Ўзбекистонда ноябрь ойи қуруқ об-ҳаво билан бошланади. Ой давомида ҳарорат кечалари 0…+10 даражагача, кундузи +7…+20 даражагача ўзгариб туради. Баъзан -2 даражагача тушиши мумкин. Ёғингарчилик меъёрий, баъзи жойларда кўпроқ бўлиши кутилмоқда.
Бухоро шаҳри марказидаги бинолар ва стадион ўрнига туристик марказ қурилиши лойиҳаси йил бошида эътирозлар сабаб тўхтаб қолганди. Kun.uz`нинг ёзишича, масала яна кўтарилган, шаҳар ҳокимлиги бошқа ҳудудга кўчирилган, шаҳар маркази «снос»га тайёрланаётган бўлиши мумкин. Ҳокимлик вакили буни рад этди.
«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра, энди Ўзбекистон ҳарбий прокурори бош прокурор тақдимига биноан президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги — USAID «Силдан холи Ўзбекистон» 5 йиллик ташаббусини бошлади. Силнинг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш ишлари бўйича лойиҳага 18 млн доллар сармоя киритилмоқда.
«Интер Майами» ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси ўзининг саккизинчи «Олтин тўп»ини қўлга киритди. Аёллар ўртасида йилнинг энг яхши футболчи деб эса «Барселона» ярим ҳимоячиси Айтана Бонмати топилди.
Ўзбекистон президенти Бобур кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа йўли ва темир йўл устидан ўтиб, Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишди. Лойиҳа маслаҳатчиси кўприк синовдан ўтказилгани ва хавфсиз эканини таъкидлади.
Тошкент вилояти ССБ бошлиғи Улуғбек Абдуғаниев вилоят раҳбарлари ҳудудларда рейд ўтказаётганини айтиб, уялтириб қўймаслик учун «ўзини эркакман деган ҳар бир шифокор»га ҳашарда қатнашишни буюрди. У топшириғини ходимларнинг шартномасида оммавий тадбирларда қатнашиши кўрсатилгани билан изоҳлади.
Тармоқларда Андижондаги руҳий касалликлар шифохонасида ходим беморни калтаклагани акс этган видео тарқалди. Вилоят прокуратураси ходимнинг ишдан бўшатилгани ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Шу вақтгача фақат йигитлар қабул қилинган Тошкентдаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейида энди қизлар ҳам ўқиши мумкин. Аввалроқ уни битирганларга ОТМга киришда имтиёз берилиши турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Бунинг ортидан унинг квоталарини алоҳида қилиш масаласи кўтарилган.
Сурхондарёнинг собиқ ҳокими Тўра Боболов ортидан 13 туман ҳокими қаторида ишдан олинган, 1 йил давомида Қизириқ туманига раҳбарлик қилган Рустам Пардаев 4та жиноий модда доирасида суд қилинмоқда. Унга ўзлаштириш, фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги каби айбловлар қўйилган.
Азим Назаров қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, Акмал Қосимов ва Бунёд Охунов вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини йилига 3 млрд долларга етказмоқчи. «Толибон», шунингдек, Афғонистон юкларининг Ўзбекистон орқали транзити учун тўловларни камайтиришни сўраган.
Шанхайдан Франкфуртга учаётган Lufthansa авиакомпанияси самолёти икки йўловчининг жанжали туфайли Тошкент аэропортига қўнди.
Humo тўлов тизими фаолиятидаги муаммолар дастурий таъминот тўлиқ янгилангани билан боғлиқ, дея маълум қилди Ўзбекистон Марказий банки раҳбари Мамаризо Нурмуратов.
Президент Қарши туманидаги таъмирдан чиққан 12-мактабга ташрифидан сўнг амалга оширилган ишлардан норози бўлиб, бош вазир ўринбосалари Ачилбай Раматов ва Жамшид Қўчқоровга мактабларни қуриш ва таъмирлаш жараёнлари ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатиш бўйича топшириб берди.
Учинчи чоракда Ўзбекистон Марказий банки 19,5 трлн сўмга олтин сотиб олди, бироқ 22,8 трлн сўмлик (1,9 млрд доллар) валюта интервенцияларини амалга оширди.
Тошкентда Вакцина ва зардоблар институти ҳудудида кўп қаватли уй ва тадбиркорлик мажмуасини қуришга тайёрланаётган компания ва аҳоли ўртасидаги қарама-қаршилик давом этмоқда. Фаоллардан бири митингга чақириқ айби билан жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилган бўлса, 3 нафар фуқаро жаримага тортилган.
Президент администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарига Асилбек Худаяров биринчи ўринбосар бўлди. Шунингдек, Гаянэ Умерова департамент раҳбари ўринбосари лавозимига киришди. Бош прокуратура бошқарма бошлиғи бўлган Жобир Азимов эса президент маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди.
2021 йил март ойида фирибгарликда айбланиб 8 йилга қамалган Avto 60 oy асосчиси Жамшид Баҳодиров озодликка чиқди, деб ёзди Kun.uz. Олий суднинг «Газета.uz»га тушунтиришича, белгиланган муддатнинг учдан бир қисмини ўтаб бўлганидан кейин унинг жазоси енгиллаштирилган.
ЙҲХББ бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Жамшид Каримов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясига раҳбар этиб тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг