ФНҚИЗ учун тўлиқ суммани тўламаган Saneg, Тошкентга келтирилган янги метро поездлари, футзал бўйича ЖЧ мухлислари учун транспорт чегирмалари, Ўзбекистонга визасиз режим жорий қилган Таиланд ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Қаршининг «Насаф» клуби пойтахтнинг «Пахтакор»ини пенальтилар сериясида мағлубиятга учратиб, уч карра Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди (видео, фото).
Тошкент шаҳри Сергели туманида King Long автобуси тепловоз билан тўқнашди. Ҳодисада жароҳатланганлар йўқ. ЙТҲга темирйўл кесишмасининг назоратчи ходими воқеа жойида бўлмагани сабаб қилиб кўрсатилди.
Тошкентдаги Қатортол бозори ёнида жойлашган Халқ банки бош офиси биноси салкам 120 миллиард сўмга сотилди. Аукционда ягона таклиф Oazis Samarkand умумий овқатланиш корхонаси томонидан тақдим этилди.
Намангандаги жазони ижро этиш муассасасида гиёҳванд моддалар савдоси сабаб қамалган 24 ёшли маҳкум ўзини осиб, вафот этди. Марҳумнинг онаси ўғлининг танасида қийноқ излари борлигини айтди, Бош прокуратура эса маълумотни рад этмоқда.
Марказий банк эълон қиладиган АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси кетма-кет беш савдо кунидирки, пасаймоқда. 24 майдан буён миллий валюта қарийб 84 сўмга мустаҳкамланиб, 12 640 сўмни ташкил қилди.
2022 йилнинг май ойида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги 100 фоиз давлат улуши Saneg компаниясига 100 млн долларга сотилгани хабар қилинган эди. Аммо ҳозирда 58,5 фоиз улуш давлат ҳисобида сақланиб қолмоқда. Давактив буни инвестор кўчмас мулк учун маблағни ҳали тўлиқ тўламагани билан изоҳлади.
Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғи 1 июнь куни пляжига 10 мингта ўйинчоқ ўрдак туширмоқчи. Экология вазирлиги бу каби ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлишини билдириб, янгиликни «кескин қоралади».
Охирги 5 йилда Россия рублининг Ўзбекистон экспортдаги улуши 0,8 фоиздан 5,3 фоизгача, импортдаги улуши эса 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача ошди. 2023 йилда экспортнинг 79,5 фоизи долларда, 9,9 фоизи еврода амалга оширилган. Сўмдаги экспорт ва импорт улуши мос равишда 0,2 ва 0,3 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ мамлакатнинг 2024 йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларини кузатиш заруриятини баҳолашни бошлади. Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари ЕХҲТ ДИИҲБ тавсияларини сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш чоралари ишлаб чиқилгани учун миннатдорлик билдирди.
Жиззах вилояти Зарбдор туманида «КамАЗ» ҳайдовчиси дўкон ёнида турган Spark машинасининг орқасига келиб урган. Оқибатда машинага ҳам, дўконга ҳам жиддий зарар етган. Ҳолат вилоят ИИБ томонидан ўрганилмоқда.
Президент фармони билан субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тузилди. У имтиёзларнинг иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиб, таклифлар тайёрлаши керак.
Пойтахтдаги турли сайёҳлик фирмалари ходимлари фуқароларни сохта ҳужжатлар орқали Ҳаж сафарига юбориш эвазига улардан пул олган вақтда ушланди. Қўқон шаҳрида кузатилган иккита ҳолатда ҳам бундай хизмат учун фуқаролардан 6000 доллардан сўралгани аниқланди.
Uzum Market миллий маркетплейси мижозларга буюртмаларни UzPost бўлимларидан олиш имкониятини тақдим қилди. Бугунги кунда хизмат Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида мавжуд.
Шимолий Корея Жанубий Кореяга пластик бутилкалардан тортиб гўнггача бўлган турли хил ахлатларга тўлдирилган 200 дан ортиқ шарни учирди. КХДР буни жанубий кореялик фаоллар томонидан Пхеньянга қарши қаратилган варақаларга жавоб дея атади.
Мирзо Улуғбек туманида Monza ва Nexia-1 автомобиллари тўқнашди. Оқибатда Nexia ҳайдовчиси жароҳат олди.
Грузия парламенти мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг «хорижий агентлар тўғрисида»ги резонансли қонунга қўйган ветосини четлаб ўтди. Ҳукмрон партия оммавий норозиликларга қарамай, ҳужжатни қабул қилди. Европа Иттифоқи бундан «чуқур афсусдалигини» билдирди.
Таиланд 1 июндан мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сонини 57 дан 93 тага оширмоқда, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, ташриф буюрувчиларнинг қолиш муддати 60 кунгача узайтирилмоқда.
Ўзбекистонда 14 сентябрь — 6 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган футзал бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларига чиптаси бор мухлислар темирйўлдан 50 фоизли чегирма билан фойдаланади. Шунингдек, улар учун жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.
Хоразм вилоятида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари нархи оширилди. Эндиликда Урганч шаҳри ва Урганч тумани аҳолиси хизмат учун бир ойда 5880 сўм, Хива шаҳри ва вилоятнинг бошқа туманлари аҳолиси эса 4592 сўм тўлайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг