Президент фармони билан 2022 йилда қўшимча дам олиш кунлари белгиланди. Унга кўра, иш ҳафтасидан қатъий назар барча ходимлар Янги йил байрами муносабати билан 5 кун дам олади.
«ПЕНОПЛЭКС» компанияси Ўзбекистонда иссиқлик изоляция материалларини ишлаб чиқариш майдонининг қувватини оширмоқда.
Ижтимоий тармоқларда 20 декабрь куни Наманган кўчалари, хусусан «Лола» бозори ва НамДУ олдини сув босгани акс этган видеолар тарқалди.
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фикрича, Ўзбекистонда TikTok фаолиятини тармоқда «кераксиз контентни» кўрганларнинг ўзи чеклаган. Адлия вазири Русланбек Давлетов эса ахборот алмашинуви эркинлиги тарафдори эканлигини маълум қилди. «Ҳозирги асрда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, сиз уни устига ўтириб, жиловлай олмайсиз» — деди у.
АКТ вазири Шерзод Шерматов «Тошкент ёшлар форуми — 2021» доирасида Ўзбекистонда PayPal электрон тўлов тизимининг фаолият юритмаслиги масаласида берилган саволга жавоб берар экан, бу борада ўзгаришлар бўлишига умид билдирди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 7,05 сўмга кўтарилиб, 10 828,37 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Молия вазирлиги «Малика» бозори 125 млрд сўмга сотилгани ҳақида хабарларни рад этди. Тарқатилган маълумотларда сотилган ва сотилиши режалаштирилган объектлар битта жадвалда кетиб қолгани, аммо «Малика» савдо мажмуаси ҳали сотилмагани маълум қилинди.
Халқ таълими вазирлиги мактабларда янги йил байрамини нишонлашни чеклаш тўғрисидаги ўзининг аввалги хабарини рад этиб чиқди. Вазирликнинг янги баёнотига мувофиқ, мактаб ўқувчиларининг ота-оналаридан пул йиғишнинг олдини олиш мақсадида ресторан ва кафеларда янги йил байрамини ўтказиш тавсия этилмайди.
21 декабрь куни бир қатор ҳудудларда шамол 17−22 м/с гача, айрим жойларда эса 25−28 м/c гача кучайиши мумкин. 21−22 декабрда баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳафта давомида мамлакат бўйлаб об-ҳаво ўзгарувчан бўлади. Чўл ҳудудларда эса чанг бўрони кузатилиши мумкин.
Пойтахтнинг Миробод туманида 4940 евро миқдоридаги 2470 дона 2 евролик танга банк орқали алмаштирилгани, банк ходимлари эса уларни текширмасдан қабул қилиб олгани аниқланди. Қашқадарёда эса 2 бош қўй эвазига берилган пулларнинг 20 донаси сохта 100 минглик купюра эканлиги маълум бўлди.
Жиззахлик депутатлар вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг мурожаатномасида савол бермаслиги, қолаверса, телефон билан киритилмаслиги ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу ташаббус кенгаш котибияти мудири ташаббуси эканлигини маълум қилди. Жиззах вилояти ҳокимияти муносабат билдирди.
Учтепа туманида 125 йўналишда ҳаракатланаётган «Mercedes-Benz» автобуси ёниб кетди. ФВВ ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига 6 дақиқада етиб боргани ва олов 4 дақиқада ўчирилганини маълум қилди.
UzAuto Motors 1 февралгача Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатди. Компания бу вақт ичида аввалги буюртмалар етказиб берилишини маълум қилиб, харидорлардан ноқулайликлар учун узр сўраган.
Ангрен кўмир конида 2 та электровоз тўқнашиши натижасида 20 та вагон ағдарилиб кетган, шундан 14 тасида кўмир бўлган. 2 киши енгил тан жароҳати олди.
Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги ошхонада портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, 10 киши жароҳатланган.
Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Ўзбекистондан ўз ватанига қайтган афғонистонлик қочоқлардан бирортаси ҳам ўлдирилгани ёки қамоққа олинмаганини маълум қилди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда яшаётган Афғонистон фуқароларини мажбуран қайтариш режалаштирилмаган.
Давлат статистика қўмитаси orginfo.uz сайти билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот берар экан, фақатгина қўмита номининг манба сифатида келтирилишига эътироз билдирганини маълум қилди. «Давлат статистика қўмитаси Orginfo.uz ва шу каби бошқа электрон платформаларнинг ёпилиши тарафдори эмас», — дейилади баёнотда.
Uzbekistan Airways 24 декабрдан Тошкент — Деҳли — Тошкент йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига 2 маротаба амалга оширилишини маълум қилди.
Тошкентда ўтказилган профессионал бокс кечасида Исроил Мадримов франциялик рақиби Мишель Сорони техник нокаутга учратди, бироқ ҳакамнинг ҳаракатлари туфайли жанг якуни бахсларга сабаб бўлди. Бундан ташқари, кечада Иқболжон Холдоров, Ҳасанбой Дўсматов ва Элнур Абдураимов ўз рақибларини нокаутга учратган бўлса, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев ва Дилшодбек Рўзметов очколар ҳисобига ғалабага эришди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасида 108 та ўйин ўтказиб, 21 та гол уришга муваффақ бўлган Одил Аҳмедов футболдаги фаолиятига якун ясади. «Сизларнинг кўз олдиларингизда бутсиларимни михга илиб, футболчилик фаолиятимни тугатганимни эълон қиламан», — деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг