Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни Чимёнда қор кўчиши хавфидан огоҳлантирди. Эҳтиёт чораларини кўриш билан бирга «Диққат! Қор кўчкиси хавфи мавжуд» белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўради.
Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси 18 ноябрь куни чақирилади. Унда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий битимни ратификация қилиш ҳамда маҳкумлар ҳуқуқлари борасидаги қатор қонунлар кўриб чиқилади. Қолаверса, давлат бюджети ижроси юзасидан ҳукумат ҳисоботи эшитилади.
16 ноябрь кунидан бошлаб пойтахтдаги кўчаларни ёритиш тармоқлари «вақтинча электр энергияси истеъмолини чеклаш режими»га ўтказилади.
Президент Ўзбекистонда киберспорт турларини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унга кўра, инфратузилмани ривожлантириш, спортчи ва мураббийларни тайёрлаш, турнирлар ўтказиш, шунингдек, киберспорт ҳақида жамоатчиликда ижобий фикрни шакллантириш режалаштирилган.
Air Arabia келгуси йилда Абу-Даби таянч аэропортидаги лоукостерлар сонини 2 бараварга кўпайтирмоқчи. Шунга мувофиқ, компания Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига мунтазам парвозлар йўлга қўйиши мумкин. Келгусида эса Абу-Даби — Тошкент ўртасидаги қатновлар сонини ҳафтасига 7 мартагача ошириш кутилмоқда.
«Лукойл» ва Saneg билан тузилган шартнома шартлари газ танқислигига сабабчи эмас, деди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев. У Ўзбекистон газ ва электр энергияси экспортини деярли бутунлай тўхтатгани, яқин кунларда узилишлар билан боғлиқ муаммолар 80 фоизга ҳал бўлишини таъкидлади.
Эрта ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълим бўйича Бутунжаҳон конференцияси якунлари бўйича ЮНЕСКОнинг Тошкент декларацияси қабул қилинди. Унинг асосий тамойиллари ўқув дастурлари сифатини ошириш, инклюзив таълим ва фавқулодда вазиятларда таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш кабилардан иборат.
Uzbekistan Airports бошқаруви раиси буйруғи билан Гаипов Суннатилла «Урганч» халқаро аэропорти директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бунга қадар у Амритсарда авиаташувчи вакил ва Деҳлида вакил ёрдамчиси бўлиб фаолият юритган.
Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси Анвар Умаровга бошқарма «балансида бўлган техниклардан самарали фойдаланмагани ва ишда йўл қўяётган камчиликлари» учун ҳайфсан берди.
13 ноябрь куни Хоразмда ижарада турган икки йигит, орадан икки кун ўтиб Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Шавкат Мирзиёев президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг 1-ялпи мажлисида қонун устуворлиги, банк-молия, хусусийлаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш, рақамлаштириш ва яшил иқтисодиёт соҳаларига чел эллик сармоядорлар ва тадбиркорларни ҳамкорлик қилишга чақирди.
Январь-октябрь ойларида Тошкент вилоятида жами 310 кг гиёҳванд моддаларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Шундан 70,1 кгми ўтган ойда мусодара қилинди.
ДХХ томонидан «Сирдарё сув таъминоти» компаниясининг Гулистон шаҳридаги назоратчи-инспектори фуқаронинг ичимлик сувидан 3,7 млн сўмлик қарздорлигини ёпиб бериш эвазига 1,7 млн сўм олган вақтда ушланди.
Бухоро шаҳридаги 4-мактабда дарс вақтида синфдаги барча ўқувчиларни калтаклаган ўқитувчи ўз аризаси билан ишдан бўшатилди. Ҳолат бўйича ўрганиш ишлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида давом этмоқда.
Сариосиё туманида ўлик бўрини дарахтга осиб қўйиб, терисини шилаётганлар видеоси тарқалди. Айбдор топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланди.
Наманган шаҳрида президентнинг Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида шоирнинг ҳайкали ўрнатилди. Қарорда, шунингдек, Тошкент ва Намангандаги кўчаларга Усмон Носир номини бериш ҳам кўрсатиб ўтилган.
Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Томонлар давлат-хусусий шериклик механизмлари, «яшил» тараққиёт каби йўналишлар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Самарқандда банк бошқарувчиларининг йиллик йиғилишини ўтказиш муҳокама қилинди.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев электр энергиясидаги узилишларнинг сабабини станцияларда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслиги билан изоҳлади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда мавжуд электрнинг 85 фоизи табиий газ воситасида ишлаб чиқарилади.
Тармоқлардаги «одоб-ахлоқ қоидаларига зид ва фуқароларнинг даъволарига сабаб бўлган» видео ва фотосуратлари сабаб қамалган инста-блогер апелляциядан сўнг озод қилинди. Тошкент шаҳар судининг ажрими билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси 4 суткага ўзгартирилди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов Адлия вазирлигига раҳбар бўлди. У шу кунларда президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Русланбек Давлетовнинг ўрнини эгаллади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг