Янги йилда Ўзбекистонда соғлиқни сақлашга 14% кўпроқ маблағ ажратилади. Қорақалпоғистон ва беш вилоятда давлат тиббий суғуртаси бўйича тажриба лойиҳалари жорий этилади. Тиббиёт ходимлари иш ҳақи ошиши кутилмоқда. Оилавий шифокорларга эса меҳнат самарадорлиги асосида устама тўлаш йўлга қўйилади.
Президент фармони билан беш кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар учун 2025 йил 4 январь (шанба) кунидаги дам 2 январга (пайшанба) кўчирилди. Олти кунлик иш кунидаги ходимлар учун 2 январь қўшимча дам олиш куни бўлади. Шу тариқа биринчи гуруҳ олти, иккинчиси эса кетма-кет беш кун дам олади.
Президентга мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш режалари олиб кирилди. 2025 йилда 100 дан ортиқ мактаб қуриш, малака тоифаси беришда янги тизимга ўтиш, ҳарбий ватанпарварлик дарсликларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат раҳбари таълим сифатини, айниқса, чекка туманларда яхшилашни буюрди.
Тошкент вилоятининг Пискент туманида, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, Қирққизобод қишлоғида дайдиб юрган оч бўриларни қидириш ва зарарсизлантириш ишлари бошланди. Жонзотларни ҳайвонот боғига ўтказиш режалаштирилган, деди туман ҳокимлиги.
ЎзЛиДеП депутати Нуриддин Султонов Энергетика вазирлиги ва Кадастр агентлигига Тошкент шаҳрида электромобилларни қувватлаш станциялари фаолияти тўхтатилиши сабаблари ва уларни демонтаж қилиш талабига ойдинлик киритишни сўраб депутатлик сўрови юборди.
Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари саккизта вазирлик ва идоранинг бўлим раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш, шунингдек, уларни рағбатлантириш ва жазолаш ҳуқуқига эга бўлади. 15 та туманда «Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш» ҳуқуқий эксперименти ўтказилади.
UZTELECOM 200 минг сўм эвазига «Hammasi Birga 3+Mobile» тарифини тақдим этмоқда.
Ўзбекистонда электр, газ ва сув ҳисоблагичларини текшириш бўйича давлат хизматлари проактив форматга ўтказилмоқда. Яъни улар фуқароларнинг мурожаатларисиз текширилади. Яна олтита хизмат композит форматда тақдим этилади.
«Навоий кон-металлургия комбинати» бош директори Қувондиқ Санақулов Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Ўзбекистонда ҳокимликлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Вилоятлар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг янги намунавий тузилмаси тасдиқланмоқда.
Татаристонда ишчиларнинг вақтинчалик яшаш уйи ёниб кетди. У ердан 6 эркакнинг жасади топилди, уларнинг 5 нафари ўзбекистонлик. Қозондаги Бош консулхона дипломатларни воқеа жойига жўнатди ва вазиятни назоратга олди.
Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида жойлашган майдонларни ижарага бериш учун тегишли лотларни аукционга жойлаштирди. Тез кунларда пойтахт аэропортининг маҳаллий авиақатновлар терминалида китоб дўкони ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Адлия вазирлигида «Адвокатлик тузилмалари томонидан статистик маълумотларни тақдим қилиш тартиби тўғрисида»ги низом рўйхатдан ўтказилди. Унга кўра, фаолият юритаётган адвокатлик тузилмалари томонидан статистик маълумотлар ҳар бир ҳисобот даври учун тақдим этилади.
ФВВ ходимлари Бўстонлиқдаги тоғда адашиб қолган 5 кишини қутқарди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актрисаси Шафоат Раҳматуллаева 83 ёшда вафот этди. У «Масхарабоз», «Севгинатор», «Сеҳрли қалпоқча» каби фильмлар ва кўплаб спектаклларда роль ўйнаган.
Шавкат Мирзиёев 25−26 декабрь кунлари МДҲ ва ЕОИИ саммитларида иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрида бўлади. Йиғилишларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади ва келгуси йилги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилади.
Албания ҳукумати ижтимоий тармоқдаги жанжалдан сўнг 14 ёшли ўсмирнинг ўлдирилиши ортидан TikTok фаолиятини тақиқлади. Чеклов 2025 йил бошида кучга киради ва бир йил амалда бўлади. Платформанинг ўзи қотиллик ва TikTok`нинг боғлиқлигини рад этмоқда.
Қорақалпоғистонда 3 та асосий йўналиш — қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилиб, таклифлар тайёрланади ва ҳокимларга етказилади. Президент кўп энергия талаб қилувчи йирик лойиҳаларни ушбу ҳудудда жойлаштириш кераклигини таъкидлади.
АҚШ ҳукумати жорий йилнинг 9 ойида 572 нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанига депортация қилди. Бу 2023 йилнинг шу давридагидан 6,5 баробар кўп.
Йирик миқдорда тўлов эвазига Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди. Улардан бири танишидан АҚШга ишлашга жўнатиш учун 9000 доллар, иккинчиси эса Польшага юбориш учун 1000 доллар ва 6,3 млн сўм олган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг