Қашқадарёнинг Ғузор туманида чанг бўрони сабабли учта юк машинаси ва учта енгил автомобиль тўқнашиб кетди.
Орол денгизининг куни кутаётган Айдар-Арнасой кўллар тизими, «Шовотландия» кафесини ёқиб юборгани учун бутун умрга қамалган шахслар, чангли бўрон кузатилаётган Қарши, автомобилларни чақириб олаётган UzAuto Motors, Қибрайда қарийб 14 гектар ерни 3,4 млн долларга сотмоқчи бўлганлар, тотализаторлар фаолиятига қарши Русланбек Давлетов, блокланган Twitter пост эълон қилаётган Танзила Нарбаева, Ўзбекистонлаги раҳбарларнинг мутахассислиги ва карьера йўли — «Газета.uz» нинг 21 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент қарори билан жорий йилда «Темир дафтар» га киритилганлар, 18 ёшга тўлмаган фарзанди бор боқувчисини йўқотганлар пенсиясини олувчи оилалар ҳамда 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчиларга бир марталик 800 минг сўм миқдорида моддий ёрдам берилади.
Paymart ҳамкорлик тармоғида 500 дан ортиқ маиший техника, офис ва уй учун, текстиль ва бошқа маҳсулотларни сотадиган дўконлар мавжуд.
Қибрай туманидан 8 та маҳалла, 3 та мактаб ва 5 мингдан ортиқ турар жойлар Тошкентнинг Яшнобод тумани таркибига ўтди.
Февраль охирида Чилонзордаги «Шовотландия» кафесида ёнғин чиқиб, бунинг оқибатида 5 киши вафот этганди. ЖИБ Олмазор туман суди ушбу жиноятни содир этган 36 ва 26 ёшли шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. «Газета.uz» жиноят нима сабабдан ва қандай содир этилганини ҳам аниқлаштирди.
Шавкат Мирзиёев балиқчилик соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилишини маълум қилди. Бундан ташқари, хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга солиқлардан озод этилади.
«Ўзсаноатқурилишбанк» банки эълон қилган қарийб 2,6 млрд сўмлик танловда 2 компания иштирок этган. Банк ушбу компаниялар ўзаро афилланмаганлигини маълум қилди.
Миллий гвардиянинг ҳарбийлаштирилган соқчилик ва қоровуллик бўлинмалари шартнома асосида қўриқлаш хизматларини кўрсатади.
Қибрай туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар ер майдонини 3,4 млн долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Ноқонуний равишда ер сотишга уринишлар Сирдарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ҳам қайд этилди.
Президентнинг янги қарори билан тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган аҳоли ва тадбиркорлик субъетларига имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкали кредитлар тақдим этилади. Ягона электрон платформа орқали ажратилган кредитлар ҳисобидан товар ва хизматлар платформадаги «маркетплейс» тизими ёрдамида сотиб олинади.
Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда БМТТД рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшлар имкониятларини кенгайтириш лойиҳасини ишга туширди. Унинг умумий қиймати — 2,1 млн доллар.
Қарши шаҳрида чангли бўрон ҳодисаси кузатилмоқда. Аввалроқ, Ўзгидромет республиканинг айрим вилоятлари ҳамда чўл ҳудудларида чанг кўтарилиши ҳақида огоҳлантирганди. ССВ чангли ҳаво кузатилганда фуқаролар нималарга эътибор бериши кераклиги борасида ўз тавсияларини эълон қилди.
Турсунали Кузиев Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у агентлик директори вазифасини бажарувчиси эди.
Ўзбекистонда Twitter фаолияти чекланганига қарамасдан, давлат органлари ва расмий шахслар, жумладан Сенат раҳбари Танзила Нарбаева ҳамда президент матбуот хизмати мазкур ижтимоий тармоқда постлар эълон қилишда давом этмоқда. Сенатор Фарҳод Боқиев Сенат раҳбари ким учун твитлар ёзаётганини тушунтиришга ҳаракат қилди.
UzAuto Motors компанияси 5−17-декабрь кунлари ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобиллари орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати туфайли қайтариб олинишини эълон қилди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов ёшлар форуми доирасида тотализаторлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, унинг тарбияга жуда қаттиқ таъсир қилаётганини айтди. Вазирнинг сўзларига кўра, «аҳоли ҳар хил йўлларга кириб қолишининг олдини олиш давлатнинг мажбурияти». «Бу индустрия бизга тўғри келмайди. Шунинг учун давлат бошқаруви жуда қаттиқ бўлиши керак», — деди у.
Сўнгги йилларда Чордара сув омборидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига чучук сув қуйилаётгани йўқ. Сув сатҳининг пасайиши ва таркибининг шўрланиши натижасида қирғоқлари айрим жойларда 15−50 м га чекиниб, 15−20 см гача туз қатлами ҳосил бўлди, сувнинг шўрланиш даражаси кескин ошди. Сенаторлар ва Экология қўмитаси раҳбари ўринбосарлари Орол денгизининг куни бошига тушиши мумкин бўлган экотизим муаммолари ҳақида гапирди.
Парижда қуролланган эркакнинг икки аёлни гаровга олгани, Қирғизистон собиқ президент Акаевга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатгани, Филиппинда тўфон қурбонлари сони 200 кишига етгани, Нидерландияда омикрон туфайли локдаун эълон қилингани, Турк лирасининг тарихий антирекордини янгилагани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Республика таълим маркази мутахассислари янги миллий ўқув дастури учун дарсликлар тайёрлаш жараёни қандай кетаётгани ҳақида сўзлаб беришди. Cambridge`нинг АКТ бўйича дарсликлари маҳаллийлаштирилди, Франция ва Германиянинг француз ва немис тиллари дарсликларини маҳаллийлаштириш режа қилинган. Миллий муаллифларнинг янги дарсликларида танқидий ва ижодий фикрлашни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда, бироқ, муаллифлар мактаби ҳали шаклланмаган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг