Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Тошкентга ташриф буюради. Унинг Ўзбекистондаги ҳамкасби билан музокараларида минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш режа қилинган.
21 апрель куни VI BYD Тошкент халқаро югуриш марафони ғолиблари аниқланди ва тақдирланди. Соврин фонди 720 млн сўмни ташкил қилди.
23 апрель куни соат 10:00 да UzAuto Motors белгиланган муддатда тўлов қилинмагани туфайли аввалги контрактациядан чиқарилган Damas автомобиллари контрактациясини қайта очади. Нархлар ўзгаришсиз қолади.
Самарқанд вилояти прокуратураси 445 млн сўмга 22 дона iPhone 14 Pro Max смартфонларини харид қилди. Республика маънавият тарғибот маркази Тошкент вилояти бўлими 51 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro Max сотиб олди. Бошқа давлат идоралари ҳам смартфонлар харид қилмоқда.
2023 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар 6,8 фоизга ўсиб, 2,44 трлн доллардан ортиқни ташкил этди, дейилади SIPRI ҳисоботида. АҚШ, Хитой ва Россия энг кўп ҳарбий харажат қилган давлатлар бўлди. Россиянинг харажатлари СССР парчаланганидан буён энг юқори даражага етди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтига кўра, Тошкент шаҳрида ижара нархлари пасайишда давом этмоқда. Март ойида ўртача таъмирланган хонадонлар ижара нархида февралга нисбатан 0,61 фоиз, тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижара нархида эса 0,76 фоиз тушиш кузатилди.
Шаҳарлараро автобусда ухлаб қолган аёлнинг кийимини ечиб, кўкрак қисмига тегинган 45 ёшли эркак 15 суткага қамалди. Эркак судда аёлга қўли тегиб кетганини айтган.
Урганч туманида газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 3,3 млрд сўмлик 2 млн 249 минг метр куб газни яширин равишда ўғирлаган паррандачилик фермаси аниқланди.
Ҳафта давомида кўплаб ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Фақат 24 апрелда республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари +13…+18, кундузи +24…+29 даража бўлади. Тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари ва қор кўчиши юзага келиши мумкин.
Ўзбекистонда English Speaking Nation (Инглиз тилида сўзлашувчи миллат) дастури доирасида 18 мингдан ортиқ инглиз тили ўқитувчисининг билим ва малакалари оширилди. Тўрт йил давом этган, қиймати 7 млн доллар бўлган қўшма дастур АҚШ ташкилотлари кўмагида олиб борилди.
Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида Damas ҳайдовчиси 26 йўловчини — боғча ходими ва 25 нафар болани тегишли ҳужжатларсиз ташигани аниқланди. Боғча ходими кечга қолиб кетилгани учун болаларни бир машинага жойлаштиришга мажбур бўлинганини айтди. Автомобиль жарима майдонига қўйилди, ҳайдовчи жазоланди.
Шавкат Мирзиёев 22 апрелдан қисқа муддатли таътилга чиқди. Олдинги сафар у 2023 йилнинг декабрида таътилга чиққанди.
Миробод туманидаги Авлиё ота кўчаси ҳамда ушбу кўчанинг Нукус ва КҲАЙ кўчалари билан кесишмалари 22 апрелдан бошлаб 10 кун муддатга ёпилди.
Истанбулдаги бош консулхона Туркиядаги ўзбекистонликларни телефон орқали ўзини адвокат, полиция ёки махсус кучлар ходими сифатида таништириб, ҳисобрақамга пул ўтказишни сўраётганлардан огоҳлантирди. Консуллик уларга маълумот бермаслик ва ўрнатилган тартибда чақирилишни талаб қилишни тавсия этди.
Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги биринчи фахрий консулхонаси очилди. Унга консул этиб Кянан Жалилов тайинланди.
«Бизнес РБП» — бу Fido-Biznes томонидан яратилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга масофадан хизмат кўрсатиш учун ечим.
22 апрель куни Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллионга етди. Ой бошида бу кўрсаткич 36 963 262 млн нафарни ташкил этганди.
Шаҳрисабз шаҳрида пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган 1-синф ўқувчисини юқори тезликда келаётган Damas уриб юборди. Оқибатда бола шифохонада вафот этди, ҳайдовчи қамоққа олинди.
Энергетика вазирлиги 1 майгача газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов амалга оширилса, эски тарифлар тўлов амалга оширилган кундан бошлаб икки ой давомида амал қилишини билдирди. Бироқ бу фақат ижтимоий норма доирасида (100 кубометр ва 200 кВт/соатгача) амал қилади.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси U-23 Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 2-турида Кувайт устидан йирик ғалабага эришди. Ўзбекистон терма жамоаси рақиб дарвозасига жавобсиз бешта тўп киритди (статистика, видео, фото).
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг