Туркиянинг қурилиш, энергетика ва инфратузилмавий ривожланиш лойиҳаларини амалга оширувчи компанияси Ўзбекистон бозорига киришни режа қилмоқда. Томонлар йил охиригача тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилиш учун учрашишга келишиб олди.
Миробод туманида юк машинаси, автобус ва Nexia-3 автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Автоҳалокатга юк машинаси тормоз тизимидаги носозлик туфайли ҳайдовчи транспортни тўхтата олмагани сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида тан жарохат олганлар йўқ.
Ҳукумат қарори билан маданият ва санъатни юксалтириш, унинг халқаро нуфузини оширишда катта ҳисса қўшганлар «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти билан тақдирланади. Бунда 20 та номинация бўйича ҳар бир йўналишда энг яхши 3 нафар номзод танлаб олинади ва овозга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев 20−21 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлади. Икки мамлакат раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралари ўтказилади. Шунингдек, президент ҳафта давомида маҳалла инфратузилмаси, маъмурий ислоҳотлар ва қишлоқ хўжалиги борасида муҳокамалар ўтказади.
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши пойтахт кенгашидан сўнг вилоятдаги транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтиришни маъқуллади. Бу тезликни меъёридан ошириш оқибатида авариялар кўп содир этилаётган 52 та кўчада амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Миробод туманида эркак чақирувга келган «Тез ёрдам» ходими ва ҳайдовчисини калтаклагани айтилмоқда. У ўша пайтда ноадекват ҳолатда ён-атрофдагиларга тажовуз қилаётгани маълум бўлган. Миробод туман ИИБ ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов Нурободга, фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов Пахтаободга ва монополияга қарши курашиш қўмитасида раиси ўринбосари Бекзод Умматов Асака туманига ҳоким этиб тайинланди.
Зангиота, Чиноз, Оҳангарон, Ангрен, Паркент ва Бўстонлиқ туманларини боғлайдиган «Тошкент вилоятининг олтин ҳалқаси» ташкил этилмоқда. Бу бўйича бош режа тузилиб, инфратузилма давлат томонидан ривожлантирилади.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 11,83 сўмга қимматлаб, 11 143,28 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Хвасон шаҳри Савдо-саноат палатаси Ўзбекистонга беғараз асосда учта ижтимоий автомобилни тақдим қилди. Уни Корея Республикасининг савдо ва инвестицияларни ривожлантириш агентлиги (KOTRA) етказиб берди.
Ҳукумат қарори билан давлат органлари ва ташкилотларининг қоровуллик хизматлари ҳуқуқбузарликлар кузатилса, ИИБ ва Миллий гвардия ходимларига хабар беради. Улар келгунча, ҳодиса излари сақланишини таъминлайди. Улар хабар берган жиноят бартараф этилса, 1 марталик пул мукофоти олиши мумкин.
USAID томонидан қўшимча ажратилган $5,35 млн грант Халқ таълими вазирлиги билан инглиз ва ўзбек тиллари, математика ва IT фанларни ўқитишни такомиллаштириш, шунингдек, 8−11-синф ўқувчиларига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон ҳудудида ҳафтанинг биринчи ярмида ёмғирли об-ҳаво кузатилади. Пайшанба ва жума кунлари эса ёғингарчиликсиз ўтади. Ҳарорат кундузи +25 даражагача илиқ, кечаси +8 даража атрофида бўлади.
Қаршидаги манзил колониясидан маҳкум рухсатсиз чиқиб кетди. У 2015 йилда 14 ёшга кирмаган шахсни зўрлагани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди. 2020 йилда эса ёпиқ турдаги қамоқхонадан манзил колониясига ўтказилган. У қўлга олинди ва ҳозирда ёпиқ турдаги колонияга қайтариш масаласи кўрилмоқда.
Қуйи Чирчиқда йўловчи сифатида кетаётган 3 киши такси ҳайдовчисини 14 млн сўм учун бўғиб ўлдиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қўлга олинди. Улар орасида мактаб ўқувчиси ҳам бор.
Ҳукумат қарори билан Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида Параолимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ташкил этилди. Мутахассислар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ёрдамида хорижда малака ошириб келади.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев Сардоба туманига, Ҳамидулло Иномов эса Фарғона туманига ҳоким бўлди. Қолаверса, Қашқадарё ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди. Ҳокимнинг яна бир ўринбосари ва Чироқчи ҳокимига эса «ҳайфсан» берилди.
Қувайтда енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Фарғона шаҳрида 1150 дона «Трамадол», 14 дона «Регапен» ва 141 дона «Тропикамид» каби кучли таъсир қилувчи дори воситаларни хонадонида сақлаб келган фуқаро ва унга алоқадор шахс ушланди. Гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда қўлга олинди.
2022 йилнинг 9 ойида «103» хизматига жами 4 минг 452 та ёлғон чақириқ келиб тушди. ССВнинг маълум қилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан икки баробар кам.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг