АҚШ Давлат департаменти эндиликда Америка кемалари Панама канали орқали бепул ўтиши мумкинлигини маълум қилганди. Панама ҳукумати буни рад этди. Трамп аввалроқ каналдан ўтиш тарифлари юқорилигини айтган ва канални АҚШ назоратига қайтариш билан таҳдид қилганди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистоннинг пестицидларни таҳлил қилиш бўйича лаборатория салоҳиятини мустаҳкамлаш ташаббусини илгари сурмоқда. Шу мақсадда ўтказилган семинарда соҳада кадрларни тайёрлаш ва инфратузилмани такомиллаштириш муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Швейцария билан Гулнора Каримованинг активларини мамлакатга қайтариш бўйича янги келишув имзолади. Швейцария яна 182 млн долларни Ўзбекистон халқига БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 кўп шериклик траст жамғармаси орқали қайтариши кутилмоқда.
Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац Трампнинг АҚШ бу ҳудудни «ўз назоратига олиши» ҳақидаги сўзларидан сўнг Ғазо сектори аҳолисига «ихтиёрий равишда анклавни тарк этиш» имконини берадиган режа тайёрлашни буюрди. Трампнинг баёноти араб давлатлари томонидан қораланди.
Ўзбекистон Малайзиянинг учта етакчи компанияси билан муҳим минераллар соҳасида қўшма лойиҳалар ташкил этиш бўйича келишувларга эришди. Бундан ташқари, Малайзия ўзбекистонлик мутахассисларни ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш соҳасида ўқитишни йўлга қўймоқда.
Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Туркия элчиси Олган Бекар пойтахт кўчаларидан бирига Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини бериш, турк мактабини кенгайтириш ва турк боғи барпо этиш масалаларини муҳокама қилди. Отатурк кўчасини қайта тиклаш режалари 2022 йилда бошланганди.
Оқдарё туманида Cobalt ҳайдовчиси ЙПХ ходимини машина эшигида судраб кетди. Ҳайдовчи қўлга олинди ва жиноий иш очилди. «ЙПХ ходимидан қочиб, охири қамоққача етиб келдим», — деди у.
Тошкент вилоятида малайзиялик тадбиркорлар учун барча имтиёзларга эга махсус иқтисодий зона ташкил этилди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти. Уларни Ўзбекистонга сармоя киритишга таклиф қилиб, ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида ҳукумат қарори чиқарилишини таъкидлади.
Бош прокуратура Андижон вилоятидаги биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг эркакнинг 13 ёшли қўшниси билан жинсий алоқа қилиш ниятини маъмурий ҳуқуқбузарлик деб топган қарорларига протест киритди. Эркак суд қарори билан 5 суткага қамалганди.
2025 йилнинг январи қиш мавсумининг энг совуқ ойи сифатида ўз номини оқлай олмади ва нисбатан илиқ келди, дея маълум қилди Ўзгидромет. Энг совуқ кечаларда ҳарорат -14 даражагача пасайди. Республиканинг катта қисмида ёғингарчилик, хусусан, қор меъёрдан кам бўлди.
Малайзиянинг Meraque компанияси Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида дрон ва қишлоқ хўжалигининг ақлли технологияларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Компания лойиҳага 4,5 млн доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Сомали Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 157-давлатга айланди. Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сомалининг доимий вакили Абукар Даҳир Усмон имзолади.
Қўқон шаҳрида яширин цехда қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқарган шахслар қўлга олинди. Улардан умумий қиймати қарийб 1,9 млрд бўлган дори ва қадоқлар мусодара қилинди. Гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш очилди.
Нукус шаҳридаги хусусий боғчада тарбиячи ва унинг ёрдамчиси болаларни калтаклади. Қорақалпоғистон прокуратурасига кўра, ҳолат ноябрда бўлган. Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
2023 йил 6 февраль: бу санада Туркия кучли зилзилалардан ларзага келди ва офат 53,5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлди. Ҳодиса 14 миллионга яқин инсон ҳаётига бевосита таъсир кўрсатди. «Газета.uz» кун муносабати билан фожиани ёдга олади, орадан икки йил ўтгач, нималар ўзгарганига назар солади.
Исроил БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқишини эълон қилди. Мамлакат ТИВ раҳбари ташкилот «Яқин Шарқдаги ягона демократия — Исроилни қоралашини» таъкидлади. Аввалроқ Трамп АҚШнинг кенгаш билан алоқалари тўхтатилганини маълум қилганди.
2024 йилда аҳолининг реал даромадлари 8,1% ўсди, бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори. Шу билан бирга, энг бой учта ва энг камбағал учта ҳудуд ўртасидаги аҳоли жон бошига даромадлар фарқи 2,4 бараваргача ошди. Учта вилоятда реал даромадлар сезилмас даражада ўсди.
Ўзбекистонда 1 июлдан уй-жой қурилиши бўйича электрон платформа ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Унда қурувчилар лойиҳаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилиши керак. Харидор платформада қурувчининг рейтинги, аввалги ишлари, муддатларга амал қилиши ва бошқа маълумотларни текшириши мумкин бўлади.
Ўзбекистон президентининг Малайзияга ташрифи чоғида таълим, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларида ҳамкорлик бўйича битимлар имзоланди. Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, сунъий интеллект, рақамлаштириш, «яшил» энергетика, «ақлли» шаҳарлар иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўлади.
Бош прокуратура департаментининг 2024 йилдаги тадбирларида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 1200 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Уларда жами 600 млрд сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, тамаки айланмаси 9 фоизгача қисқариши натижасида акциз солиғи тушуми 31 фоизга ошди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг