Май ойида Қирғизистонга ташриф буюрадиган президент, Сурхондарёда ноқонуний кесиб ташланган 43 туп дарахт, нотўғри реставрация сабабли тарихий қийматини йўқотган Ситораи Моҳи Хосса саройи, Навоийда депутатлик қилаётган ҳоким ўринбосари, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарадош ҳудудида савдо-логистика маркази қурилиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 15 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистонда банклар ўз мижозларига пул маблағларининг исталмаган тарзда блокланмаслиги учун хорижий ҳамкорлари билан халқаро ҳисоб-китобларни санкциялар остида қолган Россия банкларидан бошқа банкларга ўтказишни тавсия қилмоқда.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қишлоқ аёлларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни ишга жойлаштириш ёки ўз бизнесини очишда қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширди. Дастур қарийб 1000 кишини қамраб олади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга жавоб ташрифи май ойи охирларида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашувда олий даражадаги ташрифга тайёргарлик кўриш мақсадида Бишкек шаҳрига келганини маълум қилди.
Ангор туманидаги 6-сонли болалар боғчаси ҳудудида 43 туп жумладан, можжевельник ва туя дарахтлари таг қисмидан ноқонуний тарзда кесиб ташланганлиги аниқланди. Давлат экологик назорат инспекторлари ҳолатни ўрганмоқда.
Президент 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилишини эълон қилди. Унга кўра, айланмаси 1 млрд сўмдан ошган тадбиркорларга ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси автоматик тарзда берилади. Қолаверса, 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 20,58 сўмга арзонлаб, Марказий банк томонидан 11 299,42 сўм этиб белгиланди. Евро курси ҳам пасайди, рубль эса ўсди.
Адлия вазирлиги Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказини рўйхатдан ўтказди. Марказ мамлакат ҳудудида футбол мусобақаларини бошқарувчи ҳакамлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни тайёрлаш билан шуғулланади.
Юк машиналари фақат четки ўнг қаторда ҳаракатланиши мумкин, пиёдалар ўтиш жойларига 10 метрдан кам масофада тўхташ тақиқланади, велосипедчилар тунги вақтда нур қайтарувчи жилет кийишлари керак — ЙҲҚга яна қандай ўзгартиришлар киритилган.
Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Жамғарманинг устав капитали 50 млн долларни ташкил этади. Келгусида бу суммани 200 млн долларга етказиш режалаштирилган. Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарадош ҳудудида логистика марказини қуриш лойиҳаси фаол босқичда экани ҳам маълум қилинди.
Бир ҳафта ичида Ўзбекистонда сув танқислиги оқибатларини юмшатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. 1 октябрга қадар 4,5 минг км суғориш тармоқларини тозалаш ва 231 кмни бетонлаш, 3 мингта гидротехник иншоот ва 490 км насос қувурларини таъмирлаш, 3,5 мингта насос ўрнатиш, 281 та қудуқ қазиш режа қилинган. Президент бунинг учун 300 млрд сўм маблағ ажратилишини маълум қилди.
Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ўринов ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги котибият мудири Мақсуд Нуруллаев бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят кенгашида депутатлик қилади. Уларнинг депутатликдан кетиш бўйича аризаси олинган бўлса-да, ҳануз кенгашга аъзолигича қолмоқда. Буни «сайлов кодексига зидлигини биламиз», дея изоҳлади ҳокимият матбуот хизмати раҳбари Бектемир Пирнафасов. Унинг сўзларига кўра, «бу ҳолат фақат Навоий вилоятида эмас, балки ҳар битта вилоятда камида 2−3 тадан бор».
2021 йилдан бери президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлиб ишлаган Дилшод Кенжаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодиржон Халбутаев эгаллади.
Тошкентда чим устида юриш ва майсалар устида дам олишга ҳалигача советча руҳда жавоб берилади: «Мумкин эмас». Лекин барибир шаҳарда бунга рухсат берилган жойлар пайдо бўлмоқда. «Газета.uz» майса устида дам олиш мумкин бўлган жойларни қидириб, пойтахтни айланиб чиқди. Биз ўзимиз билан машҳур архитектор Кристофер Александрнинг «Шаблонлар тили» китобини ҳам олдик — ундаги ғоялар расмийлар одамларга майсазорда дам олишни нима учун тақиқламаслиги кераклигини тушунишга ёрдам беради.
Сенат раиси Танзила Нарбаева 2018−2021 йилларда «Аёллар дафтари»га киритилган 1 млн нафарга яқин хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилганини маълум қилди. Жумладан, хотин-қизларнинг 2730 нафари уй-жой, 590 мингга яқини эса доимий иш билан таъминланган. Сўнгги 3 йилда 208,5 минг аёлга 7,7 трлн сўмдан ортиқ кредит ҳам берилган.
Ҳукумат Қорақалпоғистонни 2026 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини тасдиқланди. Ҳужжатда ҳудудни ривожлантиришнинг «ўсиш нуқта» лари ва драйвер соҳалари белгиланган бўлиб, унга кўра 5 йил ичида ялпи ички маҳсулот ва саноат ишлаб чиқаришини 1,5 бараварга ошириш вазифаси қўйилган.
Ўзгидромет 18−20 апрель кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрондан нам ҳаво, сўнгра Волга бўйи ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келишини маълум қилди. Натижада баъзи ҳудудларда кучли ёмғир ва дўл ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
Бухоро амирининг Ситораи Моҳи Хосса ёзги саройида нотўғри реставрация ишлари олиб борилиши натижасида мажмуанинг бир қисми тарихий ва бадиий қийматини йўқотди. Маданий мерос агентлиги ўрганиш ишларини Бош прокуратурага юборди.
Тошкент ҳокими 10 кун ичида пойтахтнинг асосий кўчаларидаги барча чуқурларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан топшириқ берди. Шаҳарда жами 76 та шундай кўча бор — таъмирлаш жараёнида устуворлик даставвал айнан шу кўчаларга берилади. Рақамли ривожланиш департаментининг маълум қилишича, «Халқ назорати» порталига ариза топшириш орқали таъмирлаш ишларини тезлаштиришга ёрдам бериш мумкин.
Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кун давомида +35 даражагача кўтарилади, бу апрель ойининг ўрталаридаги меъёрдан 6−8 даражага юқори. Ёғингарчилик кутилмайди, фақат шимолий ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг