Адлия вазирлиги ўз тизимидаги раҳбар ва ходимларни эҳтимолий ишдан бўшатилиш ҳақида огоҳлантирди. 207 нафар туман ва шаҳар адлия бўлими бошлиқлари, 207 нафар ДХМ директорлари билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. «Мақбуллаштириш ва штат қисқариши асосан раҳбар лавозимлар ҳисобига тўғри келмоқда, тумандаги ва хизмат кўрсатувчи биронта штат қисқармади», — дейилади хабарда.
Boston Dynamics қутиларни бир жойдан бошқа жойга кўчира оладиган Stretch роботлари сотувини бошлади. Компания 2022 йилда етказиб бериш режалаштирилган барча роботларни аллақачон сотиб бўлди. Жумладан, DHL 15 млн долларга роботларни харид қилди.
Украина шаҳар ва қишлоқлари 40 кундан бери авиация ва артиллерия ўқлари остида яшамоқда. Жаҳон ОАВ Россия қўшинлари томонидан Киев вилоятида ташлаб кетилган, кўчалари тинч аҳолининг жасадлари билан тўлиб-тошган, баъзиларининг қўллари орқасига боғлаб қўйилган Буча шаҳридан олинган кадрларни чоп этди. Россия Мудофаа вазирлиги фотосуратлар ва видеолавҳаларни «навбатдаги провокация» ва «Ғарб оммавий ахборот воситалари учун саҳналаштириш» деб атади. Фожиа ҳақида нималар маълум ва қандай муносабатлар билдирилди — шарҳимизда.
Пенсия жамғармаси маълум қилишича, фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқи карантин даврида пайдо бўлса, бироқ ушбу муддатда пенсия тайинлаш учун мурожаат қила олмаса, унга пенсия ҳуқуқи пайдо бўлган санадан бошлаб тўлиқ пул тўлаб берилади.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Нодир Девонбеги ва Кўкалдош мадрасаларини кўздан кечириб, уларнинг қаровсиз қолдирилгани ва нураб кетаётгани учун масъул раҳбарларни танқид қилди. Бухоро шаҳар ҳокими, вилоят ҳокимининг ўринбосари ва маданий мерос бошқармаси бошлиғига 10 апрелгача тарихий аҳамиятга молик барча обьектларни ободонлаштиришни буюрди.
Ўзбекистон икки ой ичида 18 та давлатдан беш мингдан ортиқ автомобиль импорт қилди. «Иномарка"лар энг кўп Хитой, Жанубий Корея ва Қозоғистондан келтирилган.
Термизда Kun.uz мухбири ва «Заковат» билимдони Аббос Салайдинов дорихона сотувчисидан QR-кодли чек талаб қилгани учун «самосуд» қилинди. Дорихона эгаси ва сотувчиси унга «қонунни Тошкентга бориб талаб қилишини» айтиб, жисмоний куч ишлатгани ва ҳақорат қилгани айтилмоқда. Дорихона эгаси, сотувчи, хаттоки журналистнинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди.
Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни тест-синовларисиз, тўловларсиз ва соддалаштирилган тартибда кўчириш мумкинлиги тўғрисидаги маълумот тарқалди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари имзоси туширилган хат ва ундаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги маълум қилинди.
Лас-Вегасда Грэмми мусиқий премиясининг 64-тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бруно Марс ва Андерсон Пакнинг «Leave The Door Open» композицияси «Йил қўшиғи» деб эътироф этилди. «Йил альбоми» бўйича ғолибликни Джон Батист қўлга киритди. Ғолиблар орасидан 19 ёшли Оливия Родриго ва камбэк қилган Канье Уэст ҳам ўрин олган. Қолаверса, маросимга видеомурожаат йўллаган Украина президенти Владимир Зеленский санъаткорлардан жимликни мусиқа билан тўлдиришни сўради.
Александр Вучич Сербия президентлиги сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди. У сайловчиларнинг камида 60 фоизлик овозини тўплади. Шунингдек, Венгрияда ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда амалдаги бош вазир Виктор Орбан бошчилигидаги коалиция ғолиб бўлди.
Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича ёз фасли каби қуруқ об-ҳаво кузатилади. Бу иқлимий меъёрдан +10 даражага юқори. 7 апрелда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
Спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида Оксана Чусовитина 2 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритиб, таяниб сакраш дастурида аёллар ўртасида мутлақ ғолиб бўлди.
Покистон президенти Ориф Алвий бош вазир Имрон Хон таклифига биноан мамлакат парламентини тарқатиб юборганди. Шундан сўнг, бош вазирнинг ўзи ҳам лавозимидан озод қилинди. Имрон Хон муваққат бош вазир тайинлангунга қадар мазкур лавозимда қолади. Мамлакатда парламент сайловлари 90 кундан сўнг ўтказилиши кутилмоқда.
Янгибозор туманида фуқаролар ўз хонадонида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, ноқонуний крипто-активлар майнинги фаолиятини юритиб келаётгани аниқланди. Натижада электр тармоқлари корхоналари манфаатига умумий ҳисобда 235,1 млн сўм зарар етган. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.
«Толибон» ҳаракати бутун Афғонистон бўйлаб фермерларга кўкнори етиштиришни тақиқлади. Аниқланган ҳосиллар йўқ қилинади, қоидабузарлар эса шариат қонунларига асосан жазоланади.
Президент қарори билан Навоий давлат кончилик институти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети этиб қайта ташкил этилди. Самарқандда эса ветеринария медицинаси институти негизида янги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети очилди.
Зуҳриддин Қодиров БААда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати финалида германиялик рақибини мағлуб этди. У Ўзбекистон қиличбозлари ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк спортчи бўлди. ЖЧда Зайнаб Дайибекова бронза медалини қўлга киритди.
Нур-Султон шаҳрида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) контрразведкаси мамлакат президентига суиқасд уюштиришни режалаштираётганликда гумон қилинган «хорижий разведка агенти»ни қўлга олди. Шунингдек, ушбу агент Қозоғистонда Россияга қарши ташвиқот олиб бориш ва жамиятда русофобик қарашларни шакллантириш вазифаларини олгани маълум қилинди.
Қирғизистоннинг Боткен вилояти Марғун қишлоғида Ўзбекистон томонидан қуриб битказилган 3,5 млн долларлик 330 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон кўмагида Самарқандек қишлоғида ҳам мактаб қурилмоқда, Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали-драма театри реконструкция қилинмоқда.
ДХХ Андижонда катта миқдорда қалбаки пулларни ишлаб чиқараётган шахсларни қўлга олди. Жиноий гуруҳнинг шу вақтгача 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгургани айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг