Ўзбекистон бўйлаб кутилаётган жала ёмғирлари, ўз жонига қасд қилган Бахмал тумани бош архитектори, бошқа вақтга қолдирилган «ЖАРА» фестивали, Ўзбекистонда юқорилигича қолаётган озиқ-овқат инфляцияси, Урганчда ҳимояга олинган меҳрибонлик уйидаги 3 қиз ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Қозоғистон бензин ва дизель ёқилғиси учун маржинал нархларни ошириш ниятида. Мамлакат энергетика вазири Болат Акчулаков жорий нархлар сақланиб қолса, «арзон қозоқ дизель ёқилғиси четга, жумладан, нархлар икки баравар юқори бўлган Ўзбекистонга чиқиб кетишини» таъкидлади.
Uzinfocom RIPE NCC интернет-регистратори билан Ўзбекистонда DNS (K-Root) илдиз серверини ишга тушириш бўйича келишувга эришди. АКТ вазирлиги маълумотларига кўра, у қидириш тизими ва интернет ишининг яхшиланишига хизмат қилади.
Тошкентдаги Британия менежмент университети барқарор ривожланиш соҳасидаги энг яхши мактаб бизнес-лойиҳаларини тақдирлади.
Ўзбекистон Олий судига Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлганликда айбдор деб топилган вилоят Адлия бошқармаси ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ раҳбарларига нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси протести келиб тушди.
Таэквондо WТ бўйича «Катта дубулға» мусобақасида ўзбекистонлик таэквондочилар 2 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Токио олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов ва Жасур Жайсунов турнир ғолибига айланди. Светлана Осиповада эса бронза медали бор.
Жиззах вилояти Бахмал тумани бош архитектори вафоти муносабати билан «Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ўлим юзасидан хизмат текширувлари тайинланди.
Ўзгидромет 2 апрель куни Тошкентда деярли уч соат давом этган ёмғир миқдори турли ҳудудларда 10 миллиметрдан 33 миллиметргача бўлганини маълум қилди. Дўлнинг диаметри 11 миллиметрга етди. Кунлик ёғингарчиликнинг мутлақ рекорди (65 мм) 1990 йил 8 апрелда қайд этилган. Апрель ойининг нормаси 63 мм.
Якшанба куни кучли ёғингарчилик пайтида Тошкентнинг Бобур кўчасида жойлашган турар жой биносида иккита балкон қулаб тушди. «Газета.uz» мухбирлари воқеа жойига бориб, эҳтимолий оқибатлар бўйича аҳоли билан суҳбатлашди.
Республиканинг деярли барча ҳудудларида 3 апрель куни соат 20:00 дан 23:00 га қадар жала ёмғирлари ёғиши кутилмоқда.
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази Испаниянинг «Laboratorio Miquel» ишлаб чиқарувчисига тегишли «Tutukon neo» дорисини Ўзбекистондаги фармацевтика бозоридан қайтариб олди.
Март ойида инфляция даражаси 1,01%ни ташкил этди, бу 2022 йилнинг шу ойидагидан паст, лекин 2021 йилдагидан кўп. Сут нархининг ошиши давом этди, шакар 4,7%га, гуруч 4,6%га қимматлади. Мева-сабзавотлардан қовоқ, помидор ва карам энг қимматлаган маҳсулот бўлди. Тошкентда палов нархи 4,5%га ошди.
20−21 май Тошкентда бўлиб ўтиши айтилган «ЖАРА» мусиқа фестивали бошқа вақтга кўчирилиши мумкин, дея «Газета.uz»га тадбир тарғиботчилари хабар бермоқда. iTicket сайти чипталар савдосини тўхтатди, фестивалнинг Instagram`даги саҳифаси блокланди. Аввалроқ тадбир Боку ва Алматада бекор қилинганди.
Президент қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланади. Шунингдек, Касби туманида сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва фойдаланувчиларга сув етказиб бериш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилади.
Ҳафта давомида Ўзбекистоннинг катта қисмида ёмғир ёғиши прогноз қилинмоқда. Айрим жойларда шамол кучайиб, чанг-тўзонлар, дўл ёғиши кузатилади. Ҳарорат +15…+23 даража атрофида бўлади.
Ҳокимлик қарорлари эълон қилинадиган E-Qaror порталида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси лойиҳасини тарғиб этиш бўйича гуруҳлар тузиш тўғрисидаги ҳокимлар қарорлари беркитилди, бу ҳақдаги Тошкент шаҳри ҳокими в.б.нинг қарори эса ўчириб ташланган.
Фермерлар кенгаши рўзадор фермерларни сув ичишга мажбурлагани айтилган Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Бош прокуратурага мурожаат йўллади. БП матбуот хизмати ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Болгарияда ўтган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг 2-босқичида Тахмина Икромова 1 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди. У Грецияда ўтган 1-босқичда кумуш медални олганди. Мусобақанинг 3-босқичи Тошкентда бўлади.
Тижорат банклари 3 апрель куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 280 — 11 400 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 420 — 11 460 сўм.
2 апрелда Тошкентда кучли ёғингарчилик кузатилиб, шаҳар кўчалари, туннеллар ва ҳатто метро бекатларини сув босди. Ҳокимлик ҳолатга муносабат билдириб, буни «лотоклар бир пайтнинг ўзида бундай катта оқимни қабул қилишга мўлжалланмагани» билан изоҳлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг