Афғонистонда терактлар оқибатида бир неча кишининг ҳалок бўлгани, Хитойда болалар учун TikTok’нинг чеклангани, Ҳиндистоннинг 500 минг хорижлик сайёҳга бепул виза бераётгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Тошкент ИИББ ЙҲХБ бўлинмаларида автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисида гувоҳнома бериш ишлари қайта тикланди. Техпаспортларни алмаштириш бўйича мурожаатлар сонининг ортиб кетгани уларни беришда муаммоларни келтириб чиқаргани айтилди.
Қонунчиликка фуқаролик процессида соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти киритилди. Даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 20 бараваридан, ЯТТга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, ишлар соддалаштирилган тартибида кўриб чиқилади.
«Трест-12» қурилиш компаниясини хусусийлаштиришга тайёргарлик кўрилмоқда. UzAssets инвестиция компанияси «рақобатга асосланган сотув жараёни орқали» «Трест-12» устав капиталидаги 51,12 фоизлик акциялар пакети сотилиши ҳақида эълон берди.
Термизнинг «Сурхон» клуби футболчиси Жавоҳир Эсонқулов жамоа сардори, клуб спорт директори ва биринчи вице-президенти томонидан дўппосланганини таъкидлади. Клуб эса Эсонқулов жамоа раҳбарининг кабинетига кираверишдаги деворга уни ҳақорат қилувчи сўз ёзиб қолдирганлигини маълум қилиб, фақат иккита футболчи ўртасида муштлашув бўлганини айтди. Футболчининг рафиқаси уни дубинкалар билан калтаклаганини таъкидламоқда.
Пермь давлат миллий тадқиқот университетида рўй берган отишмада жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган, деб хабар берди ТИВ.
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда амалга оширилаётган қурилиш лойиҳалари билан танишди. Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг 10 қаватли, 650 стационар ва 100 амбулатор ўринга эга бино лойиҳаси тақдим этилди. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» университетининг ўқув кампуси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудидаги янги кутубхона лойиҳаси кўриб чиқилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 12,62 сўмга кўтарилиб, 10 686,70 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курси эса пасайди.
Бугун президент ҳузурида қатор объектлар қурилишига бағишланган тақдимот бўлиб ўтади. Эртага Шавкат Мирзиёев видеоалоқа орқали БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси тантанали очилишида иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
Қорақалпоғистондаги ЙТҲда тўрт киши, жумладан «Халқ сўзи» газетаси мухбири 36 ёшли Саид Махсумов вафот этди.
Тошкент метрополитени бўш вагоннинг ёпиқ эшиклари олдида кўплаб йўловчилар йиғилган видеога изоҳ берди. Поездлардан биридаги ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келган, йўловчилар бекатда тушурилган ва поезд техник кўрик пунктига олиб кетган.
Перм давлат университетида отишма содир бўлди, саккиз киши ҳалок бўлди, олти киши яраланди.
Ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон бўйича асосан қуруқ ва салқин об-ҳаво ҳукумронлик қилади. Ҳафта охирига ҳаво ҳарорати яна кўтарилади.
Андижон вилояти Олтинкўл туманида 6 та автомашина оқибатида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда 1 киши вафот этди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳукумат қарори билан ҳар бир ҳудуддан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз 100 нафар аёлларнинг тўлов-контракти ҳокимликлар томонидан ҳар йили тўлаб берилади. 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилиши ҳам кўзда тутимоқда.
20 сентябрдан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўтказилишига рухсат берилди.
Республика махсус комиссияси қарори билан 24 сентябрдан бошлаб жума ва бошқа намозларни масжиднинг фақат очиқ саҳналарида адо этиш бўйича чеклов бекор қилинди.
20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда томоша, маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғилишларни очиқ майдонлар ҳамда ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилди. Маданий-кўнгилочар объектлар ходимлари ва оммавий тадбирлари ташкилотчилари коронавирусга қарши вакцинанинг камида 2 та дозаси билан эмланиши шарт. Ташриф буюрувчиларда эмланганлик тўғрисидаги QR-кодли сертификати бўлиши тавсия этилди.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 501 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 4 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, якшанба куни 95 кишида пневмония қайд этилди, 1 нафар пневмония бемори вафот этди.
Душанба куни президентликка номзодларнинг сайловолди кампанияси бошланди. «Миллий тикланиш» партияси ташвиқот ишларига старт бериб, баннер ва видероликни эълон қилди. Алишер Қодировнинг фамилияси тўлиқ кўринмаганлиги сабабли, баннерда жумлани қуйидагича ўқиш мумкин: «Алишер Қодир».
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг