Президент Владимир Путин Ўзбекистон фуқароларининг Россияга киргандан сўнг рўйхатдан ўтиш муддатини 7 кундан 15 кунгача узайтириш бўйича қарорни ратификация қилди. Худди шундай тартиб Ўзбекистонга ташриф буюрувчи россияликлар учун ҳам назарда тутилган.
Пандемия даврида очилган Сардор Раҳимхон бошчилигидаги «Юрак амри» хайрия фонди вақтинча ёпилди. Ташкилотчи қарор ортидан хатоларни ислоҳ қилиб, расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсад қилинганини таъкидлади.
Беларуснинг биринчи раҳбари Станислав Шушкевич 88-ёшида вафот этди. У 1991 йилда СССР тугатилиши ва МДҲ ташкил этилиши бўйича Беловеж келишувларида Беларусь вакили сифатида иштирок этган эди.
Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ўзбек чегарачиларининг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган отишма ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, дея хабар бермоқда ТИВ. «Чегарадаги вазият тинчлигича қолмоқда, жанубий чегараларни ҳимоя қилиш одатдаги режимда олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Сешанба куни Россиянинг Москва вилоятидаги Митиши шаҳрида 2 ўзбекистонлик ва уй эгаси кўп қаватли бинода чиққан ёнғин туфайли вафот этди. Ёнғинга сигарета қолдиғи ўчирилмагани сабаб бўлгани айтилди.
Президент Сергели туманидаги Қипчоқ кўчасини Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Шота Руставели кўчалари билан боғлайдиган янги йўл ва кўприкнинг очилишида иштирок этди. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг ёзидан бери олиб борилаётган эди.
Шахматнинг рапид йўналиши бўйича FIDE ўсмирлар жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Умида Омонова (16 ёш) жаҳон чемпиони бўлди, Ҳумоюн Бекмуродов (12 ёш) эса кумуш медали соҳибига айланди.
Ўзбекистон «Чегарасиз репортёрлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида 24 поғонага кўтарилиб, 133-ўринни эгаллади. Бундай кескин ўзгариш рейтинг методологиясининг янгилангани билан боғлиқ. Мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият олдингидек «мураккаб» дея баҳоланмоқда.
ОТМга ўқишга кириш учун берилган имтиёзлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг қатъий рўйхати ягона ҳужжатда шакллантирилиши мумкин. Тегишли президент қарори лойиҳасида ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоидани ўрнатиш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, ўқишни кўчириш жараёни рақамлаштирилиши мумкин.
Ўзгидромет прогнозига кўра, 4 май куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмаяпти.
2 май куни Ўзбекистонда фақатгина 1 кишида коронавирус аниқланди. Олдинги кунлари коронавируснинг янги ҳолатлари 20 тача атрофида эди.
Апрель ойида товарлар ва хизматлар нархлари 1,47%га қимматлашди. Йиллик инфляция бироз пасайиб, 10,4%га тушди. Озиқ-овқат нархлари олдинги йилларга нисбатан секинроқ, саноат товарлари эса тезроқ ўсган.
Самарқандда «Микрокредитбанк» филиали раҳбари тадбиркорга кредит ажратиб бериш эвазига 10 минг доллар пора талаб қилиб, айтилган сумманинг 6 мингини олаётганда қўлга тушди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
ДХХ Тошкент вилояти Бекобод туманидаги халқаро ўтказиш пунктида Тожикистондан кириб келган юк поезди вагонининг ғилдираклари орасида 1 килограмм 949 граммлик «опий» гиёҳвандлик воситаси борлигини аниқлади. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.
Президент ўзининг байрам табригида Рамазон ҳайити дунё аҳлини ўзаро дўст ва биродар бўлиб, тотувлик ва ҳамкорликда яшашга даъват этишини таъкидлади. «Юртимизда барқарорликни таъминлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қадимий ва ўлмас қадриятларга таянган ҳолда тараққиёт сари жадал одимлаш — давр талабидир», — деди у.
Ўзбекистон ўтган йил августида мамлакатга учиб келган ҳарбий самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтаришни режалаштирмаяпти, чунки улар АҚШ мулки ҳисобланади ва бу масала расмий Вашингтон томонидан ҳал қилиниши керак. Бу ҳақда «Америка Овози»га берган интервьюсида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги «Sputnik Афганистан» агентлигининг Ўзбекистоннинг учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво маконини бузиб ўтгани ҳақидаги хабарини рад этди.
Мусулмонлар идораси Рамазон ҳайити намози вақтларини эълон қилди. Ҳайит намози Тошкент шаҳрида соат 05:40 да, бошқа ҳудудларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 май — душанба кунига тўғри келиши тўғрисида қарор қабул қилди. 3 ва 4 май эса қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди.
Автопойга ва дрифт ишқибозлари учун Тошкент шаҳрида полигон ажратилиши мумкин. Бу борадаги таклифни пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билдирди ва уларга ҳаваскор даражасида қараш кераклигини айтди. Ҳозир ушбу қоидабузарлик учун 5−15 суткага қамаш жазоси қўлланилади. Ҳокимнинг фикрича, «ҳамма нарсага тақиқ қўйиш шарт эмас».
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг