Учтепа туманидаги «Ўрикзор» бозори ҳудудида 800 мм диаметрли магистрал иссиқлик тармоғи қувури ёрилиб кетди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бунга куз-қиш мавсумига синов-тайёргарлик ишлари сабаб бўлганини маълум қилди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева бозор механизмлари жорий этилишига қарамасдан, Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлиб қолаверишини таъкидлади. Бозордаги нархлар билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан, у бунга ташқи омиллар таъсир қилаётганини айтди.
Андижонда ички ишлар ходими Human.uz журналистига бозорда шакар учун навбатда турганларни тасвирга олишига тўсқинлик қилди. ИИВ навбатда турган фуқаролар томонидан тасвирга олишга эътирозлар билдирилганини таъкидлади, бироқ нашр буни рад этиб чиқди. Жамоатчилик журналистни ҳимоя қилмоқда.
ДХХ Сирдарё ЙПХ масканида ўтказган тезкор тадбирда фуқаронинг автомобили юкхонасида 4,5 кг «гашиш» моддаси борлиги аниқланди. Тадбир давомида гумонланувчининг қашқадарёлик шеригига тегишли хонадондан яна 11 кгдан кўпроқ «гашиш» чиқди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Сенат алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмолини чеклашга оид қонунни рад этди. Сенаторлар нормалардаги зиддият ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти етарлича ўрганилмаганини таъкидлади. Қонун маҳаллий пиво ва виноларни реклама қилишга рухсат берувчи қонунга мувофиқлаштирилиши кераклиги айтилди.
Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбарини қабул қилиб, Ўзбекистон Америка томони билан мудофаа соҳасида давлатлараро муносабатларни фаоллаштиришга тайёр эканини таъкидлади.
Сенаторлар 2017 йилдан бери Олий суд раиси сифатида ишлаб келаётган Козимжон Комиловни президент тақдимномасига мувофиқ, лавозимга қайта сайлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.
Ургутда фуқаро ўзининг отаси ва акаси билан жанжаллашиб, уларни болта ва пичоқ билан уриб, ўлдириб қўйди. Шундан сўнг, у туман ИИБга бориб, айбига иқрор бўлган ва уларнинг жасадини уйининг томорқасига кўмиб юборганини айтган. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳафта давомида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво кузатилиши кутилмоқда. Ўзгидромет маълумотига кўра, кундузи ҳарорат +42 даражагача кўтарилади, кечалари эса +21 даража атрофида бўлади. Душанба ва сешанба кунлари тоғли ҳудудларда сел келиш хавфи мавжуд.
Душанба куни ФВВ ходимлари Чироқчи туманида чуқурлиги 25 метр бўлган артизан қудуғига тушиб кетган 6 ёшли болакай қутқариб олинди. Қутқариш ишларига экскаватор, грейдер ва бошқа техникалар жалб этилди. Ҳозирда боланинг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилган (Sevimli телеканали тасвирчисини калтаклаганини айтган) ИИВ ва Миллий гвардия ходимларига нисбатан чора кўрилишига умид билдирди. Агентлик барча давлат органларини журналистлар меҳнатини ҳурмат қилишга чақирди.
Ўзбекистонлик пара сузувчи Ислам Асланов Жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди.
Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича 11 июнь ҳолатига жами 20 148 та таклиф келиб тушди, шуни 70 фоизидан ортиғи 30 ёшгача бўлганлар томонидан йўлланган. Ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари етакчилик қилмоқда.
Депутатлар референдум тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни маъқуллади. Унга кўра, референдум ўтказувчи комиссиялар ваколатларини аниқлаштириш, комиссиялар қарорлари юзасидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш, кузатувчиларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
ИИВ ички ишлар ходимлари калтаклагани айтилган Sevimli телеканалининг тасвирчиси стадионга киришга уринган оломоннинг жанжали вақтида жабрланганини маълум қилди. «Жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Қува туманида ЙПХ инспектори фуқаролардан пора олишга уринганликда гумонланмоқда. У ўтказилган тезкор тадбир вақтида ўзини носамимий тутиб кетиб қолган. Тўпланган ҳужжатлар прокуратурага оширилди.
Sevimli телеканали Ўзбекистон-Ироқ ўйинини видеога олаётган тасвирчи бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганини хабар қилди. Ходимлар кейин узр сўрашган ва воқеа ҳақида хабар бермасликни талаб қилишган. Телеканал янгиликни ўчириб ташлади.
Бухорода марказий магистралдаги носозлик туфайли бир кун аввал узилиб қолган сув таъминоти тўлиқ тикланди.
Россия Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) таркибидан чиқди. Апрелда ташкилот Бош ассамблеяси Украинага бостириб кириш тинчлик ва халқаро дўстлик қадриятларига мос келмаслиги сабабли РФ аъзолигини тўхтатган эди.
Шавкат Мирзиёев автомашинада Тошкент бўйлаб бир ярим соат юриб, жуда кўп қоидабузарликларга гувоҳ бўлганини айтди. «Хоҳлаган одам хоҳлаганини қилиб юрибди. Одам қўрқиб ҳам кетди», деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг