Нишон туманидаги 14-мактабда солиқчилар 2-синф ўқувчиларига мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш ҳақида эслатма-хат тарқатиб, уни ота-оналарига етказишларини сўради. Болалар омбудсмани бола манфаатлари бузилишига оид ушбу ҳолатни ўрганаётганини, Солиқ қўмитаси хизмат текшируви тайинланганини билдирди.
Ўзбекистон Марказий банки кетма-кет иккинчи ой дунёдаги энг йирик олтин харидорлари қаторидан жой олди. Июнь ойида мамлакат 9 тонна қимматбаҳо металл сотиб олган бўлса, июль ойида кўрсаткич 9,6 тонна бўлди.
Тошкент-Самарқанд пулли йўлини қуриш ишлари 2024 йилда бошланади. Тошкент-Андижон пулли йўлини қуриш эса 2026 йилда бошлаш режалаштирилган.
Паралимпиячи Сервер Ибрагимов 50 метрга тўппончадан отиш баҳсларида кумуш медали соҳибига айланди. У Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинларида бронза медални қўлга киритганди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги электр ва газ тақсимлаш тармоқларини хусусий операторлар бошқарувига бериш режалаштирилмоқда. Октябрь ойида Самарқанд вилоятида тендер бошланади. Энергорегулятор раҳбари Шерзод Хўжаев электр тармоқларини нима учун хусусий секторга бериш кераклигини тушунтирди.
Ўзбекистонлик футболчилар 2026 йилги ЖЧ саралаш босқичининг учинчи босқичида КХДРга қарши ўйинда ўзларининг энг яхши ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилади, деди жамоа мураббийи Сречко Катанец. «Хотиржам бўлиб, ўз ишимизни аввалгидек қилишимиз керак, бу босқичда ҳар бир ўйин мураккаб бўлади», — деди у.
CAU (Akfa) университети лицензия олинмаган Тижорат ҳуқуқи йўналиши учун талабалар билан шартнома тузгани аниқланди. Бироқ бу йўналишда таълим тўхтаб қолган. Рақобат қўмитаси ОТМга 7 нафар талабага 167,5 млн сўмни қайта ҳисоб-китоб қилиш ва бошқа мурожаатлар бўйича ҳам ишлаш юзасидан кўрсатма берди.
Каттақўрғон туманида Lacetti дўконга келиб урилди. Ҳодиса оқибатида дўкон ичидаги бир киши жароҳатланди.
Август якунларига кўра, Ўзбекистонда инфлация 0,5 фоиз даражасида қайд этилди. Йиллик инфляция 10,47 фоиз даражасида сақланиб қолди. Пропан (20,2%), мол гўшти (5,3%) ва қўй гўшти (4,9%), картошка (5,5%) кескин қимматлашди. Дори-дармонлар нархи ўсишда давом этмоқда.
ШҲТ ва МДҲ маконида кечаётган мураккаб ҳарбий-сиёсий жараёнлар давлатлардан терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳаракатларни бирлаштиришни талаб қилмоқда, деди Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов. У, шунингдек, терроризмга қарши курашда Афғонистонга ёрдам бериш муҳимлигини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, шунингдек, қонун устуворлиги принципига оғишмай риоя этиш терроризм ва экстремизмга қарши курашишнинг фундаментал асосидир. Бу ҳақда президент Тошкентдаги ШҲТ МАТ ва МДҲ АМ конференцияси иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди.
2028 йилгача Ўзбекистондаги умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Шунингдек, туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини ҳамда умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади.
2024 йил 1 ноябргача тадбиркорларга электр энергияси ва табиий газ истеъмоли миқдорларига нисбатан шартномавий лимитларни ошириш ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ҳамда табиий газ учун қўшимча тўловни камида 10 бараварга камайтириш чоралари кўрилади.
Тошкентда Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази иш бошлади. У Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Колумбия университети (АҚШ), ЮНИСEФ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Парижда ўтаётган Паралимпия ўйинларининг еттинчи кунида Ўзбекистон делегациясининг 10 нафар аъзоси спортнинг 4 та тури бўйича иштирок этади. Хусусан, ядро улоқтириш бўйича кумуш медаль олган Кубаро Ҳакимова диск улоқтириш баҳсларида қатнашади. Тақвим.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй 5−6 сентябрь кунлари Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлади. У Тошкентда «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» халқаро форумида иштирок этади.
Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида ядро улоқтириш бўйича олтин медални қўлга киритиб, икки карра чемпион бўлган Бобур Омонов билан телефонда суҳбатлашди. Президент бу натижа Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида муҳим воқеа бўлганини қайд этди.
Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войтсеховский 5−6 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. У ҳукумат вакиллари билан учрашади ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича форумда нутқ сўзлайди.
Суд СССРни тиклаш тарафдори бўлган 74 ёшли самарқандлик фуқарога 3 йилга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Иш материалларига кўра, у Telegram`даги гуруҳда «Ўзбекистон мустақиллиги юзаки экани ва собиқ Совет Иттифоқи расман тарқалмагани» ҳақидаги материаллар жойлаштирган.
Мингбулоқ туманининг собиқ ҳокими Нуршод Худойбердиев Наманган вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлди. У июль ойида президент ўтказган йиғилишда фаолиятидаги тизимли камчиликлари учун ишдан олинганди. 2020 йилда эса фермерларни сўккани учун жаримага тортилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг