Июннинг биринчи иш ҳафтасида об-ҳаво Ўзбекистон бўйича қуруқ бўлиши кутилмоқда. Фақат 4−5 июнь кунлари Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат ҳафта бошида 32, кейинроқ 35 даражагача исийди.
ССВ ёзда аҳоли, айниқса, болалар ўртасида авж оладиган ўткир диарея белгиларини санаб, қандай қилиб касалликнинг олдини олиш мумкинлиги бўйича тавсиялар берди. Гигиенага риоя қилиш, қайнатилган сув ичиш, шифокор маслаҳатисиз антибиотикларни қўлламаслик шулар жумласидан. Батафсил.
Президент ва тадбиркорларнинг йиллик мулоқоти бу йил Қорақалпоғистонда бўлиб ўтади. У ерда халқаро бизнес-форум ҳам ўтказилади. Очиқ мулоқотни ташкил этиш бўйича комиссия тузилди. «Қорақалпоғистонда бизнес юритинг» дастури доирасида йирик брендларни республикага жалб этиш режалаштирилмоқда.
«Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, унинг ўғли, акаси — жами 37 кишига нисбатан 3 июндан очиқ суд бошланади. Судланувчилар товламачилик, жиноий уюшма ташкил этиш, фирибгарлик, қасддан баданга шикаст етказиш, безорилик ва ЖКнинг бошқа моддалари бўйича айбланмоқда.
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан пойтахтдаги Амир Темур хиёбони атрофида отлар паради бўлиб ўтди (100 бошга яқин зотдор от қатнашди). Миллий гвардия ва ички ишлар органлари отлиқ кавалерия бўлинмалари иштирокидаги параддан «Газета.uz» фоторепортаж тайёрлади.
Тошкентдаги «Ашхобод» кўнгилочар боғи директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғи оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузгани ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун 15 суткага қамалди. Уларнинг «текинга нарса тарқатиш» акциялари боғда 40 мингга яқин одам тўпланиши ва хавф туғдиришга сабаб бўлди.
Якшанба куни Qatar Airways авиакомпаниясининг Доҳа-Тошкент йўналиши бўйича биринчи рейси учиб келди. Мунтазам парвозлар ҳафтасига тўрт марта, Airbus А320 самолётларида амалга оширилади. Тошкент компания учун Марказий Осиёга қатнов йўлга қўйган Олмаотадан кейин иккинчи шаҳар ҳисобланади. Фото.
Гулистон шаҳридаги лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш омборида ёнғин содир бўлди. Ёнғин тунда келиб чиқди ва икки соатда ўчирилди. Ҳодиса оқибатида бино том қисми ва 2 та юк машинаси қисман зарарланди.
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев ОАВ вакиллари билан суҳбатда «халқ пули, халқ мулки давлат бюджетига ўтса, ўз-ўзидан у давлатнинг пулига айланишини» таъкидлади. Адлия вазирлиги давлат органлари халқ олдида ҳисобдор эканини эслатиб, ҳолат ўрганилаётганини билдирди.
Тошкентда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида ташкил этилиши режалаштирилган «текинга нарса тарқатиш» акциялари тўхтатилди, деб хабар берди ИИВ. Ўйинчоқлар, музқаймоқ ва бошқаларнинг текин тарқатилиши транспорт ҳаракатидаги 10 балли тирбандликка ва боғларда одамларнинг тўпланиб қолишига олиб келди.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг фикрича, болаларни тақиқланган жойда чўмилмаслик ҳақида огоҳлантиришнинг ўзи етарли эмас. «Уларнинг эҳтиёжи учун муқобил хавфсиз чўмилиш ҳавзалари керак», — деди у. Омбудсман бу масала бўйича вилоят хокимларига сўров киритилганини маълум қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Таиланд ва Филиппиннинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олинди. ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Филиппин билан «фойдаланилмаган улкан салоҳиятлар» борлигини таъкидлади.
Баҳорда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга 600 минг тупдан ортиқ кўчат экилди. Бу ҳақда Сенатдаги муҳокамада сўз борди. Бу масала аввалги йилларда ҳам бир неча бор кўтарилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов 2025—2028 йилларга мўлжалланган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. БМТнинг мазкур органига Ўзбекистондан биринчи марта вакил сайланди.
Олот сомсаси Тошкентни «эгаллагани»га кўп бўлди. Аммо пойтахтга «юриш» фақат сомса билан кифояланаётгани йўқ. Унинг ёнига энди кутубхона ҳам қўшилди. Ҳа, айнан Олотдаги кутубхона тажрибаси 2024 йилда Тошкентдаги 100 маҳаллага ёйилди. «Газета.uz» пойтахтга ибрат бўлган Олотдаги кутубхонада бўлди.
Президентнинг Бухорога ташрифи, янги тарифлар сабаб газ ва электр истеъмоли камайганини айтган вазир, кетма-кет еттинчи сессияда пастлаган доллар курси, газни субсидиялаш учун сарфланган 8,1 трлн сўм ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича пойтахт аэропортига қўнган йўловчи аёл божхона назорати пайтида соғлиғидаги муаммолар сабаб ҳушидан кетди. Унга биринчи ёрдам кўрсатилди.
Самарқандда ҳудуд аҳолисига 50 минг доллар эвазига АҚШга боришга ёрдам беришни ваъда қилган шахс аванс олаётган вақтда қўлга олинди.
Давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномани тузишдан аввал мазкур шартномадаги нархларни олдиндан мажбурий тарзда жамоатчиликка очиқлаш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу бўйича президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқди.
Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги иккита ёқилғи қуйиш шохобчаси эгаларига табиий газдан фойдаланганлик учун 15 млрд сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланган. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вазиятни ўрганиши натижасида қарздорлик бекор қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг