Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийлари қўшма UZAZ-2023 компьютер қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ўтказди.
Ҳукумат қарори билан Термиз давлат педагогика институтига Азизбек Хасанов ректор бўлди. Урганч давлат педагогика институтини эса Феруза Мадрахимова бошқаради.
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида 27 июль кунги йиғилишда Марғилон шаҳри ҳокими Адҳам Зиявитдиновни ишдан олганди. Аммо ҳоким 28 июлда ёрдамчиси ва котибни рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди, ҳужжат кейинчалик яшириб қўйилди. Ҳокимлик фармойишни вилоят прокуратураси ўрганаётганини билдирди.
Шанба куни Каттақўрғон сув омборида қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 7 нафар йигитдан 4 нафари чўкиб кетди. Ҳозиргача бир йигитнинг мурдаси топилган, қолганлари қидирилмоқда. Ҳолатга йигитларнинг фотосуратга тушиш мақсадида тартибсиз ҳаракатлар қилгани сабаб бўлган.
МҲТИ экспертларининг уй-жой нархлари бўйича ўтказган таҳлил натижаларига кўра, ҳар бир квадрат метр учун энг арзон уй Қорақалпоғистонда ($390,1), энг қиммати эса Тошкент шаҳрида ($1251) қайд этилди. Бир йил ичида янги уй нархи ўртача 44 фоизга, иккиламчи бозордаги эса ўртача 33 фоизга қимматлашди.
Тошкент шаҳри марказидаги 50-мактабда ёнғин содир бўлди. Унинг майдони 10 квадрат метрни ташкил этди. Қурбонлар йўқ, деб хабар берди ФВВ.
Статистика агентлигининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда январь-июнь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 4,3 млн сўмни ташкил этган. Иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (7 миллион сўм), Навоий вилояти (5,6 миллион сўм) ва Тошкент вилоятида (4,3 миллион сўм) кузатилган.
Шофиркон туманида 2 шахс фуқарони юқори ваколатли танишлари орқали жамоат саломатлик техникумига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 1000 доллар олганликда гумонланмоқда. Ҳолат тергов остида.
Зияуатдин Заитов Нукус тумани ҳокими этиб тасдиқланди. У бунгача Чимбой тумани ИИБ бошлиғи, Қўнғирот тумани ҳокими, Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. Ўтган йилнинг июль воқеалари вақтида Нукус шаҳри ИИБни бошқарган.
1 сентябрдан юридик шахс мақомига эга бўлган Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил қилинади. 2024/2025 ўқув йилидан марказда оториноларингология ихтисослиги бўйича кадрларни клиник ординатура орқали тайёрлаш ташкил қилинади.
Тамаки назорати соҳасида ижобий ўзгаришлар бор, аммо унинг истеъмоли «жамоат саломатлиги учун асосий таҳдидлардан бири» бўлиб қолмоқда, дейилади ЖССТ ҳисоботида. Ҳар йили дунёда 1,3 миллионга яқин одам пассив чекиш (тамаки тутуни) қурбони бўляпти.
Фарғона шаҳрида эркак телефонига жавоб бермаган Yandex ҳайдовчиси машинасининг ойналарини тош билан синдирди. 22 ёшли ҳайдовчи буюртмачининг манзилига келганида телефони ўчиб қолган ва у билан боғланолмаган. Машинага етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича экспертиза тайинланди.
Тижорат банклари 2 август куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 575−11 630 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 670−11 690 сўм.
Москвага дронлар ҳужумидан сўнг «Туркманистон» авиакомпанияси Россия пойтахтига парвозларни тўхтатди. Қарор «парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хавфни баҳолаш» асосида қабул қилинган.
«Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-92 бензинига чегирмалар якунланди. Унинг бир литри энди 7500 сўм эмас, 8600 сўмни ташкил этмоқда.
Сенатнинг 4 августдаги ялпи мажлисида «Адвокатура тўғрисида», «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида», «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини яхшилашга оид қонунларга ўзгартириш киритиш кўриб чиқилади.
1 августдан кучга кирадиган ўзгаришлар, тест синовларидан чиққан абитуриентлар, пора билан ушланган санъат ва маданият институти бўлим бошлиғи, блогер Абдуқодир Мўминовнинг суд иши тафсилотлари, июль ойида 9 фоиздан пастга тушган йиллик инфляция ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплексидаги «оғир вазият» туфайли деярли барча ҳудудларда куннинг маълум вақтларида электр энергиясини узишга тўғри келмоқда, деяб хабар қилди Энергетика вазирлиги. Чекловлар таъмирлаш ишлари, йирик аварияларнинг олдини олиш ва бошқа омиллар билан изоҳланди.
Россия рублининг қадрсизланиши Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмига, шунингдек, ўзбекистонлик экспортёрлар даромадига салбий таъсир қилади, дея маълум қилди Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов.
Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқулов 77 ёшида вафот этди. «Оламни асранг», «Раъно», «Сой кўрдим», «Ажаб сирлар» сингари юзлаб қўшиқлар ижрочиси бўлган санъаткор 1987 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, 2020 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг