ДХХ ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорликда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳида иштирок этиш ва жиҳод ғояларини тарқатишда гумон қилинган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. У Ўзбекистонга экстрадиция қилинган, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда «Янги Ўзбекистон» боғидаги «Истиқлол» монументининг гипс қисмларига зарар етгани акс этган суратлар тарқалди. Боғ раҳбарияти гипсли парчалар икки ой ичида бронзага алмаштирилишини маълум қилди.
Январь ойининг дастлабки 10 кунида республикада «Тез ёрдам»га қарийб 350 мингта мурожаат келиб тушган. Улар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,4 мингтадан зиёдроққа кўп. Мурожаатларнинг 32,4 мингтаси тана ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов 15 январдан ташкилотларнинг эмланмаган ишчилари масофавий ишлашга юборилишини маълум қилди. «Кейинги беш кун ичида ишчилари вакцинанинг биринчи дозасини олган муассасалар аввалгидек ишлашда давом этишлари мумкин», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.
Тошкентдаги радар ва камералар ўрнатиш мумкин бўлган 69 та объект онлайн аукционда сотилди. Бошланғич баҳоси 306,45 млн сўм бўлган объектларнинг умумий нархи 68,5 баробарга ошиб, 20,99 млрд сўмга етган. Энг қиммат ҳудуд 750,06 млн сўм — бошланғич қийматидан 277,8 баробар қимматга сотилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 5,15 сўмга кўтарилиб, 10 860,17 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
«Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини ушбу давлатларга олиб кетилган афғон самолётлари ва вертолётларини қайтаришга чақирди. Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири в. б. Муҳаммад Ёқубнинг айтишича, агар давлатлар буни қилмаса, «уларни бунинг оқибатлари кутмоқда».
Ангрен ИЭСга қарашли дам олиш маскани ҳудудидан оқиб ўтувчи сойдан дам олиш мақсадида келган 70 ёшли эркакнинг музлаб қолган жасади топилди. Ангрен шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Ўзбекистондаги аэропортларда йўловчилар ва багажни рўйхатга олишнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади. Биринчи бўлиб Наманган аэропорти мазкур тизимни жорий этишни бошлади.
2021/2022 ўқув йилидан техникумларни «аъло» ва «яхши» баҳоларга тугатганлар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз ОТМларнинг 2-босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилиниши мумкин. Ушбу тартиб битирувчи техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йилгача амал қилади.
2021 йилда тижорат банклари томонидан 59,5 мингдан зиёд фуқарога қарийб 9,8 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Охирги 5 йилда эса аҳолига жами 35,6 трлн сўм миқдорида шу турдаги кредитлар берилган. Шунингдек, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 трлн сўмга етган.
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 400 доллар эвазига қалбаки диплом савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Улар орасида мактаб директорлари ҳам бор.
Ҳозирга қадар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган 9 турдаги маъмурий иш, шу жумладан ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлар фаолиятини текшириш эндиликда Бизнес-омбудсман, унинг ўринбосарлари ва вакил девони бош инспекторлари томонидан кўриб чиқилади.
10 январдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 9311 нафар ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлади. Энг кўп ҳоким ёрдамчилари Самарқанд (1120), Фарғона (1055) ва Тошкент вилоятларида (1014) тайинланган. Ҳоким ёрдамчиларининг ҳудудлар бўйича тақсимоти.
2022 йилда вилоятларда умумий қуввати 1900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станциялари, Қорақалпоғистон Республикасида эса 1700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳа битимлари имзоланади. Жорий йилнинг I чорагида Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Словенияда коронавирусга чалинди. Шу сабабли, у Дубайда бўлиб ўтадиган йиғинда қатнаша олмайди, унинг ўрнига ёрдамчи мураббийлар машғулот ўтказади. Қолаверса, жамоа ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркиновда ҳам COVID-19 аниқланиб, карантинга олинган.
«Навоий кон-металлургия комбинати»нинг 2021 йилдаги соф фойдаси 12,7 фоизга ўсиб, 11,3 трлн сўмни, ишлаб чиқариш ҳажми эса 54,25 трлн сўмни ташкил этди.
Фарғона вилоятида 7 киши «Туронбанк»нинг My Тuron мобил иловасидаги хатоликдан фойдаланиб, қарийб 700 млн сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Уларнинг 5 нафари 3,5 йилдан 5,5 йилгача муддатга қамалди.
Сешанба куни Ўзбекистонда 604 та янги коронавирус инфекцияси аниқланган ва 4 киши вафот этган. Бундай кўрсаткич охирги марта сентябрь ойида қайд этилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият хавотирли бўлиб бораётганини маълум қилди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Алихан Смаиловни Қозоғистоннинг янги бош вазири этиб тайинлангани билан табриклади. Алихан Смаилов эса Қозоғистон қардош Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришда содиқ қолишини маълум қилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг