Депутатлар ов қуролига эгалик қилишнинг минимал ёшини 21 ёшдан 25 ёшгача оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ҳужжатда барча турдаги пневматик қуролга эгалик қилишни ички ишлар органларининг рухсатномаси орқали амалга ошириш ва фуқаро эгалик қилиши мумкин бўлган қуроллар сонини 3 дона билан чегаралаш таклифи ҳам илгари сурилмоқда.
БААда бўлиб ўтган таэквондонинг WТ йўналиши бўйича Fujairah Open-2022 турнирида Ўзбекистон делегацияси 7 та медални, шу жумладан, 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронзани қўлга киритди. Мусобақада олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов ҳам қатнашиб, ғолиб бўлди.
Президент қарори билан чорвачилик билан шуғулланувчилар томонидан импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари 2025 йилга қадар божхона тўловлари ва утилизация йиғимидан озод қилинади. Қолаверса, 2023 йил 31 декабргача йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми (4000 сўм) ва сутнинг ҳар бир литри (400 сўм) учун субсидия икки бараварга оширилади.
Шавкат Мирзиёев 1500 тадан ортиқ маҳаллада марказлашган ичимлик суви таминоти йўлга қўйилмагани, 2 мингга яқин боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари ичимлик сувини ташиб келишга мажбур бўлаётганини маълум қилди. Бунинг ечими сифатида келгуси 5 йилда соҳага 40 трлн сўм инвестиция йўналтирилиши ва ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилиши айтилди. 2022 йилнинг ўзида бюджетдан 2 трлн сўм, халқаро молия ташкилотларидан эса 245 млн доллар жалб этилади.
Сешанба куни 778 нафар фуқаронинг коронавирусга топширган тест таҳлили мусбат натижани кўрсатди (бир кун олдин — 773 нафар эди), қолаверса, яна 133 киши (129 киши) пневмонияга чалинди. COVID-19 асоратлари оқибатида 4 киши вафот этди.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси мактаб ўқитувчилари ота-оналардан узр сўраган йиғилиш Марҳамат тумани ҳокимининг шахсий ташаббуси бўлганлигини маълум қилди. Туман ҳокими Бобуржон Йўлдошев бу ҳолатлар «ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса», улардан узр сўрашини айтди.
Президент қарори билан 2022−2023 йилларда 10 дан ортиқ янги турдаги экспертизаларни ўтказиш йўлга қўйилади. Жумладан, видео ва фототехника, видеоларда транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш, газли ва электрошокер қуроллар, автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари портлаши, қолаверса, интернетда булутли сервислар экспертизаси ўтказилади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов халқаро ҳамжамият Aфғонистонда амалга оширилаётган ҳар қандай ижобий қадам ва ўзгаришларни рағбатлантириши кераклигини таъкидлади. Ўзбекистон ТИВ раҳбари асосий вазифа мамлакатда гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш эканлигини эслатди. «Вазиятнинг кескинлашиши жамиятда радикаллашув, турли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар, экстремизм кучларининг кучайишига олиб келиши мумкин», — деди вазир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, академик Турғунпўлат Даминов 81 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг оила аъзоларига таъзия изҳор этди. Турғунпўлат Даминов кўп йиллар давомида Тошкент давлат тиббиёт институти ректори сифатида фаолият юритган.
Президент қарори билан Ўзбекистонда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадлари учун 2022 йилда Жаҳон банкидан 300 млн доллар кредит маблағлари жалб қилинади. Қолаверса, «Ветеринария фидойиси» ва «Чорвачилик фидокори» кўкрак нишонлари таъсис этилади.
Январь ойида Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига мурожаат қилган беморларнинг 96% коронавирусга қарши вакцина олмаганлиги айтилди. Касалланганларнинг фақат 4,1 фоизи ковидга қарши эмланган, улар орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган. ССВ вакцина олмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам кузатилганлигини таъкидлади.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактаблардан бирининг директори ва ўқитувчилари таълим сифати ҳамда битирувчиларнинг ОТМларга кириш даражаси пастлиги учун ота-оналардан кечирим сўрашга мажбур қилинди. Бу иш ҳоким ёрдамчиси ва туман ХТБ раҳбарининг ташаббуси экани айтилмоқда. ХТВ ҳолатни кескин қоралади. Жамоатчилик фаоллари ҳодиса учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов жавоб бериши кераклигини айтишмоқда. Туман ва вилоят ҳокимлиги ҳам муносабат билдирди.
Путин ва Макрон учрашуви якунлари бўйича энг муҳим янгиликлар, Франция Украинага 1,2 млрд евро ажратаётгани, Хитойлик олимлар COVID-19`ни тўрт дақиқадан камроқ вақт ичида аниқлаш йўлини топгани, АҚШ Кобул аэропорти теракт ташкилотчилари ҳақидаги маълумотлар учун 10 млн доллар мукофот элон қилгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
8 февраль куни соат 03:00 ларда Нукус шаҳрининг Гоне қала ҳудудида кўчага янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилгани аниқланди. Буни кўрган фуқаро зудлик билан тез ёрдамга мурожаат қилган. Унинг айтишича, тез ёрдам фельдшери Икрам Жуманиязов совуқдан ҳимоя қилиш мақсадида чақалоқни уст кийимига ўраган ва биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган. У ҳозирда реанимацияда, оғир аҳволда. Чақалоқнинг онаси аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини муносабат билдирган сиёсатчилар ва жамоатчилик фаоллари, президентни ҳақорат қилгани учун 3 йилга қамалган блогер, сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилган Марказий банк, Республика махсус комиссияси фаолияти юзасидан изоҳ берган Русланбек Давлетов, «шакар заводлари бизга керакми?» деган саволни ўртага ташлаган Миркомил Холбоев ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 8 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
2021 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил аралашуви билан 53 нафар маҳкум озодликка чиқарилди. Жумладан, 48 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишларига, 3 нафар маҳкумни жазоси эса шартли равишда озод этишга ва 2 нафар маҳкумники уй қамоғига алмаштирилган.
Андижон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарлари 57 млрд сўм миқдоридаги молиявий қонунбузарликлар, камомад ва ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Ҳозирда прокуратура мазкур ишни ўрганмоқда.
24−26-март кунлари биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. Форумда яшил энергиядан инновацион саноатгача, қишлоқ хўжалигидан иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача бўлган мавзулар муҳокама қилинади.
2021 йилда IT Park резидент компаниялари томонидан 2,5 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилди, шундан 46 млн доллар экспорт ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2020 йилга қараганда 2,8 баробар кўп. Қолаверса, ўтган йили IT Park резидентлари сони жами 523 тага етди, йил давомида 104 та янги компания ташкил этилган, 124 та компания эса резидентликдан маҳрум этилди.
Протекционизм ҳар доим таъкидланганидек, ёмон ва зарарли қарор. Унинг қанчалар зарарли эканлигини 2020−2021 йилги шакар бозоридаги тенденциялардан ҳам кўриш мумкин. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш истеъмолчиларнинг камбағаллашишига олиб келиши ҳақида — «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев мақоласида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг