Шуҳрат Ғаниев президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача бош вазир ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали гаплашди. Мулоқотда иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, турли соҳаларда, жумладан, энергетика соҳасида манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Самарқанд туманида AUDI икки нафар пиёдани уриб кетди. Оқибатда уларнинг иккиси ҳам вафот этди. Гумонланувчи ҳибсга олинди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисига янги ўринбосарлар этиб Жалолиддин Ҳамроқулов ва Уйғун Ғофуров ҳамда Тошкент ислом институтига янги ректор этиб Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов тайинланди.
UzAuto Motors ҳисоб дастурий таъминотини амалга ошириш муносабати билан шартнома тузиш, автомобилларни топшириш ва тўловларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Компания жараён 4−5 кундан ортиқ давом этмаслигини маълум қилди.
Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Достон Ёқубов Қатардаги халқаро мусобақада учта олтин медални қўлга киритди.
Декабрь сўнгида соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган Амрилло Иноятов тизимда 2023 йилни Коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қилди. «Ишонч телефони сифатида ўзимнинг шахсий рақамимни ҳам киритаман», — деди у. Вазирлик тизимида 2020 йил ҳам коррупцияга қарши кескин кураш йили бўлганди.
Яккабоғ туманида Nexia-2 автомашинаси 4 пиёдани уриб юборди. Улардан 3 нафари воқеа жойида, 1 нафари шифохонада вафот этди. Ҳайдовчи тегишли тартибда ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.
Чортоқ туманида бошқарувни йўқотиб, каналга тушиб кетган Nexia-2 ФВВ қутқарувчилари томонидан олиб чиқилди. Машина салонида икки киши бўлган.
Ўзбекистондаги божхона омборларида декабрь ойида келган «Док-1 Макс» препаратининг учта партияси (тахминан 60 минг қути) ва ундан олдин келган икки партияси сақланмоқда. Мамлакатда унинг таъсирида вафот этган 20 га яқин бола воқеасидан кейин дори-дармонларни сотиш тақиқланди.
Одам савдоси жинояти бўйича гумонланаётган аёл Куала-Лумпурдан Тошкентга экстрадиция қилинди. Уни қўлга олиш Тошкент Интерпол ва Куала-Лумпур Миллий марказий бюроларининг ҳамкорлигида амалга оширилди.
Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи ўзбек-тожик давлат чегараси яқинида номаълум шахслар томонидан 26 кг наркотик модда қолдириб кетилди. Гиёҳвандлик воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Иштихон туманида тадбиркор 2,3 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Истеъмолчи фойдаланилган электр энергияси миқдорини сунъий равишда бузиб (пасайтириб) кўрсатиб келган.
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни янгисига алмаштириш муддати (берилган вақтига қараб) 2023 йилда якунланади. Ҳозиргача 2 млндан ортиқ «права», 557 мингдан ортиқ «техпаспорт»лар янгисига алмаштирилмаган. ИИВ ҳайдовчиларни эътиборсиз бўлмасликка чақирди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Янгийўл туманида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётган «заправка»ни аниқлади. Ҳолат бўйича АГТКШ ва «Ўзтрансгаз» ҳудудий бошқармаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бухоро шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган ўқув маркази ертўласида портлаш содир бўлди. 3 дона эшик ва ром жойидан силжиган ва 70 кв.м майдонда том қисми пластик қопламаси зарарланган. Жароҳат олганлар йўқ.
Қамчиқ довони қор кўчкиси хавфи юзага келгани сабабли ёпилди. Ҳудудда қолиб кетган йўловчиларга махсус рейс орқали поезд қатнови йўлга қўйилди ва исиниш масканлари ташкил этилди.
Тижорат банклари 4 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 170 — 11 260 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 300 — 11 305 сўм.
Сирдарё вилояти ССВ раҳбари ўринбосари «Док-1 Макс» дори воситаси 7 нафар бемор болага ножўя таъсир қилганини маълум қилди. Ҳозирда улардан 4 нафари соғайиб чиққан, 3 нафари эса жонлантириш бўлимида даво-муолажаларини давом эттирмоқда.
Тошкентда собиқ «Юбилейний» спорт мажмуаси ўрнида Alpomish муз саройи фойдаланишга топширилди. Спорт иншоотини реконструкция қилиш ишлари дастлаб 2020 йил 1 сентябргача якунланиши режалаштирилган бўлса-да, икки йилдан ортиқ давом этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг