Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Космонавтлар майдонини «чиройли қилиш учун» унга 10 кун вақт беришларини сўради. «Ўн кун сабр қилинг. Агар нотўғри бўлса, мени ҳар қанча айблашларингга розиман», — деган шаҳар ҳокими. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ишлар олиб борилиши жараёнида қонунчилик бузилганини тасдиқлади.
Тошкент шаҳар Экология бошқармаси Абдулла Қодирий боғидаги 64 туп дарахт ноқонуний кўчирилганини маълум қилди. Тарахтларни кўчириб ўтқазган тадбиркорга нисбатан 1,35 млн сўм миқдорида жарима тайинланди. Ўсимлик дунёсига 7,6 млн сўмлик зарар етказилган.
15 февраль куни Ўзбекистонда 296 та коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланди. 2 нафар бемор вафот этди, 52 кишида пневмония аниқланди.
ДХХ Тошкент, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилганини маълум қилди. Жумладан, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 32 гектар ер майдонини 35 минг доллар эвазига харидор номига расмийлаштириб бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди.
Бухоро вилояти судининг судьяси Ш. Неъматов судьялик қасамёдини бузгани учун лавозимидан озод этилди. Хоразм ва Навоий вилоятидаги суд раислари эса интизомий жавобгарликка тортилди.
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида маст ҳолда жанжал кўтаргани учун ИИБга олиб кетилган 37 ёшли эркак орадан 4−5 соат ўтиб ўлик ҳолда уйига қайтарилгани айтилмоқда. Туман ҳокимлиги унинг РШТТЁИМ Қарши филиалида оламдан ўтганини маълум қилди. Вилоят прокуратураси суриштирув олиб бормоқда.
Тошкент марказидаги «Марварид» уйи олдида жойлашган Космонавтлар боғини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Бу ерда ўйин майдончалари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилиши кутилмоқда. Пудратчи сифатида Mimar Group компанияси танланди.
Россия Давлат Думасининг Донецьк ва Луганск республикаларини тан олиш қарорини маъқуллагани, Илон Маскнинг 5,7 млрд долларлик Tesla акцияларини хайрия қилгани, Машқларни якунлаган Россия ҳарбийларининг Қримни тарк этаётгани, Техас бош прокурори Кен Пакстаннинг Facebook’ни судга бергани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
«Газета.uz» таҳририятининг Шавкат Мирзиёевга мурожаати, Космонавтлар майдонидаги рухсатсиз амалга оширилаётган реконструкция, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли Ocard сув бренди, Гулнора Каримованинг хориждаги активларини қайтариш учун очиладиган жамғарма, божхонада тўхтатиб қолинган 230 кг героин, Қибрайда юпун кийимда меҳмон кутишга чиқарилган ўқувчи қизлар ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 15 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тадбиркор Мурод Назаров Ocard сув бренди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли эканини маълум қилди. Ocard савдо белгиси патенти J-United Group корхонасига тегишли. Бу компания таъсисчиси эса Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев ҳисобланади.
Президент қарори билан 1 апрелдан молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахслар мукофотланади. Қолаверса, 2023 йил қадар «Электрон назоратчи-тафтишчи» дастурий мажмуаси тўлиқ ишга туширилади. Молия вазирлиги ҳузурида эса Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилди.
Рухсат берилмаганига қарамасдан қурувчилар Космонавтлар майдонидаги гранит плиталарни кўчириб ташлашни давом эттиришди. Туман ҳокими Анвар Сайфутдиновнинг таъкидлашича, дам олиш кунлари сабабли лойиҳа ҳақида олдидан хабар берилмаган. Унинг айтишича, ҳокимият фуқароларга қулайликлар яратишда «яхши мақсадларни кўзлаган». Шаҳар ҳокимияти ваниҳоят лойиҳа эскизини эълон қилди. Чизмада янги мармарнинг ранги аввалгисидан фарқ қилади.
UNICEF Ўзбекистон ҳукуматига вакциналарни сақлаш омборлари учун 500 минг доллардан кўпроқ қийматдаги 118 музлатгич, 7 минг дона термосумка ва тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситаларини топширди (фото).
Heritage Foundation томонидан эълон қилинган «Иқтисодий эркинлик индекси — 2022» рейтингида Ўзбекистон 55,7 балл тўплаган ҳолда 177 давлат орасида 117-ўринни эгаллади. Индекс методологиясига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан «эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолди. Бундан ташқари, 119 давлатда (67,2 фоизида) пасайиш кузатилди.
Қибрай туманидаги 29-мактабда ўқувчи қизлар совуқ ҳаво бўлишига қарамай, юпун кийимда меҳмонларни кутиб олишга чиқарилди. Тошкент вилоят ХТБ тадбир мактаб томонидан эмас, балки «Олтин мерос» хайрия фонди ва «Янги йўл» маҳалласи томонидан ўтказилганини маълум қилди. Мазкур ҳолатга йўл қўйган мактаб раҳбариятига эса чора кўрилиши айтилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 6,86 сўмга пасайиб, 10 837,16 сўмга тенг бўлди. Шунингдек, евро ва рубль курслари кўтарилди.
Тошкент давлат техника университетидаги қурилишда ишлаган ёлланма ишчи маошини ололмаганлиги сабабли ўзини бешинчи қаватдан ташлашга уринди. Ҳодиса жойига етиб борган Олмазор ИИБ ФМБ бошлиғи музокара ўтказиб, 40 ёшдан ошган фуқарони пастга туширишга эришди. Олий таълим вазирлиги ишчига қурилиш ташкилоти маошини тўлаб берганини қўшимча қилди (янгиланди).
2022 йил январь ойида 113,2 минг дона (2021 январига нисбатан 126,4% кўп) автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди. Бундай ўсишга 1 январдан автомобилларни сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ва олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштиришда ундириладиган давлат божи БҲМнинг 3 баробаригача камайтирилиши сабаб бўлган.
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат халқига мурожаати чоғида 16 феврални Бирлик куни деб эълон қилди. Шу куни бутун мамлакат бўйлаб Украина байроғи кўтарилади, 10:00да давлат мадҳияси ижро этилади. Аҳоли хавфсизлик ҳолати ҳақида махсус онлайн-платформа орқали хабардор этиб борилади.
Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни мамлакатга олиб келиш учун 2 та махсус поездлар қатнови йўлга қўйилади. Поездлар 18 ва 25 февраль кунлари Волжский шаҳридан йўлга чиқади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг