Интеллектуал мулк агентлиги йирик компаниялар вакиллари ўз брендларини сохталаштирилишдан қандай ҳимоя қилишлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашган «Газета.uz» материалига жавобан, қалбакилаштиришга қарши қандай чоралар кўрилаётгани ва нима учун ҳуқуқбузарликларга қатъий жазо қўллашдан ўзини тийиб турганини маълум қилди.
Президент қарори билан туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, туманлар ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган светофорлар ўрнатилади.
Республиканинг барча туман ва шаҳарларида «Хавфсиз йўл» индекси жорий қилинади. Унда ҳудудларнинг йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ҳолати 29 та индикатор бўйича ҳар чоракда баҳоланади. Шунга кўра, туман ва шаҳарлар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.
Президент қарорига мувофиқ, 1 декабрдан ҳайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларни ҳисоблаш бошланади. Унга кўра, бир йилда қоидабузарликлари 12 баллдан ошган ҳайдовчи маълум муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Қоида бузмаган ҳайдовчиларга эса бонус баллари берилади.
1 апрель куни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг илк мавсуми якунланди ҳамда ғолиблар эълон қилинди. Натижаларга кўра, ушбу мавсум давомида фуқаролар жўнатган жами 70 мингга яқин ташаббусдан 2215 таси ғолиб бўлди. Ушбу лойиҳаларга овоз бериш жараёнларида эса 6,7 млн кишидан кўпроқ аҳоли иштирок этди. Ғолиб деб топилган ташаббусларнинг 34 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш лойиҳалари бўлди.
Март ойида келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари мос равишда 15 фоиз ва 15,4 фоизгача кўтарилди. Респондентлар нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифтида валюта курсининг ўзгариши, ёқилғи ва транспорт хизматларининг нархлари қимматлашиши кабиларни келтиришган. Йил бошида МБ 2022 йилда инфляция 9 фоиздан паст бўлишини прогноз қилганди.
Ходимларни штат қисқаришидан огоҳлантирган Адлия вазирлиги, карантин вақтида ҳисобланмаган пенсияларни тўлиқ тўлаб берилиши, қиличбозлик бўйича илк ўзбекистонлик жаҳон чемпиони, Оксана Чусовитинадан яна янги соврин, ҳафта иссиқ бўлиши кутилаётгани, QR-кодли чек учун Сурхондарёда «самосуд» қилинган журналист ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 4 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Орадан икки йил ўтиб Uzbekistan Airways Тошкентдан Парижга бўлган мунтазам авиарейсларни қайта тикламоқда. 29 апрелдан 10 июнга қадар қатновлар ҳафтасига икки марта амалга оширилади.
Мактабгача таълим вазирлиги маълум қилишича, 2 ёшдан боғчаларга қабул қилиш пуллик хизмат кўрсатиш шаклида амалга оширилади. Боғча раҳбари ва ота-она ўртасида шартнома тузилади, бола 3 ёшга тўлгач шартнома бекор қилинади. 2 ёшли болалар гуруҳи дам олиш кунларида ва иш куни тугагандан кейин ҳам ишлашига рухсат берилади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 3,89 сўмга кўтарилиб, 11 408,50 сўмга тенг бўлди. Евро ва рубль курслари эса яна пасайди.
Тошкент шаҳар ҳакамлик суди судьяси ишни жавобгарнинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 4 минг доллар талаб қилиб, шундан 2,5 минг долларни олганида қўлга тушгани айтилмоқда. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
«Бу сўнгги бир неча йил ичида кўпроқ орқага кетган соҳалардан бири. Лекин ижобий нарсалар ҳали ҳам кўп», — деди Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчиси Тим Торлот Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни тасвирлар экан. Унинг сўзларига кўра, журналистлар ва блогерлар унчалик гапиришни хушламайдиган муаммолар ҳали ҳам мавжуд.
Адлия вазирлиги ўз тизимидаги раҳбар ва ходимларни эҳтимолий ишдан бўшатилиш ҳақида огоҳлантирди. 207 нафар туман ва шаҳар адлия бўлими бошлиқлари, 207 нафар ДХМ директорлари билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. «Мақбуллаштириш ва штат қисқариши асосан раҳбар лавозимлар ҳисобига тўғри келмоқда, тумандаги ва хизмат кўрсатувчи биронта штат қисқармади», — дейилади хабарда.
Boston Dynamics қутиларни бир жойдан бошқа жойга кўчира оладиган Stretch роботлари сотувини бошлади. Компания 2022 йилда етказиб бериш режалаштирилган барча роботларни аллақачон сотиб бўлди. Жумладан, DHL 15 млн долларга роботларни харид қилди.
Украина шаҳар ва қишлоқлари 40 кундан бери авиация ва артиллерия ўқлари остида яшамоқда. Жаҳон ОАВ Россия қўшинлари томонидан Киев вилоятида ташлаб кетилган, кўчалари тинч аҳолининг жасадлари билан тўлиб-тошган, баъзиларининг қўллари орқасига боғлаб қўйилган Буча шаҳридан олинган кадрларни чоп этди. Россия Мудофаа вазирлиги фотосуратлар ва видеолавҳаларни «навбатдаги провокация» ва «Ғарб оммавий ахборот воситалари учун саҳналаштириш» деб атади. Фожиа ҳақида нималар маълум ва қандай муносабатлар билдирилди — шарҳимизда.
Пенсия жамғармаси маълум қилишича, фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқи карантин даврида пайдо бўлса, бироқ ушбу муддатда пенсия тайинлаш учун мурожаат қила олмаса, унга пенсия ҳуқуқи пайдо бўлган санадан бошлаб тўлиқ пул тўлаб берилади.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Нодир Девонбеги ва Кўкалдош мадрасаларини кўздан кечириб, уларнинг қаровсиз қолдирилгани ва нураб кетаётгани учун масъул раҳбарларни танқид қилди. Бухоро шаҳар ҳокими, вилоят ҳокимининг ўринбосари ва маданий мерос бошқармаси бошлиғига 10 апрелгача тарихий аҳамиятга молик барча обьектларни ободонлаштиришни буюрди.
Ўзбекистон икки ой ичида 18 та давлатдан беш мингдан ортиқ автомобиль импорт қилди. «Иномарка"лар энг кўп Хитой, Жанубий Корея ва Қозоғистондан келтирилган.
Термизда Kun.uz мухбири ва «Заковат» билимдони Аббос Салайдинов дорихона сотувчисидан QR-кодли чек талаб қилгани учун «самосуд» қилинди. Дорихона эгаси ва сотувчиси унга «қонунни Тошкентга бориб талаб қилишини» айтиб, жисмоний куч ишлатгани ва ҳақорат қилгани айтилмоқда. Дорихона эгаси, сотувчи, хаттоки журналистнинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди.
Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни тест-синовларисиз, тўловларсиз ва соддалаштирилган тартибда кўчириш мумкинлиги тўғрисидаги маълумот тарқалди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари имзоси туширилган хат ва ундаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги маълум қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг