Ўзбекистон президенти 4 август куни амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлади. У ерда олий даражада учрашувлар ўтказиш ҳамда Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон президентларининг уч томонлама саммитида иштирок этиш режалаштирилган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров иқтисодиёт ва молия вазири этиб тасдиқланди.
Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев маъмурий ислоҳотдан 7 ой ўтиб яна Солиқ қўмитаси раиси лавозимига қайтди. Бир кун аввал президент давлат бюджети даромадлари етарли эмаслигини айтиб, солиқ идоралари ходимлари ишини танқид қилганди.
Фарғонада ҳайдовчиси ва фуқаро жанжали вақтида безорига нисбатан чора кўрмаган ИИБ ходимлари ишдан олинди. Патруль-пост хизмати батальони командирига нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди.
Нью-Деҳли шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси яна 13 та медални қўлга киритди.
Дональд Трамп АҚШ Конгресси биносига ҳужум қилиш билан боғлиқ иш бўйича айбланмоқда. Айбловга кўра, АҚШнинг собиқ президенти «ҳокимиятда қолишга қатъий қарор қилган» ва 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини алдов йўли билан бекор қилишга уринган.
Наманган шаҳри солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари тадбиркорнинг ёпиб қўйилган ҳисобрақамини очиб бериш эвазига 2000 доллар пора талаб қилгани, пулни олишда юрист (собиқ ДСИ ходими) ёрдамлашгани айтилмоқда. Ҳозирда 2 шахсга нисбатан жиноят иши очилган.
Шавкат Мирзиёев 2023 йил якунига қадар камбағаллик даражасини 14 фоиздан 12 фоизга тушириб, 200 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлигини таъкидлади. Давлат раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш ва имтиёзли ресурсларнинг етиб боришини осонлаштириш бўйича чора-тадбирларни эълон қилди.
Ўзбекистонда сўнгги 5,5 йил ичида 38 нафар эркак кўп хотинли бўлишда айбланиб судланди, уларнинг 4 нафари 2023 йилнинг биринчи ярмига тўғри келди.
Тижорат банклари 3 август куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 580−11 660 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 700−11 715 сўм.
Президент муаммоли кредитлар кўплиги сабабли Марказий банкнинг 2 вилоятдаги бошқарма бошлиқларини ҳамда бир қатор банк филиаллари раҳбарларини ишдан бўшатиш тавсиясини берди. Шунингдек, у оилавий кредитлар ҳисобидан техника ва маҳсулотлар харид қилиш тизимини ҳам танқид қилди.
Марказий банк раҳбари давлат банкларини хусусийлаштириш нега кечиктирилаётгани ҳақида гапириб, «бу нафақат бизнинг хоҳишимизга, балки хорижий инвесторларнинг ишончига ҳам боғлиқ», деб таъкидлади. Ўтган йилги геосиёсий инқироз инвесторларнинг постсовет мамлакатлари бозорига киришини қийинлаштирган.
Фарғонада телефонига жавоб бермагани учун Yandex ҳайдовчиси машинасининг ойналарини тош билан синдирган эркакка жиноят иши қўзғатилди ва гумонланувчи ушланди. Ушбу воқеага гувоҳ бўлиб, бирор чора кўрмаган ИИБ ходимларига хизмат текшируви тайинланди.
Самарқандда сув омборида чўкиб кетган 4 нафар йигит, мамлакатдаги уй-жой нархлари, яна қимматлаган Аи-92 бензини нархи, Бухорода ўқишга киритиб қўйиш учун пора, Тошкентдаги мактабда чиққан ёнғин, одамларнинг ўртача маоши таҳлили ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Президентнинг Тошкент вилоятида ўтказган йиғилишида Наманган шаҳри ва 15 та туман ҳокимининг 16 нафар биринчи ўринбосари ҳам лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Бунга ушбу ҳудудларда қашшоқлик даражаси юқорилиги сабаб қилиб кўрсатилди.
Президент 26 та солиқ инспекцияси раҳбарлари, иккита вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғини ишдан бўшатиш, шунингдек, Солиқ қўмитаси раис ўринбосарларига ҳайфсан эълон қилиш ҳақида топшириқ берди. Солиқ идоралари қўшимча манба излаш ўрнига «эски замон касалига берилиб кетишди», деди у.
Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркорга муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган солиқ ходими бириктирилади, дея маълум қилди президент. 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботларни тақдим этмайди, 2024 йилдан эса кичик бизнес субъектлари электрон ҳисобот тизимига ўтади.
Президент Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Қибрай ва Янгийўл туманлари ҳокимлари ҳамда ушбу туманларнинг 4 та сектор раҳбарларини ишдан олишга кўрсатма берди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг саноат ва инвестицияларга ҳамда қурилишга масъул ўринбосарларига ҳайфсан эълон қилинди.
Ангренда олти кунлик иш ҳафтасига қарши бўлган текстиль фабрикаси ходимлари йўлни тўсиб қўйди. Маҳаллий ҳокимият органларининг аралашувидан кейин вазият ходимлар фойдасига ҳал қилинди.
Ўзбекистон президенти «Қишлоқ қурилиш банк», «Асакабанк», «Алоқабанк», «Агробанк» ва бошқаларни хусусийлаштириш ҳамда акциялари IPO`сини кечроқ муддатга қолдирди. Тўлиқ хусусийлаштириш режалаштирилган «Ўзсаноатқурилишбанк»даги давлат улуши 2024 йил охиригача 50 фоизга камайтирилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг