Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш бўйича қонунлар имзоланди.
«Газета.uz» янги — «Профессионал» лойиҳасини бошлади. Бунда баъзан эътибор берилмайдиган, лекин заҳмати ва масъулияти бошқаларники билан баравар касб эгаларининг фаолияти ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Илк меҳмон — эл орасида почтачи сифатида танилган Икромовлар оиласи.
ДХХ Фарғона вилоятида гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахсларни аниқлади. Улардан 30 кгдан ортиқ тақиқланган моддалар мусодара қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов коррупционерларни суваракларга ўхшатиб, уларни егулик кўп жойда бўлишини айтди.
30 ноябрь куни пойтахтдаги Темирйўлчилар маданият саройида қайноналар форуми ўтказилди. Унда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, жамоатчилик фаоллари ва қайноналар қатнашган. Форумда 30 ноябрни Қайноналар куни, деб эълон қилиш таклифи билдирилган.
Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасидаги амалий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашди. 1−2 декабрь кунлари Самарқандда икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия учрашуви бўлиб ўтади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони ва «Ўз касбининг устаси» белгиси таъсис этилди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Янги Андижон шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишиш чоғида қурувчиларни ногиронлар аравачасига ўтирғизиб ишининг сифатини текширди. «Битта ногиронни ҳеч қайсинг уйингга олиб киролмайсан. Қилаётган ишимиз бир тийин бўлмайдими?», — деди Шуҳрат Абдураҳмонов.
Давлат активларини бошқариш агентлигида ишга туширилган қуёш электр станцияси муассасанинг биносини кундуз куни электр энергия билан тўлиқ таъминлайди. Шунингдек, эҳтиёждан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқларига узатиш имконияти ҳам яратилди.
Учтепа тумани депутати уй қурилишига халақит берган 2 дарахтни кесишга рухсат олиш учун ариза ёзиб, МФЙ раисидан уни муҳрлаб беришни сўраган. У буни инкор қилгани учун депутат хонадан ҳақорат айтиб чиқиб кетган. Раис унинг устидан арз қилди. Депутат эса уни сўкмагани, ўзига-ўзи нолиганини айтмоқда.
Президент маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев бошчилигидаги 24 та вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи 920 та хонадон ва 15 та ижтимоий соҳа объектини ўрганди. Уларда аниқланган 547 та масаланинг 76 таси (13,8 фоизи) ҳал қилинди, 471 та масала бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Нукус воқеалари бўйича суд жараёнининг учинчи куни. Судланувчиларнинг деярли барчаси июль бошида бўлган воқеларда Даулетмурат Тажимуратов айбдорлиги, унинг видео мурожаатлари одамларни кўчага чиқарганини таъкидлашмоқда. «Газета.uz» суд жараёнидан фоторепортаж тайёрлади.
Ўмоннинг Salam Air авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олди. Эндиликда Маскат — Ташкент — Маскат ва Маскат — Наманган — Маскат йўналишларида мунтазам рейслар амалга оширилади.
30 ноябрь куни соат 00:50 ларда Олмазор тумани ИИО профилактика инспектори тезкор чақирув бўйича «Ғалаба» маҳалласида хизмат вазифасини бажараётган вақтида ўлдириб кетилди. Қотилликда гумонланаётган фуқаро муқаддам судланган бўлиб, ходимга тажовуз қилгач, воқеа жойидан қочиб кетган.
1 декабрдан Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво массаси кириб келади, дея огоҳлантирди Ўзгидромет. Дам олиш кунларида ҳаво ҳарорати кечаси −4…−7 даражагача, кундузи 0…+3 даражагача пасаяди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Давлат хизматини кўрсатганлик учун БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Самарқандда фуқарони 25 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс ушланди. У ҳужжатларни расмийлаштириш учун олдиндан 10 минг доллар олаётганда пайтда ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. Ҳозирда гумонланувчига нисбатан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Банкларда 1 АҚШ доллари 11 270 сўмдан сотилмоқда, аҳолидан эса 11 195 — 11 250 сўмдан сотиб олинмоқда.
B гуруҳидаги 3-тур баҳсларида АҚШ терма жамоаси Эронни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, плей-оффга йўл олди. Гуруҳдаги яна бир учрашувда эса Англия терма жамоаси Уэлсни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Плей-оффда АҚШ Нидерландия билан, Англия эса Сенегал билан кураш олиб боради.
Тошкентдаги Махсуслаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси биноларида иситиш тизимининг бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолгани ва хоналар таъмирталаб аҳволда бўлгани сабабли 2-сон Зангиота касалхонасига кўчирилади. Фаолияти тўхтатилган объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг