Шавкат Мирзиёев президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг 1-ялпи мажлисида қонун устуворлиги, банк-молия, хусусийлаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш, рақамлаштириш ва яшил иқтисодиёт соҳаларига чел эллик сармоядорлар ва тадбиркорларни ҳамкорлик қилишга чақирди.
Январь-октябрь ойларида Тошкент вилоятида жами 310 кг гиёҳванд моддаларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Шундан 70,1 кгми ўтган ойда мусодара қилинди.
ДХХ томонидан «Сирдарё сув таъминоти» компаниясининг Гулистон шаҳридаги назоратчи-инспектори фуқаронинг ичимлик сувидан 3,7 млн сўмлик қарздорлигини ёпиб бериш эвазига 1,7 млн сўм олган вақтда ушланди.
Бухоро шаҳридаги 4-мактабда дарс вақтида синфдаги барча ўқувчиларни калтаклаган ўқитувчи ўз аризаси билан ишдан бўшатилди. Ҳолат бўйича ўрганиш ишлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида давом этмоқда.
Сариосиё туманида ўлик бўрини дарахтга осиб қўйиб, терисини шилаётганлар видеоси тарқалди. Айбдор топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланди.
Наманган шаҳрида президентнинг Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида шоирнинг ҳайкали ўрнатилди. Қарорда, шунингдек, Тошкент ва Намангандаги кўчаларга Усмон Носир номини бериш ҳам кўрсатиб ўтилган.
Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Томонлар давлат-хусусий шериклик механизмлари, «яшил» тараққиёт каби йўналишлар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Самарқандда банк бошқарувчиларининг йиллик йиғилишини ўтказиш муҳокама қилинди.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев электр энергиясидаги узилишларнинг сабабини станцияларда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслиги билан изоҳлади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда мавжуд электрнинг 85 фоизи табиий газ воситасида ишлаб чиқарилади.
Тармоқлардаги «одоб-ахлоқ қоидаларига зид ва фуқароларнинг даъволарига сабаб бўлган» видео ва фотосуратлари сабаб қамалган инста-блогер апелляциядан сўнг озод қилинди. Тошкент шаҳар судининг ажрими билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси 4 суткага ўзгартирилди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов Адлия вазирлигига раҳбар бўлди. У шу кунларда президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Русланбек Давлетовнинг ўрнини эгаллади.
Деҳқонобод тумани ҳокими ёрдамчиси тадбиркорлар билан кредит маблағларини ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳоким ёрдамчисига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкент вилоятидан ўтган М-39 автомобиль йўлида Nexia-2 «КамАЗ» билан тўқнашди. Зарб оқибатида Nexia-2 ёниб кетди.
16 ноябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курси 11 170,65 сўм этиб белгилади. Тижорат банклари ҳам долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича янги қийматини эълон қилди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева Шарм ал-Шайхда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича конференцияси (COP27)да нутқ сўзлади. У Минтақавий иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди ва Ўзбекистон «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришишни мақсад қилганини таъкидлади.
Тармоқларда Термиздаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат ўтаётган қаршилик йигит вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Мудофаа вазирлиги унинг соғлигидаги шикоят учун клиник госпиталга ётқизилгани ва операциядан сўнг йигитда биологик ўлим қайд этилганини маълум қилди.
Россия Ўзбекистондан қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноатга ташкилий тарзда ёллаш орқали жалб қилинган меҳнат муҳожирлари сонига чеклов, шунингдек, мажбурий эмлаш талабини олиб ташлади.
Пойтахтнинг Чилонзор ва Яккасарой туманлари, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида қарийб 4,4 тонна истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини сақлаш ва сотишга уриниш ҳолатлари аниқланди.
Қирғизистон Ўзбекистонга Сўх анклавига алоҳида коридор ажратмайди, бироқ давлатлар чегарадан ўтиш тартибини соддалаштиришга келишиб олди, дея маълум қилди бош вазир Абдулла Арипов. Хусусан, ID-карталар билан (паспортсиз) ҳаракатланиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.
АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Владимир Норов унга янги лавозимида муваффақиятлар тилади.
Президент 2016 йил декабрдан буён фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Турсинхан Худайбергеновни ўзининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари буйича маслаҳатчиси этиб тайинлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг