Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрида фаоллар билан учрашувда Тошкент вилоятидаги кадрлар муаммоси ҳақида гапирди. «Бири коррупцияга йўл очади, бошқаси дарров ғўддайиб, оёғи ердан узилади. Мен амални бераман, лекин арқонни узун ташлаб қўяман», — деди у. Тошкент вилоятида сўнгги 6 йилда еттинчи ҳоким лавозимга тайинланди.
Италия чемпионатининг 19-тур баҳсларида «Рома» «Сампдория»ни қабул қилди. Моуриньо ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовни захирадан ўйинга туширди, 5 дақиқадан сўнг у рақиб дарвозасига гол киритди.
Бир кунда Ўзбекистоннинг учта вилоятида саккизта туманига янги ҳокимлар тасдиқланди.
Захираси 5 минг тоннадан ортиқ Олмалиқдаги олтин кони, Ховосда 7 млн доллари талон-торож қилинган ОТБ, 540 млн сўмгача имтиёзли кредит олиш имконига эга бўлган ёш тадбиркорлар, сотувга қўйилган Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, ҳокимлари алмашган туманлар, йўл-транспорт инфратузилмаси ишлаб чиқилаётган Тошкент ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 22 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
«Мурунтов» конидаги олтин захиралари 3 минг тоннага етмаса, Олмалиқдаги «Ёшлик-1» конида — 5 минг тоннадан кўпроқ, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев. «Биз шунчалик ер ости бойликларимиз борлигини билмаган эдик. Сизлар билмайсизлар қанчалар бой одам эканлигингизни, қандай ер ости бойликлари устида яшаётганингизни», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистонда ягона беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси сотувга қўйилди. 3,1 гектарда жойлашган 8 қаватли меҳмонхонада жами 300 та стандарт, люкс ва ярим люкс хоналар, конференция ва банкет заллари мавжуд. Савдо барча учун очиқ бўлиши айтилмоқда.
Транспорт вазирлиги ҳозирда 18 та хорижий мамлакатлар билан мунтазам авиақатновлар тиклангани, ҳафтасига 28 та йўналиш бўйича 144 та парвоз амалга оширилаётгганини маълум қилди.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев Осиё тараққиёт банкининг Ховос туманининг 126 минг аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ажратилган 7 млн доллардан ортиқ кредит маблағлари талон-торож қилинганини маълум қилди.
2021 йилда Ўзбекистонда ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи хусусий корхоналар сони 3, маҳсулотлар экспорти эса 1,9 баробарга ортди. Шунингдек, 20дан ортиқ турдаги ҳарбий ва икки мақсадда қўлланиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари фармонида тизимни 2022 йил 1 январидан жорий этиш бўйича кўрсатма берилган бўлса ҳам, катта эҳтимол билан, йил охиригача қабул қилинмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тизим барибир янги йилдан ишга туширилади ва давлат хизматчиларига декларацияларни тайёрлаш учун апрелгача вақт бериш режалаштирилган.
Транспорт вазирлиги Тошкентда йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Концепция биринчи ўринда пиёдалар, кейинги ўринларда велотранспорт, шаҳар жамоат транспорти ва шахсий автотранспорт учун қулай инфратузилмани яратишни кўзда тутади.
Шоколад пастасини ишлаб чиқарувчи Ramella компаниясига истеъмолчиларни чалғитиш билан боғлиқ қонун бузилишини бартараф этиш ҳақида мажбурият юклатилди. Италиянинг «FERRERO S.p.A.» компанияси томонидан тарқалган Nutella шоколадининг машҳур бренди дизайни Ramella маҳсулотининг қадоқларида ҳам акс эттирилган.
Шавкат Мирзиёев бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевдан ер муносабатлари соҳасидаги қонунбузарликлар учун йирик амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилди. «Катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни хурмат қилишни бошлайман», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистонда январь-ноябрь ойларида 1 млн тоннадан зиёд бензин ишлаб чиқарилган. Шунингдек, 10 ой ичида 110,2 млн долларлик 300 млн литрдан ортиқ бензин импорт қилинган.
Бухоро вилоятининг Ромитан, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Оқдарё ҳамда Наманган вилоятининг Косонсой туманларига янги ҳокимлар тасдиқланди.
Пойтахтдаги Матбуот уйи («Газета корпуси») биноси сотувдан олинди ва у ОАВ, шу жумладан босма нашрлар ихтиёрида қолдирилиши маълум қилинди. Бино ЎзА балансига ўтказилиши мумкин. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг сўзлари кўра, ушбу масала давлат раҳбарининг назоратида турибди.
2022−2024 йилларда махсус ўқув курсларини тамомлаган ва сертификатни қўлга киритган ёшларга 540 млн сўмгача кредит берилади. Кредит фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида, 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратилади.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев «Тошкент ёшлар форуми — 2021» доирасидаги ёшлар билан учрашувда Меҳнат вазирлигида иш бошлаган йилларда пул етишмаслиги сабабли киракашлик қилганини эсга олди.
Чилида янги президент сайлангани, Қирғизистонда ички қўшинлар қўмондонининг катта миқдордаги давлат мол-мулкни ўғрилашда гумонланиб қўлга олингани, Пентагон 100 га яқин америкалик ҳарбийларни экстремистик ҳаракатларда айблаб ҳибсга олгани, Илон Маскнинг 11 млрд доллар солиқ тўлашини маълум қилгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қашқадарёнинг Ғузор туманида чанг бўрони сабабли учта юк машинаси ва учта енгил автомобиль тўқнашиб кетди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг