиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев президентликка собиқ номзодлар Улуғбек Иноятов ва Алишер Қодировни, шунингдек, депутат ва сенаторлар, Enter Engineering, SANEG компаниялари вакиллари, Uzbekistan GTL, «Ўзметкомбинат» лойиҳалари раҳбарлари ва бошқаларни орденлар билан тақдирлади.
Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари С.К. «Док-1 Макс» сиропи қонуний ҳужжатлар билан рўйхатдан ўтганда ҳам, ундаги заҳарли моддаларни аниқлаб бўлмаслигини таъкидлади. У Ўзбекистонда дори ишлаб чиқариш ва текшириш бўйича белгиланган амалдаги тартибнинг ишончсизлигига шаъма қилди.
«Миллий электр тармоқлари» Тошкент халқаро аэропорти тунда электр таъминотидан тўлиқ узилганини рад этиб, 4 та тармоқдан фақат 3 тасида узилиш кузатилганини маълум қилди. «МЭТ» Uzbekistan Airports`га 35 кВлик ҳамда захира тармоқнинг ишчи ҳолатини сақлаш мақсадга мувофиқлигини ҳам тушунтирди.
Фармацевтика агентлигининг собиқ ходими «Док-1 Макс» иши бўйича судда агентлик собиқ раҳбари иккита компанияга тайинланган инспекцион текширувни бекор қилиш бўйича топшириқ берганини айтди. Амалдор эса буни инкор қилиб, ҳужжатга билмасдан имзо қўйиб юборган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига 50 минг долларга тенг офис жиҳозларини топширди. Улар одам савдоси соҳасидаги жиноятлар бўйича маълумотларнинг ягона марказлаштирилган ахборот базасини ривожлантириш мақсадида тақдим этилди.
Ўзбекистонда ҳафта давомида илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат +25…+30 даража атрофида бўлади. Айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши, қисқа муддатли ёмғир ёғиб ўтиши мумкин.
Париж кўчаларида 1 сентябрдан электросамокатларни ижарага бериш хизматлари фаолиятини якунлайди. Шаҳар ҳокимияти бу масала бўйича апрель ойида референдум ўтказган ва натижаларга кўра бундай компаниялар билан шартномаларни янгиламасликка қарор қилинган.
Тожикистонда якшанба куни ёғиб ўтган кучли ёмғирлар сабабли Ваҳдат ва Рудакий ҳудудларида 13 киши ҳалок бўлди. Мамлакат президенти ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
Душанба куни Афғонистонда 5,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг кучи Ўзбекистоннинг бир неча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида сезилиб, 2−3 баллни ташкил этди. Ўзбекистонда кетма-кет 3 кундан бери ер силкинишлари қайд этилмоқда.
2024 йилдан Ўзбекистонда нотариуслар квартиралар билан тузилган битимларни мулкдорнинг уй-жойни сақлаш учун мажбурий бадал ёки тўловлар бўйича қарзи бўлмаган тақдирдагина тасдиқлайди.
Шаҳар подстанциясида авария рўй бергани ортидан Тошкент аэропортида қисқа вақтга электр таъминотида узилиш бўлди. Бу парвозларни таъминловчи объектлар таъминотига таъсир қилмади. Парвозларда кечикиш кузатилмади. 15 дақиқа ичида қувват тикланди.
Ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов биринчи раунддаёқ нигериялик Онориеде Эвариэме устидан муддатидан аввал ғалаба қозониб, профессионал рингдаги 13-ғалабасини қўлга киритди (видео).
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг