Қатор давлатларда коронавируснинг пирола номли янги штами кенг тарқалмоқда, у омикрондан ҳам юқумлироқ бўлиши мумкин. Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси ҳозиргача мамлакатда бу штамм қайд этилмагани ва вазият барқарор эканини билдирди.
Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган активларини қайтариш учун тузилган Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси БМТнинг янги лойиҳасини молиялаштириш учун 43,5 млн доллар ажратди. У Ўзбекистонда олдини олиш мумкин бўлган оналар ва чақалоқлар ўлимини камайтиришга қаратилган.
Яшнобод туманида қурилиш компанияси раҳбари хонадон сотиб олмоқчи бўлган 23 киши билан сохта олди-сотди шартномасини тузиб, уларнинг 4 млрд сўмдан ортиқ пулини қўлга киритгани аниқланди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва бошқа моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон вилоятларида ун ва нон нархи кескин ошди. Бу Қозоғистондан импорт қилинадиган ғалла нархининг ошиши фонида содир бўлди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги нархларнинг ўсишини мавсумий тебранишлар билан изоҳлади ва россиялик трейдерлар ҳаракатига ҳам ишора қилди.
Фарғона шаҳрида патруль-пост хизмати ходими аёлни тепиб, уни машинага ўтирғизгани акс этган видео тарқалди. ИИВ аёл боласи билан йўлда тиланчилик қилаётгани учун олиб кетилган бўлиши мумкинлиги, ҳолат ўрганилаётганини билдирди. Бу қўпол муносабатни оқлаб бўлмайди, — дея таъкидлайди вазирлик.
UzAuto Motors Chevrolet Cobalt, Lacetti, Damas ва Labo автомобиллари учун яна бир бор чекланган миқдордаги контрактацияни очди. Шартномаларни Chevrolet`нинг ваколатли дилерлик марказларида тузиш мумкин.
Тошкентда 22 сентябрь куни «Автомобилсиз кун» бўлиб ўтади. Аҳолига пиёда юриш, велосипед ва жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия этилади.
Лондонда Ўзбекистон ва Буюк Британия Мудофаа вазирликлари ўртасида 2024 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланди.
Қозоғистонда 1929−1956 йиллардаги сиёсий қатағон қурбонларининг 2,4 миллиондан ортиқ архив карточкалари махфийликдан чиқарилди. Сургун қилинганлар, махсус кўчирилганлар ва жиноий жавобгарликка тортилган 311 минг нафар шахс реабилитация қилинди.
Марказий банк «автокредитлаш юқори суръатда ўсаётгани»дан хавотирда, чунки бу банк тизими учун хавф туғдиради. Шу боис регулятор талабларни кучайтиришга қарор қилган, бу фақат «стандартлардан ташқарига чиққан» банкларга тааллуқли бўлади, деди регулятор раҳбари Мамаризо Нурмуратов.
20−22 сентябрь кунлари ёғиши кутилаётган кучли ёмғирлар сабабли Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида сел-сув тошқини хавфи юзага келиши мумкин.
Когон туманида табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб, 26,1 млрд сўм зарар етказган тадбиркорлар аниқланди. Улар 11 ва 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Валюта операциялари бўйича ҳужжат Банк назорати қўмитаси қарори бўлиб, унга кўра банкларга мижозларни назорат қилиш ва санкция рискларини камайтириш чораларини кўриш топширилган, деди МБ раиси. Хорижий банклар Ўзбекистонда мижозлар етарли даражада текширмагани учун тўловларни маъқулламади, деди у.
Фарғона вилоятидаги ресторанда тилла солинган таомлар тайёрланаётгани маълум бўлди. Фатво маркази олтин ва кумушни таомга қўшиб тановул қилиш дуруст ва ҳалол эмаслигини билдирди. Шунингдек, бу молни исроф қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уришдир, дейди марказ.
Тошкент шаҳридаги 2984 та реклама ва ахборот объектлари ноқонуний жойлаштирилгани, 6004 таси эса талабларга мос эмаслиги аниқланди, дея маълум қилди Рақобатни ривожлантириш қўмитаси. Қолаверса, 159 та реклама давлат тилида эмас, балки бошқа тилларда берилган.
Сешанба куни Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиб, ҳарорат пасаяди. Ҳафта давомида ҳарорат кундузи +23…+28 даража атрофида бўлади. Баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда кучли бўлади. Айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Миллий туроператор Asialuxe Travel Мальдив оролларида таътилни олдиндан банд қилишнинг афзалликлари ҳақида гапириб берди.
Марказий банк иккиламчи банк ҳисоб рақамлари орқали чет эл валютаси товарлар импорти доирасида ноқонуний олиб чиқиб кетилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Комплаенс-назорат чораларидан асосий мақсад банклар ва тадбиркорлик субъектлари санкция чекловларига тушишининг олдини олиш, деди МБ раиси.
Ар-Риёдда ўтган Жаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида Буюк ипак йўлининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги 31 та объектидан иборат Зарафшон-Қорақум йўлаги ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Саудия Арабистонида ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза (жами 7 та) медалини қўлга киритди. Бу билан жамоа Хитойдан сўнг иккинчи ўринни эгаллади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг