Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳажми 2021 йилда 16% га ошиб, 40 млрд долларга яқинлашди. Бу ЯИМнинг 57 фоизини ташкил этади. Хусусан, 2021 йилда давлат ташқи қарзи 11% га ошиб, 23,7 млрд долларга етган. Хусусий ташқи қарз 2021 йилнинг бошига нисбатан 24 фоизга ўсиб, 15,8 млрд долларни ташкил этган.
2021 йилда Бош прокуратура ходими Самир Раҳмонов 33 ёшида юрак хуружидан вафот этганидан сўнг унинг отаси боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш мақсадида Бош прокуратурани судга берганди. Марҳумнинг отаси ҳам вафот этгани сабабли суд Самирнинг турмуш ўртоғи фойдасига Бош прокуратурадан 951,2 млн сўм бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 млн сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, жавобгар 76,6 млн сўмлик давлат божини ҳам тўлайди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг «ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтиш ва тегишли муолажаларни олиш мақсадида» хорижда даволанаётгани хабар қилинди.
Украинадаги уруш натижасида бир марталик иқтисодий йўқотишлар қиймати 564,9 млрд долларга етди, дея маълум қилди Украина иқтисодиёт вазири. У «рақамлар ўсишда давом этишини» таъкидлади. Шунингдек, Халқаро валюта жамғармасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, уруш натижасида Украина иқтисодиётининг 35 фоизга пасайиши кутилмоқда.
Прокуратура Тошкент ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёлга тегишли жиноят ишини унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни ҳал қилиш учун судга юборди. Аёл «умрбод руҳий хасталик билан бетобланиб келган», шу боис у тергов ва судда тўғри кўрсатмалар бериш қобилиятига эга эмас, деб маълум қилди Бош прокуратура.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш маркази бош директори ўринбосари Абдулазиз Исроилов шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимига тасдиқланди. Унинг вазифалари доирасига шаҳарда сув тошқини ва ёғингарчилик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ҳам киради.
Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков тадбиркор ва экспортчиларни суст қўллаб-қувватлаётган раҳбарларни танқид қилди. 12 та ҳудуддаги туман ва шаҳарлар ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, «Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаларининг тармоқ раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилди.
ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси озиқ-овқат нархлари ва очликка сезиларли даражада таъсир қилишини таъкидлади. У Африканинг кўплаб мамлакатлари Қора денгиз минтақасидан келадиган озиқ-овқат таъминотига боғланиб қолганини қайд этди. Россия ва Украина бутун дунё буғдой таъминотининг 24 фоизини, кунгабоқар ёғи ва кунжара экспортининг тахминан 80 фоизини ташкил қилишади.
Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга оширишга рухсат олди. Парвозлар Sukhoi Superjet 100 самолётларида амалга оширилади.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан бўлган 150 нафар қиз стратосферага ўзлари ясаган учта нано сунъий йўлдошни учирди. UniSat таълим дастури доирасида ишлаб чиқилган мазкур ультразамонавий сунъий йўлдошлар ҳаво ифлосланишини таҳлил қилишга мўлжалланган.
Маданий мерос агентлиги Тошкентдаги 150 дан ортиқ фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар бўлган уйларни давлат ҳимоясига олиш ишлари амалга оширилаётганини маълум қилди. Мозаикалар маданий мерос обектлари рўйхатига киритилгач, уларга зарар етказганлар жазоланади.
1 март ҳолатига кўра, банкларнинг муаммоли кредитлари (NPL) миқдори 265 млрд сўмга пасайиб, 17 трлн 212 млрд сўмга тенг бўлди. NPL камайишида «Ипотека-банк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Халқ банки» ушбу кредитларнинг бир қисмидан ҳалос бўлгани асосий роль ўйнади.
Ўзбекистонга келаётган Туркия президенти, «Очиқ бюджет» порталида маблағ ажратишга овоз бериш жараёнини «тиланчилик» деб атаган «Адолат» партияси вакили, Сурхондарёда картошкага ўхшатиб қадоқланган 154 кг «гашиш», Украинадаги уруш барчани бирлаштирганини айтган Харьковдаги «Наврўз» ресторани бошқарувчиси, Қарши шаҳар ҳокими ҳар икки кунда ўзи қабул қилган битта қарорни бекор қилиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 28 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 12,57 сўмга пасайиб, 11 474,30 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Йирик компаниялар Россияни тарк этиши фонида Ўзбекистон минтақавий саноат ва тижорат ҳабига айланиш учун ноёб имкониятга эга, деб ҳисоблайди тадбиркор Зафар Ҳошимов. «„Хавф ва таҳдид сотувчилари“ бизни яна қўрқитишига ва ўтмишга қайтаришига йўл қўймаслигимиз керак», — деди у.
Судьялар олий кенгаши 2021 йилда 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилгани, яна 220 нафар судья камчиликларга йўл қўйгани учун интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида эса, 22 нафар судья ишдан олинган, 80 нафарига интизомий чора қўлланилган.
28 март ҳолатига e-qaror.gov.uz электрон тизимида 221 та вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари қабул қилган 76 мингга яқин ҳоким қарорлари ҳақида маълумот мавжуд. Ушбу маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳокимиятлар бир йил ичида кунига ўртача 177 та қарор қабул қилган. Қарши шаҳар ҳокими эса ўртача ҳар икки кунда ўзи томонидан қабул қилинган битта қарорни бекор қилади.
«Адолат» партияси вакили Гулнисо Саидова «Очиқ бюджет» порталида фуқаролар муаммолар ечими бўйича ташаббусларни таклиф этиб, бунга овоз тўплаш жараёнини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, «бу ўзларига қадрдон бўлган ташкилот, мактаб, боғча ва ҳоказоларга давлатнинг маблағ ажратилиши учун тиланчиликдир». Сўнгги уч ойнинг ўзида платформада 69,7 минг ташаббусга 5,9 млнта овоз берилган.
Швейцария компанияси Давлат экология қўмитасига электролиз орқали сувни 99,99% гача вируслар, шу жумладан COVID-19, бактериялар ва бошқалардан тозалайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклиф берди. Экоқўмита ҳамкорлик имкониятларини тегишли вазирлик ва идоралар билан кўриб чиқишини маълум қилди.
Сурхондарё вилоятидаги «Айритом» чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган юк машинасига ортилган 22 тонна картошка орасига 154 кг «гашиш» яшириб қўйилгани аниқланди. Ушбу гиёҳвандлик моддаси картошкалар кўринишида қадоқланган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг