Йил якунига келиб Ўзбекистоннинг IТ ва телекоммуникация хизматлари экспорти ҳажми 900 млн доллардан ошиши кутилмоқда. Давлат органларининг 3000 нафар ходими, шунингдек, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари сунъий интеллект соҳасида малака ошириши режалаштирилмоқда.
Жума куни Бухоро вилояти Жондор туманида 3,6 магнитудали ер силкиниши қайд этилди.
Ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines самолёти «физик ва техник аралашув»га учраган, таъкидлади авиакомпания. У қатор Россия шаҳарларига парвозларни тўхтатди. ОАВга кўра, ҳалокатга Россия ракетаси сабаб бўлган. Росавиация шу куни Украина дронлари ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Уч йил аввал UzAuto Motors ва UzАuto Motors Powertrain бош директори этиб тайинланган Бу Андерссон фаолиятини якунламоқда. UzAuto Motors’нинг маълум қилишича, унинг раҳбарлигида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ошган — 2023 йилда 395 400 машина конвейердан чиққан, бу аввалги йилдан 20% кўп.
Президент 2024 йилги давлат бюджетига вазирликлар харажатларини 9,98 трлн сўмга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни тасдиқлади. Ташқи қарз бўйича чегара 5 дан 7,3 млрд долларгача ошди. Қўшимча қарзлар ипотека бозорини ривожлантириш ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун ишлатилади.
Наманганда яшаган аёл оилавий муаммолар сабабли ўзи ва икки фарзандини Шимолий Фарғона каналига ташлади. Болалар қутқариб қолинган, аёл эса вафот этган.
Германия президенти Штайнмайер мамлакат парламентини тарқатиб юборди ва муддатидан олдинги парламент сайловлари 2025 йил 23 февралда бўлишини маълум қилди. Аввалроқ бундестаг депутатлари канцлер Олаф Шольц ҳукуматига нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилганди.
Шавкат Мирзиёев бугун қурилишига старт берилган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини халқаро аҳамиятга эга янги транспорт артерияси деб атади. Лойиҳага кўра, 20 та станция, 42 та кўприк ва 25 та туннель қурилади. Бу йўлда йилига 15 млн тонна юк ташилади.
Ўзбекистон ва Миср 15 йил ичида ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилишини Тошкентда ўтказди. Томонлар тўсиқларни бартараф этиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга (ҳозир қарийб $42 млн) етказишга, шунингдек, Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини тузишга келишиб олди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишига старт берди. «Бу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, Марказий Осиё ва Яқин Шарққа ҳамда Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлайди», — деди Жапаров.
Шанба куни ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади. 29−30 декабрь кунлари эса аксарият ҳудудларда қор ва ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечалари −2…+5 даража, кундуз кунлари +2…+15 даража атрофида бўлади.
Ўзбекистонда 2022 йил май ойида жорий этилган оқ ва чизиқли кунгабоқар уруғларини экспорт қилишга қўйилган тақиқ бекор қилинди. Мазкур чора уруғчилик корхоналарининг экспорт салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Жанубий Корея парламенти бош вазир, шу билан бирга, президент вазифасини бажарувчи Хан Док Суга импичмент эълон қилди. Бу Су ҳукумати президент Ёль ва унинг рафиқаси терговига оид қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ҳамда конституциявий суд таркибига судьяларни тайинлашдан бош тортганидан сўнг содир бўлди.
Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий қарзни ўз ичига олувчи ташқи қарзи 9 ой якунларига кўра 60,2 млрд долларга етди. Йил бошидан буён бу кўрсаткич 7,2 млрд долларга кўпайди.
Asaxiy Books ва Xalq Banki китобхонликни ривожлантириш мақсадида янги шартнома имзолади. Бу ҳамкорлик муҳим китобларни ўзбек тилига таржима қилиш, китоб нархларини барқарор сақлаш ва болалар адабиётини ривожлантиришга ёрдам беради.
Президент қарори билан Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ташкил этилиши белгиланди. Академия фаолияти 2025 йилнинг 1 октябридан йўлга қўйилиб, унда илмий-тадқиқот лабораторияси, ўқув-симуляцион марказ ва меҳмонхона бўлади.
Ҳиндистон собиқ бош вазири Манмоҳан Сингҳ 92 ёшида вафот этди. У мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар меъмори ва «иқтисодий либераллаштириш қаҳрамони» ҳисобланади. Сингҳ 2004 йилдан 2014 йилгача бош вазир сифатида ишлаган.
Январь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича аномал совуқ кутилмаяпти, дея хабар бермоқда Ўзгидромет. Ҳарорат кечалари −8…+8, кундуз кунлари −2…+15 даража атрофида бўлади. Кейинчалик қисқа даврда ҳаво кечаси −20 даражагача пасайиши эҳтимоли ҳам бор. Айрим кунларда ёмғир, қор ёғиши кутилмоқда.
Юз нафар фаластинлик ярадор аёллар ва болалар ўз ҳамроҳлари билан бирга Ўзбекистонга вақтинча эвакуация қилинди. Бемор фаластинликлар реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади.
Жума куни эрталабдан Тошкент яна IQAir халқаро ҳаво сифати мониторинги антирейтингида етакчилар қаторидан жой олди. Тошкент ва Ўзгидромет порталлари ҳам PM2,5 рухсат этилган концентрациядан ошиб кетганини кўрсатмоқда. Бу борада ҳозирча ҳеч қандай расмий баёнот ёки изоҳ берилмади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг