Балиқчи туманида юк машинаси билан тўқнашган Nexia 2 автомобилининг 61 ёшли ҳайдовчиси вафот этди.
Каттақўрғон туманида Nexia машинасининг маст ҳайдовчи велосипедда 4 ва 7 ёшли қизлари билан кетаётган йўловчини уриб юборди. Оқибатда ота ва кичик қиз воқеа жойида ҳалок бўлди, ҳайдовчи қамоққа олинди.
Самарқанд вилояти Ургут туманида 21 ёшли ҳайдовчи Cobalt бошқарувини йўқотиб, қаршисидан келаётган Damas`га бориб урилди. ЙТҲ оқибатида Damas машинаси ҳайдовчиси ва икки йўловчиси ҳалок бўлди. Шунингдек, яна уч киши жароҳат олди.
Самарқанд шаҳрида Labo ҳайдовчиси 9 ёшли велосипедчини уриб юборди. Бола тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этди.
Қамчиқ довонида CAMC русумли юк автомобили ўзи билан бир йўналишда кетаётган Isuzu ҳамда Howo юк автомобиллари билан тўқнашган ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб Mercedes-Benz Sprinter автомобилига бориб урилган. Ҳодиса оқибатида 2 киши шифохонага ётқизилган.
Фарғона вилояти Қўштепа туманида ВАЗ-2106 нинг 74 ёшли ҳайдовчиси қарама-қарши йўналишга қайрилаётганда Cobalt`га йўл бермагани учун икки автомобиль тўқнашди. Оқибатда «Жигули» ҳайдовчиси шифохонада вафот этди.
Миробод туманида руль бошқарувини йўқотган Lacetti бетон устунга бориб урилди. Оқибатда ҳайдовчи ва бир йўловчи вафот этди, яна 3 киши шифохонага ётқизилди.
Қўнғирот туманида Lacetti ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши йўлдаги Cobalt билан тўқнашди. Оқибатда 2 ҳайдовчи ва 1 йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди, яна 5 киши шифохонада вафот этди.
Сариосиё туманида Damas автомобили қарама-қарши йўлдаги Nexia 3 билан тўқнашиб, жарликка қулади. Оқибатда ундаги 17 ёшли йўловчи шифохонага ётқизилди.
Нуробод туманида Nexia 3 ҳайдовчиси рулда ухлаб қолиши сабабли йўл четига чиқиб, бир неча марта ағдарилиб тушди. Оқибатда бир йўловчи вафот этди, ҳайдовчи шифохонада даволанмоқда.
Фарғона шаҳрида Damas’нинг орқа эшигини очиб, сакраб тушган йўловчини қарама-қарши йўналишда келаётган бошқа Damas босиб кетди. Фуқаро шифохонада вафот этди.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида Spark тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 64 ёшли аёлни уриб юборди. Оқибатда у шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Каттақўрғон туманида Isuzu йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборди. Жабрланувчи кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этди.
Юнусобод туманида қисқа туташув сабаб Lada Largus машинаси ёниб кетди. Ёнғинда ҳеч ким жароҳатланмади. Ҳозирда ҳолат сабаблари ўрганилмоқда.
Янгийўл туманида ўзи билан бир йўналишдаги Gentra`га урилган Damas ағдарилиб кетди. ЙТҲ оқибатида бир йўловчига тиббий ёрдам кўрсатилди.
Тошкентда Lacetti ёнғин жойига кетаётган Isuzu ўт ўчириш машинасининг орқасига урилди. Енгил автомобиль ҳайдовчисига биринчи ёрдам кўрсатилди.
Сергели туманида юқори тезликдаги Spark қарама-қарши йўлдаги 2 та машинага бориб урилганди. ЙҲХБ ҳодиса оқибатида бир йўловчи вафот этгани ва 2 киши шифохонага ётқизилганини маълум қилди.
Сергели туманида юқори тезликдаги Spark бетон тўсиқ устидан учиб ўтиб, қарама-қарши йўлдаги Honda ва Spark билан тўқнашди. Оқибатда 3 киши жароҳатланди.
Фарғона вилояти Қува туманида бошқарувни йўқотган Lacetti қаршисидан келаётган ВАЗ-2101 билан тўқнашди. Оқибатда «Жигули» ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди. Яна бир ҳайдовчи ва йўловчи шифохонага ётқизилди.
Андижон шаҳрида Cobalt ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган вояга етмаган қизни уриб юборди. Жабрланувчи шифохонага ётқизилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг