Олий Мажлис Сенатининг расмий сайтига хакерлик ҳужуми уюштирган 16 ёшли ўсмир ва унинг шериклари жиноий жавобгарликка тортилади. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 278−2-моддаси 2-қисми «а» банди (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Метронинг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишидаги 7-бекат 21 ноябрдан 6 декабрга қадар ёпилади. Бу вақтда йўл ўтказгичининг ер устки қисмида демонтаж ишлари амалга оширилади. Йўловчилар учун 6 ва 7-бекат оралиғида автобус ҳаракати йўлга қўйилади.
Божхона қўмитаси ҳузурида «Божхона-сервис» давлат муассасаси ташкил этилди. Тузилма декларация хизматларини кўрсатади, шунингдек, божхона органлари томонидан олиб қўйилган товарларни сотиш билан ҳам шуғулланади.
Ўзбекистон туманидаги яширин цехда қалбаки ёғ маҳсулотларини қадоқлаш фаолияти билан шуғулланиб келганлар аниқланди. У ердан 1,8 тонна истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров энергетикада монополия тугамаса, аҳолини газ ва электр билан таъминлашда сифат ўзгармаслигини айтди. «Муаммо — бошқарув ва таъминот тизимининг эскирганида» — деди у. Аввалроқ вазир ўринбосари узилишлар сабабини ёқилғи етишмаслиги билан изоҳлаганди.
Ўтган 9 ой давомида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми қарийб 190 трлн сўмни ташкил этди. Инвестицион фаоллик Сирдарё (127,6%), Самарқанд (122,5%) ва Қорақалпоғистонда (118,9%) қайд этилган бўлса, Бухоро (98,5%), Қашқадарё (96%) ва Тошкент шаҳрида (97,6%) нисбатан пасайиш кузатилди.
Ўзи ва шерикларининг жами 24 млн сўм миқдоридаги маблағларини «молиявий жиҳод» сифатида халқаро пул ўтказмалари орқали Суриядаги жангариларга юборган шахс жавобгарликка тортилди.
Салкам икки йил Қарши туманига раҳбарлик қилган Мақсуда Мустафоева мактабда иш бошлади. Собиқ ҳоким 16 ноябрь куни Қаршидаги 11-мактабга директор этиб тайинланган. У ҳокимлигида бир неча можароли ишлар иштирокчиси сифатида оммага танилганди.
12 ноябрь куни Риштон туманида отасининг аҳволи ёмонлашгани сабаб тез ёрдамга мурожаат қилган шахслар бемор шифохонага олиб кетилаётганда вафот этгани учун тиббиёт ходимини катлаклагани айтилмоқда. Туман ИИБ ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатди.
Марказий банк долларнинг расмий курсини 11 170,65 сўм этиб белгилади. Тижорат банклари ҳам долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича янги қийматини эълон қилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни Чимёнда қор кўчиши хавфидан огоҳлантирди. Эҳтиёт чораларини кўриш билан бирга «Диққат! Қор кўчкиси хавфи мавжуд» белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўради.
Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси 18 ноябрь куни чақирилади. Унда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий битимни ратификация қилиш ҳамда маҳкумлар ҳуқуқлари борасидаги қатор қонунлар кўриб чиқилади. Қолаверса, давлат бюджети ижроси юзасидан ҳукумат ҳисоботи эшитилади.
16 ноябрь кунидан бошлаб пойтахтдаги кўчаларни ёритиш тармоқлари «вақтинча электр энергияси истеъмолини чеклаш режими»га ўтказилади.
Президент Ўзбекистонда киберспорт турларини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унга кўра, инфратузилмани ривожлантириш, спортчи ва мураббийларни тайёрлаш, турнирлар ўтказиш, шунингдек, киберспорт ҳақида жамоатчиликда ижобий фикрни шакллантириш режалаштирилган.
Air Arabia келгуси йилда Абу-Даби таянч аэропортидаги лоукостерлар сонини 2 бараварга кўпайтирмоқчи. Шунга мувофиқ, компания Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига мунтазам парвозлар йўлга қўйиши мумкин. Келгусида эса Абу-Даби — Тошкент ўртасидаги қатновлар сонини ҳафтасига 7 мартагача ошириш кутилмоқда.
«Лукойл» ва Saneg билан тузилган шартнома шартлари газ танқислигига сабабчи эмас, деди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев. У Ўзбекистон газ ва электр энергияси экспортини деярли бутунлай тўхтатгани, яқин кунларда узилишлар билан боғлиқ муаммолар 80 фоизга ҳал бўлишини таъкидлади.
Эрта ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълим бўйича Бутунжаҳон конференцияси якунлари бўйича ЮНЕСКОнинг Тошкент декларацияси қабул қилинди. Унинг асосий тамойиллари ўқув дастурлари сифатини ошириш, инклюзив таълим ва фавқулодда вазиятларда таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш кабилардан иборат.
Uzbekistan Airports бошқаруви раиси буйруғи билан Гаипов Суннатилла «Урганч» халқаро аэропорти директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бунга қадар у Амритсарда авиаташувчи вакил ва Деҳлида вакил ёрдамчиси бўлиб фаолият юритган.
Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси Анвар Умаровга бошқарма «балансида бўлган техниклардан самарали фойдаланмагани ва ишда йўл қўяётган камчиликлари» учун ҳайфсан берди.
13 ноябрь куни Хоразмда ижарада турган икки йигит, орадан икки кун ўтиб Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг